Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг сиёсий маслаҳатчиси Ҳамид Абутолибий собиқ президент Аҳмади Нажот даврида Эрон билан Америка ўртасида махфий учрашувлар бўлиб ўтганлигини очиқлади. Абутолибий ўз баёнотида “Руҳонийнинг сайланишидан хавотирга тушганлар у даврдаги махфий учрашувлардан хабари йўқ”, дея билдирди.
Шунингдек президентнинг сиёсий маслаҳатчиси Абутолибий ўзининг “twitter” саҳифасида ҳам бу ҳақида маълум қилди.
“Аввалги ҳукумат даврида икки давлат ўртасидаги учрашувлар икки йил мобайнида махфий тарзда олиб борилди. Руҳонийнинг учрашувлари шаффоф (очиқ шаклда) ўтказилган пайтда буни эшитганлар тинчсизланиб, эътироз билдира бошлашди”, дея ёзди Абутолибий.
Нью-Йоркда ташкил қилинган БМТ бош ассамблеясига иштирок этган президент Руҳонийнинг учрашувларидан “безовта бўлганлар”га Абутолибий шундай мурожаат қилди:
“Стротегик тадқиқотлар марказида бир неча йиллар юқори даражали йиғинларга иштирок этдим. Бу йиғилишларда ташқи ишларга алоқадор услублар борасида икки танлов устида тортишувлар бўлиб ўтарди. Биринчи танлов қарши кураш, иккинчиси эса ўзаро ҳамкорликдир. Эрон халқи ўтган сайловда ўзаро ҳамкорлик ва иқтисодий юксалиш учун Руҳонийни қўллаб овоз берган эди”.
Абутолибий ҳозирги аср ўтган асрдан фарқли эканлигини урғулаб, ташқи сиёсатдаги ўлчам фақат манфаат эканлигини билдирди.
“Ташқи сиёсатнинг асоси миллий хавфсизлик ва манфаатлардир. Манфаатлар йўлида ҳар қандай қадам ташланиши лозим”, дея таъкидлади сиёсий маслаҳатчи Абутолибий.
Руҳоний ҳукуматига мухолиф гуруҳлар Руҳонийнинг 5+1 давлатлари билан музокараларини “режимни таҳликага қўйиш ва инқилоб муваффақиятларини йўққа чиқариш”, дея баҳолаб, ўз баёнотларида хавотирларини изҳор қилишган эди.