Ўзбек – Турк алоқалари қайта жонланмоқда

378
0

HKNG0445-1 Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли расмий сафар билан Ўзбекистонга келди. Бу учрашув тўлиқ 13 йиллик танаффусдан кейин амалга ошди. Довутўғли Ўзбекистонда президент Ислом Каримов, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Элёр Ғанийев ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритаётган турк тадбиркорлари билан учрашди.

Довутўғли ўзининг Тошкентга қилган сафарини вазирликдаги кутилган энг муҳим ҳодисалардан бири сифатида баҳолаб,Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро муносабатлар бундан буён яхшиланишига умид билдирди.

“Алоқаларимизнинг кўнгилдагидек бўлмаганлиги ҳаммамизни қайғуга солди. Инша Аллоҳ мавжуд сиёсий ирода олдимизда бир йўл очади”, деди Довут ўғли.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов эса Довут ўғлининг бу зиёратининг фақатгина икка тарафлама учрашув учун бир фурсат эмас, балки айни пайтда тарихий аҳамиятга молик учрашув эканлигини айтиб ўтди. Президент Каримов икки тарафлама ишончли алоқаларни тиклаш вақти келганлигини таъкидлар экан, “Давлатларимиз ўртасидаги эски хатолар қайта такрорланмайди”, дея таъкидлади.

Каримов Туркия-Ўзбекистон алоқаларида юзага келган вазият икки мамлакатнинг эмас, балки душманларнинг фойдасига ҳал бўлганлигини айтиб ўтди. Каримовга кўра, дунёдаги катта давлатлар бошқа давлатларнинг бир бирига яқинлашмаслиги учун қўлидан келган ишни қилишади.

“Бошқа давлатларни юқори даражага кўтарилишини исташмайди. Ундан кейин ўзларини муаммога ечим топган давлат қилиб кўрсатади”, деди Каримов катта давлатлардан норози бўлиб.

Ўз навбатида Довут ўғли Бу тарихий учрашувни Туркия президенти Абдуллоҳ Гул ҳам, Бошвазир Ражаб Тоййиб Эрдуғон ҳам интизор бўлиб кутганлигини урғулаб, Ўзбекистон Туркларнинг ота юрти бўлганлигини тилга олди.

Довут ўғли Ўзбекистон расмийлари билан икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар ва Ўзбекистонга сармоя ётқизган турк тадбиркорларининг муаммолари устида музокара олиб борар экан “Ўзбекистон ва Туркия алоқалари давом этиши билан Осиё барқарорликка эришади. Бу эса бутун дунё учун хушхабардир”, деди.

Довут ўғли билан Каримов халқаро майдонда содир бўлган охирги вазиятлар хусусида ҳам суҳбат олиб боришди. Учрашувнинг сўнги қисми 2 соат давомида матбуотдан узоқ, ёпиқ шаклда давом этди.

Ўзбекистон 1991 йилда мустақиллигини эълон қилгандан сўнг уни биринчи бўлиб Туркия тан олган эди. Аммо кейинги йилларда Тошкент ва Анқара тобора бир бирларидан узоқлаша бошлади. Туркия давлати бошқа бир неча давлатлар қаторида 2005 йилдаги Андижон қирғинини танқид остига олди. Каримов ҳукумати бу танқид ортидан мамлакатдаги турк ўқув юртларини ёпиб қўйди. Ўзбекистонга сармоя ётқизган ўнлаган турк ишбилармон тадбиркорларининг мол мулкини ва дўконлари тортиб олиб, баъзиларини қамоққа ташлади. Ўзбек мухолифатининг Туркиядан бошпана топиши ҳам икки давлат алоқаларининг ёмонлашувига асосий сабаблардан бири сифатида қаралади. Шунга қарамай, Ўзбекистон фуқаролари Туркияга визасиз киришлари мумкин.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here