Урумчида яна нотинчлик

0
563

 Хитойнинг Шинжон уйғур мухтор вилоятининг маркази бўлган Урумчида содир бўлган портлаш натижасида ҳалок бўлганлар сони 31 нафарга етгани хабар қилинмоқда.

 Хитойнинг расмий “Синхуа” ахборот агентлиги хабарига кўра, Урумчи бозорида камида ўнга яқин портлаш бўлгани, портлаш натижасида 90дан ортиқ киши турли даражада тан жароҳатлари олганини хабар қилди.

 Маҳаллий вақт билан тонгги 8:00да номаълум одамлар иккита автомобилда шаҳар бозори ҳудудига кириб, одамлар устига бир қанча портловчи ускуналарни отганлиги айтилмоқда.

Хитой ҳукумати юз берган воқеани террорчилик ҳаракати деб баҳолаб, жамиятни огоҳликка чақирди.

 Воқеа хақида хабар берилганидан сўнг Хитой Коммунистик партияси Бош котиби, Хитой Халқ Республикаси президенти ва Марказий ҳарбий кенгаш раиси Си Цзинпин бир қатор муҳим кўрсатмаларни берди. У террорчиларни тезда излаб топишни талаб қилиб, террорчилар қаттиқ жазоланишини айтди ҳамда яраланганларга тезкорликда ёрдам уюштириш, ҳалок бўлганларнинг яқинларига кўмак кўрсатишга кўрсатма берди. Шунингдек, у жамиятни огоҳликка чақириб, асосий жойларда назоратни қаттиқ кучайтиришга буйруқ берганлиги айтилмоқда.

 Туркистон:

Шарқ ўлкаларини фатҳ қилиш асносида Ислом қўшинлари Шарқий Туркистон ерларигача етиб боришган ва бу ўлка машҳур қўмондон Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий бошчилигида фатҳ қилинган. Ўша даврда бу минтақа Қашғар деб номланган.

 Фатҳдан сўнг ўлка аҳли мусулмонлар билан жизя тўлашга келишишган. Бироз кейинроқ уларнинг подшоси Ислом динини қабул қилади ва шундан сўнг Ислом тезлик билан ёйила бошлайди.

Аббосийлар халифалиги даврида (750-1258 йиллар) Хитой бу ўлкани босиб олади. Лекин, аббосийлар мусулмонларга мадад қўлини чўзади ва уларга ҳарбий ёрдам кўрсатади. Натижада улар Хитой зулмидан халос бўлиб, қудратли аббосийлар давлати ҳимояси остига ўтишади.

 Бу ерларнинг туб аҳолиси туркий халқлардир. Туркистон мусулмонлари Андалусия тараққиёти билан беллашгудек улкан маданий тараққиётни барпо қилдилар, минтақада маданият, тижорат ва ишлаб чиқаришнинг, айниқса қоғоз саноатининг ривожланишига катта ҳисса қўшдилар.

 1949- йилда коммунистик Хитой ҳукумати Шарқий Туркистонни босиб олди ва уни “Синцян”, яъни, янги ер деб номлади. Хитой ҳукумати ҳозирда ўлканинг мусулмон туб аҳолисини бошқа жойларга кўчириш ва хитойлик ханларни бу ўлкага кўчириб келиш сиёсатини олиб бормоқда. Шу билан бирга босқинчилар исломий осори атиқаларни йўқ қилишга уринмоқда ва мунтазам равишда ўлканинг табиий бойликларини ташиб кетишмоқда.

 Ўлка табиий бойликларга мўл бўлишига қарамасдан, жуда кўпчилик мусулмонлар камбағал-қашшоқ ҳаёт кечирадилар. Устига устак, Хитой ҳукумати мусулмонларнинг кўпайишини ҳам чеклаб қўйган ва натижада 25 миллионлик уйғур халқи бугунга келиб 15 миллионга тушиб қолган. Мусулмон миллати қаттиқ жабр-зулм туфайли тобора камайиб бораяпти. Ундан ташқари, мусулмонларга исломий илмларни ўрганиш, ҳатто Қуръон ўқиш тақиқлаб қўйилган.

 Бутун дунё мусулмонлари жимжит, ваҳоланки уларнинг кўз ўнгида Андалусия фожеаси такрорланмоқда!

 

NO COMMENTS