Қирғизистон парламентидаги ҳукмрон коалиция йиғилишида иштирок этган Бош вазир Жўмарт Ўтарбоев журналистлар саволларига жавоб бериб, “Ўшга газ етказиб бериш масаласини хал этиш ҳукуматнинг устувор вазифалардан бири”, – деди.
Ўтарбоев айни масала юзасидан Ўзбекистон Бош вазирига мактуб йўллаганини белгилаб ўтди.
“Ўзбекистон огоҳлантиришсиз Ўшга газ етказиб беришни тўхтатиб қўйди. Бош вазир ўринбосари Тойирбек Сарпашаев Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимовга мактуб жўнатди. Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ўз йўналиши бўйича муаммони хал этишга ҳаракат қилмоқда. Мен Ўзбекистон Бош вазирига мактуб йўлладим. Аммо, афсуски, биз жавоб олмадик. Миллерни шахсан ўзи ҳам мазкур масала юзасидан иш олиб бормоқда. Яқин вақтлар ичида муаммо хал бўлади деб, умид қилмоқдамиз”, – деди Ўтарбоев.
Туркистон:
14 апрелдан буён Ўш шаҳар аҳолиси табиий газсиз ҳаёт кечирмоқда. Қирғизистон расмийлари буни Ўзбекистон билан газ етказиб бериш бўйича келишув муддатини тугагани билан изоҳлашмоқда ва бунга қўшимча, Ўзбекистон балан эришилган келишувда, агар “Қирғизгаз” компаниясининг эгаси алмашадиган бўлса, Ўзбекистон Қирғизистонга газ етказиб беришни тўхтатиши ёзиб қўйилганини ҳам айтишмоқда.
Аслида эса, Ўзбекистонни Қирғизистонга газ етказиб беришни тўхтатишига ва газ етказиб беришни қайта тикланишини ортга сураётганига ҳамда қирғиз расмийларининг сўров ва мактубларига эътиборсизлик билан қарашига Америка ва Россия ўртасида кечаётган сиёсий курашлар сабаб бўлмоқда.
Россиянинг дунёда амал қилинаётган ва асосан Америка томонидан қўйилган барча ҳуқуқ ва меъёрларни қўпол равишда бузиб Қрим яриморолини ишғол қилиб олишига жавобан Америка ўзининг жавоб қадамини ташламоқда ва уларнинг ўзаро рақобатларида Марказий Осиё республикалари нуфуз талашадиган майдонга айланиб бормоқда. Фақатгина ўз манфаати ва ҳокимиятинигина ўйлайдиган “мустақил” давлат раҳбарлари эса уларнинг чизиб берган йўналишлари бўйича иш олиб боришяпти. Икки ўртада эса жабр кўрган оддий халқ бўлмоқда.