Хабарда белгиланишича, “томонлар минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм, уюшган трансмиллий жиноятчилик, норкобизнес, кибер жиноятчилик ва қурол- яроқ савдосига қарши кураш масалаларининг кейинги йўналишлари бўйича фикр алмашдилар”.
Бош прокурорнинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасида ҳуқуқий соҳадаги иккитомонлама ҳамкорлик самарали амалга ошириб келинмоқда.
Матбуот хизматининг хабарига кўра, Қозоғистон Бош прокуратураси Американинг ваколатли органлари билан жиноятчиликка қарши кураш, жиноий ишлар бўйича халқаро ёрдам кўрсатиш ва жиноятчиларни топшириш соҳасида ўзаро дўстлик принциплари асосида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Қозоғистонга ташриф буюришидан олдин АҚШ Президентининг махсус ёрдамчиси Селест Анна Уолландер 13 июн куни Ўзбекистонда бўлиб президент Каримов ва ТИВ Абдулазиз Комилов билан ҳам учрашган эди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, Каримов билан Селест Уолландер ўртасидаги учрашув давомида муҳокама қилинган масалалар орасида Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисидаги шартноманинг Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги протокол ҳам бўлган.
Мазкур протоколнинг АҚШ ва ядровий салоҳиятга эга “бешталикка” кирувчи қолган давлатлар томонидан имзоланиши ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги битимни амалга тадбиқ қилиш ва “минтақа ва халқаро хавфсизликни таъминлашнинг муҳим жиҳати ҳисобланади”, – дейилади расмий хабарда.
2014 йилнинг 6 майида БМТнинг Нью Йоркдаги бош қароргоҳида ядровий “бешлик” – АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия ўртасида Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудуд яратиш тўғрисидаги шартноманинг Хавфсизлик кафолатлари тўғрисида халқаро ҳужжат имзоланган эди.