АҚШнинг иккиюзламачилиги

462
0

 

АҚШ давлат котиби Жон Керри ўтган ҳафтада Яқин Шарққа сафар қилиб, ўт очишни тўхтатиш қарорини эълон қилиш зарурлигини таъкидлаган эди. У ўзининг бу таклифи билан бутун дунё кўз ўнгида АҚШ ҳукуматини тинчлик тарафдори қилиб кўрсатишга уринди. Бироқ кейинги юзага келган ҳодисалар бунинг мутлақо аксини кўрсатмоқда.

Исроил сал кам бир ойдан буён Ғозо секторини қирғин қилар экан, бу муддат ичида Америка қўшма штатлари Исроилга давомли равишда ҳарбий анжомлар юбориб турганлиги ўртага чиқди.

Испаниянинг “EFE” ахборот агентлиги “Америка бир тарафдан ўт очишни тўхтатиш қарорини эълон қилишни талаб қилаётган бўлса, иккинчи тарафдан Исроилга етказиб бераётган қурол яроқ миқдорини кўпайтира бошлади” номли мақола чоп қилди. Мақолада ёзилишича, охирги пайтда Ғазодаги БМТга қарашли мактабга отилган ва 19 кишининг ўлимига сабаб бўлган минометлар ҳам АҚШдан келтирилган ва мактаб вайрон қилинишидан аввал Исроил армиясига топширилган.

“EFE” ахборот агентлиги 20 июлда АҚШ мудофаа вазирлиги Исроилдан шошилинч равишда аксарияти танк ўқидан иборат бир миллиард долларлик қўшимча қурол яроқ ёрдам таклифи олганлигини маълум қилди. Агентликка кўра, АҚШ мудофаа вазирлиги бу талабни дарҳол қондириб қуролларни Исроилга юборган.

АҚШ президенти Барак Обаманинг иккиюзламачилигини ҳам танқид қилган агентлик унинг бир тарафдан “ўзаро келишув”га чақириб яхши кўринишга ҳаракат қилаётганлигини, иккинчи тарафдан эса Исроилга яширинча давомли равишда қурол етказиб келганлигини олға сурди. Агентлик хусусан Исроилнинг Ғазога қилаётган ҳужумлари тўхтаб қолмаслиги учун АҚШ мудофаа вазирлиги 220 миллион долларлик яна қўшимча буюртма олганлигини ва бу ҳам конгреснинг розилиги билан Исроилга юборилишини урғулади.

Шуни айтиб ўтиш лозимки, АҚШ ҳукумати Ғазодаги БМТга оид мактабга отилган минометларни ўзи етказиб берганига қарамай, мактабнинг ҳужумга тутилишини қоралади. Оқ сарой сўзчиси Жош Эрнест матбуот брифингида бу ҳақида берилган саволга “бегуноҳ фуқаролар паноҳ топган БМТнинг биноларидан бирининг бомбаланиши умуман қабул қилиб бўлмайдиган ва асло оқлаб бўлмайдиган ишдир”, деб жавоб берди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here