2013 йил июль ойида амалга оширилган ҳарбий тўнтаришдан сўнг ҳозирга қадар инсонларнинг ҳуқуқлари турли шаклда топталаётган бир пайтда хунта ҳукуматига оид яна бир махфий қамоқхона фош қилинди. Қийноқ маркази сифатида қўлланилган “Азули” қамоқхонасида ҳозирда 400 киши мавжудлиги айтилаётган бўлсада, бироқ у ердаги маҳбусларнинг аниқ сони маълум эмас. Чунки уларга оила аъзолари билан учрашиш учун асло рухсат берилмайди. Айни пайтда бундай қамоқхонадаги маҳкумларга доир маълумотлар Мисрнинг расмий маҳкамаларида ҳам очиқланмайди.
Англиянинг Горидиан газетаси тарқатган хабарга кўра, ҳарбий тўнтаришдан ҳозиргача юзлаган инсонлар “Азули” қамоқхонасида қийноқлар остида ҳаётдан кўз юмган. Халқаро аминистия ташкилоти тарафидан фош этилган ва ҳар куни юзларча мусулмонлар оғир қийноқларга солинадиган бу қамоқхона “Хунтанинг Гуантамоси” деб сифатланмоқда. Халқаро аминистия ташкилотининг баҳолашича, Қийноқ маркази сифатида қўлланган бу қамоқхонага ўхшаши Мисрнинг янги тарихида бўлмаган.
Қўлга киритилган далилларга кўра, хунта ҳукуматига қарши бўлган фуқаролар ҳарбийларга оид махфий қамоқхонада бир неча ойлар давомида ушлаб турилган ва ўзларига қўйилган айбларга иқрор бўлишлари учун узлуксиз ҳар кун оғир қийлоқларга солинган.
Шунингдек хабарларда айтилишича, харбий тўнтаришга қарши бўлган Мисрлик аёлларнинг аҳволи ҳам ўта аянчли. Инсон ҳуқуқлари фаолларининг қайд этишича, 2013-йил 3-июлидан 2014-йил 1-июнгача ҳибсга олинган аёлларнинг сони 1585 нафарга етган. Ҳибсда сақланаётган аёлларга нисбатан жинсий тажовуз ва зўрлаш ҳоллари кенг тарқалган. Айниқса талаба қизларга нисбатан белгиланган жазолар ўта оғир, айримлари ўлдирилган. Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, қамоқхоналарда бу жиноятлар ҳукумат вакиллари ва хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамда қамоқхона нозирлари томонидан амалга оширилади.