Бугун, 2 октябр куни Қирғизистон парламенти мамлакатни Божхона иттифоқига қўшилиши бўйича қонун лойиҳасининг биринчи пакетини кўриб чиқди.
Парламент йиғилишда иштирок этган иқтисод вазири Темир Сариев, “Биз Божхона иттифоқига аъзо давлатлар билан божхона тўловларидан Қирғизистонга қанча ажратилиши бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз”, – деди.
Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон ҳар йили божхона тўловларидан 8 миллиард сомга яқин даромад олади. Божхона иттифоқида эса умумий йиғилган тўловлар миқдоридан ҳар бир давлат учун улуш ажратиб қўйилган. Бугунги кунда йиғилган умумий божхона тўловларидан Россия 87,97 фоиз, Белорус 4,7 фоиз, Қозоғистон эса 7,03 фоиз улуш олади.
“Қирғизистон Божхона иттифоқига қўшилганидан сўнг бу тартиб ўзгаради. Ҳозир бизнинг улушимиз қанча бўлиши тўғрисида музокаралар олиб бормоқдамиз. Аммо айтиш мумкинки, Божхона иттифоқига қўшилганимиздан сўнг ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳозиргига қараганда кўпроқ киримга эга бўламиз. Йўқотиш бўлмайди. Бироқ, солиқларни ҳам йиғиш керак бўлади”, – деди иқтисод вазири.
Туркистон: Қирғизистон ҳукумати Божхона иттифоқига аъзо бўлиб кириш эвазига Қирғизистондан борган меҳнат муҳожирларини БИга аъзо давлатлар ҳудудида имтиёзли шартлар асосида бўлиши ҳамда ишлаб чиқариш саноатини ривожлантиришга кўмак кўрсатилишни хоҳламоқда.
Қирғизистон ҳукуматининг бундай талаблари бу ташкилот асосчиси бўлган Россия манфаатларига мос келмагани сабабли расмий Бишкек билан келишув тузишга шошилмай келмоқда. Чунки Россияни БИ ташкил этишдан асосий мақсади бугунги кунда замонавий талабларга жавоб бера олмай қолган ўз махсулотлари учун янги бозор очишдан иборат. Умумий божхона йиғимларидан ажратиладиган улуш қанча бўлишидан қатъий назар бу ердаги асосий эътибор Қирғизистонни иқтисодий мустамлака қилишга қаратилган.