Исроил ҳарбийлари душанба куни бошлаган хужумлари оқибатида ҳозирга қадар 121 киши ҳаётдан кўз юмди, 805 киши жароҳат олди. Ўлганларнинг энг улуғ ёшдагиси 80 ёшда бўлса, энг кичиги 1 ёшда эканлиги айтилмоқда.
Ижтимоий иншоотлар ва қурилиш ишлари вазири Муфид Ҳусайний берган ёзма баёнотда айтилишича, Исроил босқинчи кучлари тарафидан уюштирилган ҳужумларда 282 уй тамоман вайрон қилинган, 8910 уй қисман қулаган, улардан 260 таси яшаб бўлмайдиган аҳволда.
“Европа-Оқденгиз” номли инсон ҳуқуқлари ташкилоти тарафидан чиқарилган ёзма баёнотда билдирилишича, Исроил кучлари тинч фуқаролар, жумладан ёш болалар ва аёллар яшаётган уйларни нишонга олишда давом этмоқда.
“Исроил кучлари Ғазода бутун оилаларни оммавий шаклда ўлдирмоқда. Ҳужум бошланган кундан бугунга қадар ҳужумларнинг шиддати янада кучайди. Аввал бунақаси бўлмаган эди. Пайшанба кечасига қадар Исроил кучлари ҳаводан 88 марта, ердан 206 марта ва денгиздан 240 марта, жами 534 марта ҳужум уюштирди”, дейилади баёнотда.
Кейинги олинган хабарларга кўра, ҳар дақиқада мусулмонларнинг асосий эҳтиёжларини йўқ қилиш учун бор кучини сарфлаб келган Исроил эндиликда Ғазодаги балиқчи кемаларни нишонга олишда давом этмоқда. Ҳужум оқибатида мусулмонларнинг тирикчилиги учун яраб турган ўнлаган кемалар ишга яроқсиз ҳолга келтирилди.