Ҳизбут Таҳрир – Сурия вилояти матбуот бўлимининг вакили устоз Иброҳим Аҳмад Абдулваҳҳоб Суриядаги мухолифатнинг аҳволи ва ўтган ёзда эълон қилинган Халифалик давлати ҳақида “Анадўли” ахборот агентлигига интервью берди. Устоз Абдулваҳҳобнинг таъкидлашича, Халифалик давлатини тиклаш осон иш эмас. Унинг ўзига яраша шартлари ва унсурлари бор.
“Халифалик шартларининг бажарилиши ва асосий унсурларининг рўёбга чиқарилиши лозимдир. Акс ҳолда, ҳозирда эълон қилингани каби ҳар қандай гуруҳлар тўғри келган жойда Халифалик давлатини эълон қилиб олаверади. ИШИД эълон қилган Ислом давлати назорати остидаги минтақаларда Исломнинг татбиқ қилинишига назар ташланса, оддий гуруҳлар Исломни ўз билганича татбиқ қилаётгани маълум бўлади” деди устоз Абдулваҳҳоб “Анадўли” ахборот агентлигига.
Шунингдек устоз ўз интервьюсида Сурияда Асад режимига қарши курашаётган мухолифатчи гуруҳларга ҳам эътиборни тортди. Устознинг очиқлашича Ҳизбут Таҳрирнинг қуролли қаноти йўқ. Аммо бундан “Ҳизб жиҳодни инкор қилади ва жиҳод бўлаётган жойни ташлаб чиқиб кетади” деган маъно чиқмайди. Балки Ҳизб барча жиҳодий гуруҳлар билан тиғиз алоқага эгадир.
“Суриядаги барча мухолифатчи гуруҳлар билан алоқадамиз. Аммо бу гуруҳлар сиёсий бир лойиҳадан маҳрумдирлар. Ҳолбуки, Ғарбга қарши тура оладиган ва Асад режимини қулатадиган бир лойиҳага эга бўлиш лозимдир”, деди устоз.
Мухолифатчи гуруҳларнинг “Сурия озод армияси” ва “Исломий гуруҳлар”, дея синфларга бўлинишларига қарши эканлигини урғулаган устоз Абдулваҳҳоб “бу мухолифатчи гуруҳларнинг ўртасини бўлиш мақсадида Ғарб тарафидан уларга қўйилган номлардир. Ғарб бу билан баъзи гуруҳларни экстримизм ва радикализм билан айблаб террорга боғлиқ қилиб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда”, дея урғулади.