Қирғизистон республикаси энергетика ва саноат вазири вазифасини бажарувчи Қубанчбек Турдибаев 16 октябр куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида, электр энергиясини режали ўчиришни жорий этишни таклиф қилди.
“Сувни ва электр энергиясини тежашимиз зарур, акс ҳолда бутун тизимни барбод қиламиз. Шунинг учун электр энергиясини биринчи босқичда тунлари, иккинчи босқичда эса, кечқурунлари режали ўчиришни жорий этишни таклиф қиламиз. Режали ўчиришлар ҳисобига 1,2 миллиард кВт/соат электр энергиясини тежаб қолиш мумкин бўлади”, – деди Турдибаев.
Унинг сўзларига кўра, иситиш мавсумидан муваффақиятли ўтиш учун республикага қўшимча 2,3 миллиард кВт/соат электр энергияси керак бўлади. “Маиший истеъмолчилар учун 700 кВт/соатгача электр нархини 70 тийин (1,3 цент) қилиб қолдиришни таклиф қиламиз. Электр энергиясидаги тақчиллик сабабли шундай қилишга мажбурмиз. Ё светни ўчирамиз, ёки сотиб оламиз. Шунинг учун биз 700 кВт/соатдан ортиқ ишлатилган электр энергияси учун нархларни оширишни ва шу билан бирга уч фазали электрқазонларни узмасликни ҳамда уч фазали ва бир фазалилар учун ягона тариф жорий қилишни таклиф қиламиз”.
Турдибаевнинг маълум қилишича, энергетика вазирлиги электр энергиясини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. “Туркманистон билан музокаралар олиб борилмоқда, 1 ноябр куни у ёққа йирик делегация жўнаб кетади. Музокараларнинг дастлабки босқичи муваффақиятли ўтди, аммо бу бу лойиҳани амалга ошириш учун биз электр энергиясини Ўзбекистон орқали олиб ўтишимиз керак бўлади. Дастлабки ҳисобларга кўра, Туркманистон бир кВт/соат электр энергиясини 2,5-2,7 центдан сотишга тайёр, бунга Ўзбекистон орқали олиб ўтганимиз учун транзит ҳақи ҳам қўшилади. Аммо бу ҳозирча якуний ҳисоб эмас. Шунингдек Қозоғистон ва Россиядан ҳам электр сотиб олиш йўллари кўриб чиқилмоқда”, – деди Турдибаев.
Туркистон:
Энергетика вазири вазифасини бажарувчи Қубанчбек Турдибаев элекрт энергиясини режали ўчиришни таклиф қилишга бироз кечиккан кўринади. Чунки, республиканинг жанубий вилоятларида электр энергиясига чеклов киритилганига анча вақт бўлди.
Ўш вилоятидаги шаҳар ва қишлоқларида суткасига 8-9 соатлаб светни ўчириш одатий ҳолга айланиб бўлди. Аҳоли нафақат свет танқислиги, балки ичимлик суви етишмаслигидан ҳам азият чекмоқда. Бунинг сабаби свет ўчиши ортидан одатда электр қуввати билан ишлайдиган сув насослари ҳам тўхтаб, одамлар пулга ичимлик суви сотиб олишга ҳам мажбур бўлишмоқда.