Қирғизистон Миллий мухолифат ҳаракати (ММҲ) етакчиси Равшан Жеенбеков ўзининг Facebook даги саҳифасида тарқатган хабарга кўра, мухолифат Бишкек шаҳар мэрияси ва ички ишлар бош бошқармасини намойиш ўтказиш тўғрисида хабардор қилган.
Тин намойиш ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома Бишкек шаҳар мэри Қубанчбек Қулматов ва ИИБ бошлиғи Мелис Турганбоевлар номига жўнатилган.
Хабарномада жумладан, “Қирғизистон республикаси конституциясининг “Тинч намойишлар тўғрисида”ги қонунининг 34- моддаси 1-2-3 бўлимлари ва 11-моддасига мувофиқ Миллий мухолифат ҳаракати сизни 10 апрел куни соат 11.00дан 17.00гача бўлган вақт оралиғда Бишкек шаҳрининг М. Горький боғида ўтказилиши ражалаштирилаётган тинч намойиш тўғрисида хабардор қилади. Иштирокчиларнинг тахминий сони 3-4 минг киши. Тадбирда овоз кучайтирувчи аппаратлар ва сўзга чиққанлар яхшироқ кўриниши ва сўзлари эшитилиши учун бошқа жиҳоз (саҳна, минбар)лардан фойдаланилади. Шу муносабат билан сиздан намойиш вақтида жамоат тартибини таъминлашни ва овоз кучайтирувчи аппаратлар учун электр тармоқларидан фойдаланишга рухсат беришингизни сўраймиз”, – дейилган.
Туркистон:
ИИББ сўровига асосан Первомайск туман суди 31 мартдан 1 майгача пойтахтнинг “Ала-Тоо” майдонида, Жокорку Кенеш биноси олдида ва Ҳукумат уйи рўпараси (эски майдон)да тинч намойиш ўтказишни таъқиқлаган ва бундай намойишлар М. Горький номидаги боғда ўтказилишини белгилаб берган эди. Шу сабабли мухолифат 31 мартга белгилаган намойишни ортга сурган эди. Бугун эса мухолифат расмий ҳукумат томонидан рухсат берилган М. Горький боғида ўзининг тинч намойишини ўтказишини маълум қилди.
Мухолифат намойиш ўтказишини маълум қилишидан икки кун олдин, яъни, 2014 йил 3 апрел куни эрталаб Бақайота туманида 500га яқин одам “Ширалжин” олтин конини ёпиш талаби билан туман маъмурияти биноси олдида тўпланишган эди. Маҳаллий ҳукумат вакилларидан ижобий жавоб олишмагач, намойишчилар Бақайота қишлоғи ҳудудидан ўтган Талас-Тараз автотарссасини ёпиш учун йўл олишган ва маълум вақтдан сўнг намойишчилар сони 1000 кишидан ошиб кетган эди. Намойишчиларни асосий талаби – “Ширалжин” олтин конини ёпишдан иборат бўлиб, намойишчилар бу олтин кони маҳаллий фермер хўжаликларига зиён етказаётганини маълум қилишган эди. Мазкур намойиш вақтида куч ишлатар органлар ва намойишчилар ўртасида тўқнашув вужудга келиб, ҳар икки томондан ҳам жароҳатланганлар бўлган.
4 апрел куни расмий ҳукумат вакиллари “Ширалжин” олтин кони фаолияти вақтинчалик тўхтатилиши ва намойишчиларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаслигини ваъда қилишганидан сўнг намойишчилар йўлни очиб, тарқалишган эди.
Иссиқкўл вилоятида жойлашган Саруу қишлоғида куз ойларида бўлиб ўтган норозилик намойишидан фарқли равишда, расмий ҳукумат Бақайота қишлоғида бўлиб ўтган норозилик намойиши иштирокчиларни талабини тез қондирди ва Сарууда бўлгани каби, намойишчиларни қўлга олиш ва таъқиб қилишлар содир бўлмади. Бундан ҳатто Саруу қишлоғининг аҳолиси тажжубга тушди.
Расмий ҳукуматни бундай йўл тутишига ва Саруу намойишчиларидан фарқли равишда Бақайота намойишчиларини талабини қондиришга шошилишига баҳор ойи келиб қолганлиги ва аввалги икки инқилоб каби учунчи инқилобни содир бўлишидан қўрқанлиги сабаб бўлган бўлиши мумкин. Аммо Қирғизистон ҳукумати ва президент Атамбаевнинг ҳозирги ҳолати шу қадар аянчиликки, ҳатто мухолифат ҳам расмий ҳукумат билан зиддиятга киришишга ёки ҳокимиятни эгаллашга ҳаракат ҳам қилмайди. Чунки мухолифатнинг ўзида ҳам Қирғизистонни ҳозирги инқироздан ва йирик давлатлар – айниқса Россия – босимидан қандай қутқариш мумкинлиги тўғрисида бирорта арзугулик дастури мавжуд эмас.