Йўл тўсишлар халқ  устидаги ўйинга айланиб бормоқда

487
0

20130603_110133-1 2013 йил 20 ноябр куни Қирғизистон бош прокурори Аида Салянова томонидан Жогорку Кенешининг депутати, парламентнинг собиқ спикери Ахматбек Келдибековга нисбатан ҚР жиноят кодексининг 303. 1.қ (коррупция), 304. 4.қ (мансаб ваколатини суйиистеъмол қилиш) моддалари асосида  жиноий иш очилган ва ДМХҚсининг тергов изоляторига жойлаштирилган эди. Бош прокуратура даъвосига кўра, Келдибеков давлатга 40 миллион сом моддий зарар етказган.

 2014 йил 26 май куни Бишкек шаҳар Октябрьск туман суди Келдибековга нисбатан қамоқ чорасини яна бир ойга узайтириш тўғрисида қарор чиқарди. Мазкур қарордан бир кун ўтиб 27 майда Келдибеков тарафдорлари Ўш- Эргаштом автойўлини тўсиб қўйишди ва Ахматбек Келдибековга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини уй қамоғига алмаштиришни талаб қилишди. Расмий ҳукумат уларнинг талабига ҳеч қандай муносабат билдирмагач, норозилар ўз талаблари қаторига Қирғизистон Бош прокурори Аида Саляновани истефога кетишини ҳам қўшишди. Мана қарйиб йигирма кундан бери мазкур йўл тўсиқлигича қолмоқда.

 5 июн куни Алай туман прокуратураси йўл тўсишларни ноқонуний деб ҳисоблаш учун туман судига мурожаат қилди ва туман суди 6 июн куни прокуратура таклифини маъқуллаб қарор чиқарди, бироқ шунга қарамай норозилар йўлни очишмади. Ўш вилояти губернатори Сўронбой Жиянбеков ва Ўш вилоят Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Суюнбек Умурзақов 9 июн куни Келдибеков тарафдорлари билан учрашиш учун Гулча қишлоғига боришди, аммо ҳеч қандай натижага эришишмади. Ўш вилояти ИИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, автотрассани тўсиб қўйилган қисмидаги бўз уйлар сони 19тага етган. Йўл тўсиб қўйилгани сабабли 200дан зиёд юк машиналари тўпланиб қолган. “Улардан 139таси “Эргаштом” божхона постида, яна 80та юк машина тўсилган йўлга яқин ҳудудда турипти”.

 Расмий хабарларга кўра, йўл тўсиқлиги сабабли давлатга 100 миллион сомдан зиёд моддий зарар етгани, йўл тўсиқлиги сабабли ўз юкларини вақтида етказиб кела олмаган савдогарлар етказилган моддий зарарни қоплаб беришни сўраб ҳукуматга арз қилишгани ва Чонг Алай туманинг Даротқўрғон ва Сўпиқўрғон қишлоқ аҳолисига пенсия пулларини етказиб бера олмаётгани айтилмоқда.

 Ҳукуматга ўз кучини кўрсатиб қўймоқчи бўлаётган мухолифат одамларни пул ва озиқ-овқат эвазига йўлни тўсиб туришга ундаётган бўлса, расмий ҳукумат эса норозилик намойишларини куч билан бостириш 2005 ва 2010 йилларда содир бўлган ҳокимият тўнтаришига олиб келганини яхши билгани сабабли бу сафар норозиларга нисбатан куч қўллашдан сақланиб турипти ва турли хил хабарлар, гап-сўзлар орқали одамларни ўзаро қарши қўйишга ҳамда одамларнинг ўзи “антимитинг” ўтказиб йўлни очиб ташлашларини кутмоқда.

 Ҳокимият, мансаб ва обрў учун курашаётган сиёсатчилар эса халқ манфаати ва ҳаёти устида ўз ўйинларини давом эттирмоқдалар.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here