Қозоғистонда Ҳизбут Таҳрир аъзоларига ҳукм ўқилди

0
581

 Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида Ҳизбут-Таҳрир уюшмасига аъзоликда айбланиб ҳибсга олинган беш кишига 6 ва 7,5 йил орасида қамоқ жазоси белгиланди.

Олма-Ота маҳкамасининг сўзчиси Куандык Ешимет “Новости-Казахстан” ахборот агентлигига берган интервьюсида беш кишининг мамлакатда фаолияти таъқиқланган Ҳизбут-Таҳрирга аъзолиги даъвоси бўйича узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган маҳкама жараёни тамомига етганлигини билдирди. Куандык Ешиметнинг билдиришича, айбдор деб топилган беш кишига 6 ва 7,5 йил орасида қамоқ жазоси белгиланган.

Маҳкама сўзчиси Ҳизбут-Таҳрир уюшмасига аъзоликда айбланган кишиларга гувоҳларнинг сўзлари ва видео тасмалардаги қайдларга кўра жазо белгиланганлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек у қозоғистон фуқаролари бўлган Муҳит Мусахожанов, Эрболат Оспанов Куаниш Ботбаев, Онласын Дуйсенбай ва Асҳат Сарсамбаевларга  қўйилган айблар ўз исботини топганлигини билдирди. Сўзчининг айтишича, юқорида номи зикр қилинган шахслар Олма-Ота шаҳридаги икки йиғилишга иштирок этиб, амалдаги конституцион тузумни куч ишлатиш йўли билан ўзгартиришга уринган.

Олма-Ота прократураси Мусахожанов Муҳитни Ҳизбут-Таҳрирнинг Олма-Отадаги лидери бўлган, дея таърифлади. Унинг очиқлашича, Мусахожанов, Оспанов ва Сарсамбаевларнинг уйларида ўтказилган тинтув жараёнида Ҳизбут-Таҳрир уюшмасига оид ҳужжатлар топилган.

Олма-Ота шаҳар маҳкамаси Мусажоновга 7 йил, Оспанов, Вотбаев ва Сарсамбаевга 6 йилдан қамоқ жазоси белгилади.

NO COMMENTS