Давлат измидан чиқа олмайдиган Ўзбекистондаги расмий нашрларда берилаётган маълумот ва хабарлар воқега умуман мос келмаслиги билан ўқиган одамнинг энсасини қотиради. Шундай хабарлардан бири 27 октябр куни “Uza.uz” томонидан чоп этилди. Мазкур хабарда жумладан шундай дейилади, – Давлатимиз раҳбарининг шу йил 27 июндаги Республика иқтисодиёти тармоқларини 2014-2015 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида вилоят бўйича 935 кўпқаватли уй, 235 қозонхона, 138 қозон, 6 минг 600 километрдан зиёд ичимлик суви қувури, табиий газ ва электр тармоқлари мукаммал ва жорий таъмирдан чиқарилди.
Фарғона, Марғилон, Қўқон ва Қувасой шаҳарларидаги 18 бошқарув сервис компанияси ва 229 хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўпқаватли уйларда 15 миллиард сўмликдан ортиқ ички коммуникация тармоқлари таъмирланди. Аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларига шу кунга қадар 93,5 минг тоннадан зиёд кўмир ёқилғиси етказиб берилди. Айни кунда бу борадаги ишлар давом этмоқда. 270 ижтимоий соҳа муассасаларига 639 та янги қозон ўрнатилди.
– Маҳалла фуқаролар йиғини, ташкилот ва корхоналарда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари авжида, – дейди Тошлоқ тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров. – Мутасадди идоралар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирокида ўтказилган йиғилишда ўтган куз-қиш мавсумида йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, жорий мавсумдаги вазифалар белгилаб олинди.
Ижтимоий объектлар, жумладан, 49 умумтаълим мактаби, 19 мактабгача таълим муассасаси, 6 касб-ҳунар коллежи, марказий шифохона ҳамда 17 қишлоқ врачлик пунктида тайёргарлик ишлари якунига етказилмоқда.
Куз-қиш мавсумида аҳолини табиий газ, иссиқлик ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш энг муҳим вазифалардандир. Ушбу тармоқларда аҳоли эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 4,5 километр табиий газ тармоғи тортилиб, 33,8 километр электр тармоғи мукаммал таъмирдан чиқарилди…
Ҳаётда эса чоп этилган хабарни умуман тескариси ҳукм сурмоқда. Узлуксиз газ ва электр таъминоти ўзбекистонликлар учун узой йиллардан бери ушалмас армон бўлиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Нафақат чекка қишлоқ ёки вилоят марказлари, хатто пойтахт Тошкент шаҳри ҳам биринчи қор ёғиши ортидан қишга тайёр эмаслиги маълум бўлди. Расмий нашрлар эса ҳеч уялмай фақатгина юқорини рози қилувчи маълумотлар тарқатишдан зерикишмайди.
Халқ ичида, “жаннатни кўрмоқчи бўлсанг, Ўзбекистон телевидениясини кўр, дўзахни кўрмоқчи бўлсанг, Ўзбекистонда яша”, деган сўз бежизга пайдо бўлмаган-да ахир.