Туркия бош вазири Аҳмад Довутўғли Туркиянинг АҚШ режасига кўра ҳаракатланиши ҳақида CNN телеканалига интервью берди. АҚШ Асад режимини эмас, фақат ИШИДни нишонга олаётгани ҳақида берилган саволга Довутўғли “АҚШнинг Сурияга уюштирган ҳужумлари зарурий иш, аммо бу етарли эмас. ИШИДнинг олдига тўсиқ қуйиш учун ҳаво ҳужумлари ҳам керак албатта, аммо бирлашиб бир стротергия билан иш тутмасак нима бўлади, биласизми? ИШИДни мағлуб қилганимиздан сўнг унинг ўрнини бошқа бир гуруҳ эгаллаши мумкин”, дея жавоб берди.
Аҳмад Давутўғли Сурияда радикал (демократик бошқарувни қабул қилмайдиган) гуруҳлар кучайгани ҳақида ва мўътадил (демократик бошқарувни ёқлайдиган) мухолифатга дастак бериш кераклиги ҳақида Ғарбни бир неча маротаба огоҳлантирганини айтиб ўтди.
“Европалик ва АҚШлик ҳамкорларимиз билан Сурияда радикализмнинг ривожланиб бораётгани ҳақида бир неча бора гаплашдик ва уларни бунинг хатаридан огоҳлантирдик. Фақатгина АҚШни эмас, барча давлатларни огоҳлантирдик. Бўрон яқинлашиб келаётгани ва нимадир қилиш кераклигини айтдик”, деди у.
Сурия мухолифатига доир саволга Довутўғли “Иттифақдошларимиз ва БМТ хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари бизнинг тавсияларимизни инобатга олиб, мўътадил (демократик бошқарувни ёқлайдиган) мухолифатни дастаклаганларида, бугун бундай инқирозга дуч келмас эдик. Афсуслар бўлсинки, Суриянинг дўстлари мўътадил мухолифатни дастакламади. Биз мўътадил мухолифат ва миллий коалицияга дастак берганлигимизни яширмаймиз”, деб жавоб берди.
Довутўғли сўзи давомида тузилган коалициянинг вазифаси биргина ташкилотни йўқ қилиш эмас, балки ундан ташқари келажакдаги барча “террор” таҳдидларини бартараф қилиш учун қаратилиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек Довут ўғли Туркия армиясининг қуриқликдан амалиётни бошлаши мумкинлигини билдириб, бунинг учун тузилган режалар Асад режимини қулатишни ҳам ўз ичига олиши кераклигини урғулади.
“Айтайлик, ИШИДни мағлуб қилдик – бу қийин иш, аммо амалга оширамиз – эртаси кун Асад режими Ҳалаб ёки ҳаво ҳужумларини уюштиради ва жуда катта инсоний талофат келтириб чиқаради. Шунинг учун учиш таъқиқланган зона яратишни талаб қиламиз. Бу бизнинг вақтинчалик талабимиз. Чегарамизда хавфсиз бир минтақа ташқил қилишни истаймиз. Агар шундай қилмасак, бу юк Туркия ва бошқа қўшни мамлакатлар зиммасига тушади”, деди Туркия бош вазири.