Тожикистон ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, Душанбе шаҳрида сентябр ойида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида хавфсизликни тўла таъминлаш учун Тожикистон ҳукумати имкониятидаги барча чораларни ишга солмоқда.
“2014 йилнинг сентябр ойида Душанбе шаҳрида ШҲТга аъзо давлат раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтади. Бугунги кунда мазкур тадбир бўлиб ўтаётган вақтда хавфсизликни таъминлаш учун барча чораларни кўриш жуда муҳим”, – дейилади хабарда.
19 август куни Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода иш сафари билан Хитойга борган ва Хитой Жамоат хавфсизлиги вазири Го Шенкун билан учрашиб қайтган эди.
Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарда айтилишича, “Тожикистон ички ишлар вазири бўлиб ўтадиган сиёсий тадбир хавфсизлигини таъминлаш бўйича имкониятдаги барча чоралар кўрилаётганини таъкидлаб ўтди. Вазир бошчилигида республиканинг барча ҳуқуқни мухофаза қилувчи тузилмаларидан иборат Мувофиқлаштирувчи штаб ташкил этилган. Мазкур штаб жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган чораларни кўрмоқда ҳамда бажарилган ишлар тўғрисида ҳар куни ҳукумат бошлиғига ҳисобот топширмоқда”.
Тожикистон пойтахтида 1 августдан бошлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган, паспорт назорати бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. ШҲТ саммити ўтказиладиган ҳудудга яқин жойлашган одамлар оммавий тўпланадиган жойлар, кўча, ҳудудлар кучайтирилган ва доимий назорат остига олинган.
Август ойи охирларидан бошлаб Тожикистоннинг барча куч органлари шахсий таркиби кучайтирилган хизматга ўтказилади.