Қирол Абдуллоҳ билан учрашув ўтказиш учун икки кунлик расмий сафар билан Саудия Арабистонига йўл олган Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Қирол Абдуллоҳ билан Ғазодаги охирги вазиятни муҳокама қилиши ҳамда Саудия арабистони бошчилигида ташкил қилинадиган донер давлатлар конференцияси ҳақида баҳс юритиши хабар қилинган эди. Сафарда ас-Сисига Миср бош вазири Самиҳ Шукри ва президент сўзчиси Иҳаб Бадавий ҳамроҳ бўлди. Аммо Миср президенти фурсатдан фойдаланиб бир йўла умра қилиб қайтишга бел боғлади.
Яҳудий босқинчилар Ғазода қирғин ўтказаётган бир пайда Саудия ҳарбийлари ва полициячилари Ғазога эмас, Умра зиёратига отланган Миср президенти ас-Сисини ҳимоя қилиш учун сафарбар қилинди. Ас-Сиси Каъбани тавоф қилар экан, ҳарбийлар ва полициячилар ҳимояни кучайтириб, бирор кишини Каъба тарафга ҳаракатланишига йўл қўйишмади. Бунинг учун Каъба атрофида ҳарбийлар ва полициячилардан жонли девор яратилди. Сафо-Марва ўртасида сайъ қилиш учун эса президент ас-Сиси бир-бирининг қўлларини маҳкам тутган полициячилар ва ҳарбийлардан иборат бир неча қатор жонли ҳалқа ичида югурди.
Албатта бу хавфсизлик чоралари ас-Сисини душманлардан ҳимоя қилиш учун амалга оширилди. Бироқ душман ким? Америка ё Ғарб давлатлари ёки Исроилми? Албатта йўқ! Чунки ас-Сиси АҚШнинг хизматида югуриб елаётгани, Европа мулозимлари билан оғиз-бурун ўпишаётгани ва Исроилнинг хавфсизлиги учун тунелларни портлатиб, Миср-Ғазо чегараларини бекитиб ташлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Улар тарафидан ас-Сисига хеч қандай хавф келмайди.
Кўриниб турганидек, Ас-Сиси ҳам, бошқа малай ҳокимлар ҳам фақат ўз халқидан, яъни Ислом Умматидан қўрқишади. Чунки улар ўз халқига қаттиқ зулм қилишди. Уларнинг бошига фалокатлар ёғдиришди.
Тарихда Кисро ўз элчисини Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунавварага юборганлиги шундай ривоят қилинади: Элчи Ислом юртига келиб саҳобалардан Халифанинг қасрини сўради. Саҳобалар кулишиб, уни Умар р.а.нинг кулбасига йўллаб қўйишди. Элчи фақирларнинг уйига ўхшаш бир кулбани кўриб донг қотиб қолди. Чунки у ер куррасининг ярмига ҳукм юритган Халифанинг шундай жойда туришини ақлига сиғдира олмаган эди. Уйнинг атрофида бирорта ҳам қўриқчи йўқ. Кейинги манзара элчининг янада лол қолишига сабаб бўлди. Элчи не кўз билан кўрсинки, Умар р.а. ҳеч қандай қўриқчисиз, қумнинг устида ухлаб ётарди. Ўшанда элчи қуйидаги машҳур сўзини айтди:
“Адолат қилдинг, хотиржам ухладинг”.
Қиёмуддин