Саудия Арабистонига қарашли “SPA” расмий ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, қирол Абдуллоҳ Жидда шаҳрида хорижий давлатлар элчилари билан учрашиб “терроризм”га қарши курашга жиддий эътибор қаратишга чақирди. Қиролга кўра, агар бепарволик қилинадиган бўлса “терроризм” яқин кунларда АҚШ ва Европага таҳдид солади.
“Терроризм тиним билмай эртаю кеч одамларни қатл этмоқда. Уларнинг қилган ва қиладиган ишларини жиддий эътиборга олмоғингиз лозим. Агар бу нарса эътибордан четда қолдириладиган бўлса, аминманки, бир ойдан кейин Европага, ундан яна бир ой ўтиб Америкага таҳдид туғдира бошлайди”, деди Саудия қироли.
“Террор”га қарши жиддий кураш бошлашга чақирган қирол элчилардан ўзининг гапларини оқизмай-томизмай бошлиқларига етказишни талаб қилди.
“Бу гапларимни бошлиқларингизга охирги ҳарфигача етказишинизни истайман. Чунки террорга қарши фурсатни қўлдан бой бермай, бор куч ва имконият билан қарши курашиш лозим. Мен шу вақтгача кўпчилигингиз улар ҳақида гапирмаётганингизга гувоҳ бўлиб турбман”, дея урғулади у.
Бундан аввал қирол Абдуллоҳ террорга қарши кураш мақсадида БМТнинг “террорга қарши кураш маркази”га 100 миллион доллар берган эди. Бундан хурсанд бўлган БМТ бош котиби Пан Ги Мун эса Женева йиғилиши чоғи Саудия ташқи ишлар вазири Сауд ал-Файсалга ташаккур билдирган эди.