Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлари чегара ҳудудларида вужудга келадиган кутилмаган ҳолатларда қурол ишлатмасликка келишиб олишди.
Сўғд вилояти ҳокимлигининг хабарига кўра, мазкур келишувга 14 июл куни Исфара шаҳрида бўлиб ўтган икки давлат куч органларининг учрашувида эришилди.
Шунингдек учрашувда чегараолди ҳудудларда барқарорликни сақлаш мақсадида томонлар ўртасида ҳамкорлик масалалари ҳам мухокама қилинди.
Туркистон:
Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари икки давлат ўртасидаги чегара муамоларини хал этишга қанчалик ҳаракат қилишмасин бу муаммоларни хал этиш буларга боғлиқ масала эмас, балки мазкур давлатлар устида нуфуз талашаётган етакчи давлатларга боғлиқ бўлиб, бу етакчи давлатлар хоҳлаган вақтда бу муаммолардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келишади.
Президент Атамбаев 2013 йил 16 декабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида, “Нахотки сизлар мени шу вақтга қадар билмайсизлар? Мамлакат зиёнига бирор бир амалга боришликка мажбурлаш мақсадида менга босим ўтказишлик бефойда. Биз Божхона Иттифоқига бизнинг талаблар бажарилган тақдирдагина қўшиламиз. Атамбаевни шантаж қилишнинг эса имконияти йўқ, мен обдон тобланиб бўлганман. Бизда танлов имкони кам, аммо биз фақат қирғизларни қаноатлантирадиган ва бизнинг манфаатларимизни ҳимоя қиладиган йўлдан юрамиз”, – деган эди.
Президентнинг бу баёнотидан ҳеч қанча вақт ўтмай, 2014 йил 11 январ куни Боткен вилояти орқали ўтган қирғиз-тожик чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида ўқотар қурол ва гранатомётлардан фойдаланган ҳолда отишма бўлиб ўтди. Шундан сўнг икки давлат ўртасидаги чегаралар узоқ вақт беркитиб қўйилди. Бу нарса эса асосан Хитойдан товар олиб келиб қўшни республикаларга сотишга ихтисослашган Қирғизистон иқтисодига жиддий таъсир кўрсатди.
Кейинчалик Қирғизистон Бош вазири Жўмарт Ўтарбоев 7 май куни берган баёнотида, айни вақтда иқтисод вазири ўринбосари Даниил Ибраев бошчилигидаги делегация Москва шаҳрида Қирғизистонни БИ аъзо бўлиш муддатини бир йилга кечиктириш учун рус ҳукумати вакиллари билан музокара олиб бораётганини маълум қилди.
Бу баёнот ортидан 7 май куни таҳминан соат 19: 20да Боткен вилояти Боткен туманида жайлашган Якка ўрик қишлоғида Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида можаро бўлиб ўтди. 7 соат давом этган тартибсизликларда ҳар икки томондан 1500 одам иштирок этган ва ўзаро бир-бирларини тошбўрон қилганлар. Можаро натижасида Қирғизистон фуқароларидан камида 14 киши жароҳат олгани, улардан 9 нафари Боткен вилоят касалхонасига ётқизилган хабар қилинди. Бундан ташқари қирғиз расмийлари 12 милиция ходими тошбўронда қолиб жароҳатлангани, Боткен туман милицияси бошлиғининг ўринбосари Дуйшен Ниязқулов бошидан жароҳатланиб касалхонага ётқизилганини билдиришди. Шундан сўнг Қирғизистон ҳукумати гарчи бу ташкилотга аъзо бўлишни фойдасидан кўра зиёни кўп бўлсада унга аъзо бўлиш учун ҳаракатларни қайтадан жонлантириб юборишди.
Энди бўлса, 2014 йил 10 июлда чегарада навбатдаги отишма бўлиб ўтди. Бу иш ҳам икки давлатдан бирини ўз измига солиш учун етакчи давлатлардан бирининг навбатдаги хийласи бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.