2013 йилнинг октябр ойи охирларидан бошлаб деярли барча хорижий ахборот воситаларида шов-шувга сабаб бўлган Гулнора Каримованинг МХХ раиси Рустам Иноятов билан гўёки “хокимият учун” олиб борган кураши секин-аста пасайиб, ўзининг долзарблигини йўқота бошлаган эди.
Бироқ, орада бўлган “қисқа танаффус”дан сўнг, 17 феврал куни Ўзбекистон Бош прокуратураси сайтида, Гулноранинг энг яқин шериклари Рустам Мадумаров, Гаянэ Авакян ва Екатерина Клюеваларга нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабар пайдо бўлди.
Бу хабарга, 19 феврал куни тергов идораларига мажбурий равишда олиб келингани айтилган 10 нафар шахснинг Ўзбекистон қонунларида кўзда тутилган энг оғир иқтисодий жиноятларда айбланаëтгани ҳақида, прокуратуранинг навбатдаги баëноти қўшилди.
Буларга қўшимча¸ Twitterда Гулнора Каримовага қарашли экани тахмин қилинаëтган Яккасарой тумани¸ Миробод кўчаси¸ 9а уйнинг 7-қаватида жойлашган 11-хонадонига махсус гуруҳ балкондан тушиб¸ рейд ўтказгани ва Каримованинг рейд пайтида айни шу манзилда бўлгани ҳақида хабар пайдо бўлди.
Ўзбекистонда содир бўлаётган бундай ходисалар нимадан далолат бермоқда? Ростдан ҳам Каримовнинг ёши ўтиб ҳукуматни бошқаришга ожизлик қилиб қолгач, ҳокимият учун кураш авж олиб бормоқдами? Ёки буларнинг барчаси халқни алдаш учун ўйналаётган навбатдаги “спектакл”лардан бирими?
Барчага маълумки, президент Каримов узоқ йиллар давомида ўзининг арзанда қизлари Гулнора ва Лола Каримоваларга Ўзбекистонда кўнгилларига келган ишни амалга оширишларига кенг имконият бериб келди.
Каримовнинг ўз қизларига яратиб берган бундай имкониятларидан “унумли” фойдаланган арзанда қизлари Ўзбекистон бойликлари ва захматкаш ўзбек халқи пешона тери эвазига бунёдга келган бойликларни талон-тарож қилиш, хориждан қимматбахо қасрларни сотиб олиш ва “таниқли” одамлар билан зиёфатлар уюштиришда кимўзарга пойгага киришиб кетишди.
Бу ишларда айниқса Гулнора Каримова ўз босар-тусарини билмай қолиб, аввалига маҳаллий тадбиркор ва ишбилармонларнинг шахсий бизнесларига кўз олайтирди. Гулнора Ўзбекистонда ўзи эгалламоқчи бўлган ҳар қандай соҳа ёки бизнес лойиҳаларни ҳеч қандай қийинчилик ва тўсиқларсиз ўз фойдасига мусодара этиб, эга бўлиб олди.
Гулнора Каримова ўзи “эришаётган” муваффақиятларидан “илҳомланиб” кейинчалик фақатгина маҳаллий бойлар ёки ишбилармонларни синдириш билангина кифояланиб қолмай хорижий компанияларнинг Ўзбекистонда юритаётган ишларига ҳам эга чиқишга интилди. Улардан сўнггиси айнан Гулнорага алоқадор бўлган “TeliaSonera” ширкати билан боғлиқ мажаролар ва Россиянинг МТС компаниясига қарашли “Ўздунробита”ни Ўзбекистондан чиқариб юборилиши бўлди.
Бундан ташқари Каримовнинг арзанда қизи ва яқин қариндошлари томонидан хорижий сармоядорларга қарши кўнглига келган ишни қилиши, уларнинг ётқизган сармояларига, имзоланган битимларга қарамай хоҳлаган компанияни Ўзбекистондан хайдаб чиқариши ва улар йўлга қўйган соҳани бошқа бир компанияларга сотиши натижасида Ўзбекистонга хориждан сармоя киритишни хоҳловчилар сони кескин камайиб кетди.
Шунинг учун ҳам Каримов хорижий ишбилармонлар олдида ишончни қайта пайдо қилиш учун шу вақтга қадар Ўзбекистонда эркин ҳаракат қилган, хоҳлаган одами ёки компанияларни “синдирган” Гулнорани фаолиятига бир оз бўлса ҳам чеклов киритишга қарор қилди. Токи хорижий компаниялар яна ҳеч нарсадан ва ҳеч кимдан қўрқмай Ўзбекистонга ҳеч бир иккиланишсиз сармоя ётқизсинлар.
Гулнора Каримова билан боғлиқ содир бўлаётган барча ишлар шахсан президент томонидан ва унинг рухсати остида амалга оширилмоқда. Бу орқали Каримов “бир ўқ билан икки қуённи овлашга” интилмоқда.
Биринчидан: содда ўзбек халқи олдида ўзини “элим деб, юртим деб ёниб яшайдиган” раҳбар ва Ўзбекистонда “қонун устиворлигини” таъминлаш йўлида ҳатто ўз қизи ва қариндош-уруғларини ҳам “аямайдиган” фидоий, қаттиқўл раҳбар тимсолида намоён этиш.
Иккинчидан: Гулнора Каримова Ўзбекистондан турли хил йўллар билан олиб чиқиб кетган ва айни вақтда Швейцария¸ Швеция ва Францияда бораётган жиноий ишлар сабабли Швейцария банкларида очилган ўнлаб¸ балки юзлаб шахсий ҳисобларга қўйилган Ўзбекистондан ўғирланган қарийб 700 миллион АҚШ доллари миқдоридаги музлатилган пулни Ўзбекистонга, аниқроғи яна ўз қизига қайтариш учун ўйналаётган бир саҳна кўриниши холос.
Жиноий ишлар “гулдастаси”ни тузишга устаси фаранг бўлиб кетган Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати Рустам Мадумаров, Гаянэ Авакян ва Екатерина Клюеваларга нисбатан Ўзбекистон жиноят кодексининг турли моддалари билан жиноят иши очиб расмий равишда Швейцария ҳукуматидан улар томонидан “ўғирлаб чиқиб кетилган” “Ўзбекистон пулларини” қайтариб беришликни талаб қилади.
Агар Каримов бошчилигидаги расмий ҳукумат керакли бўлган ҳужжатларни расмийлаштириб, узоққа чўзиладиган суд жараёни ва расмиятчиликлардан муваффақиятли ўтадиган бўлса, Гулнора Каримованинг миллионлаб, балки миллиардлаб ўзлаштириб олган бойликлари Ўзбекистонга қайтарилади ва бошқа оффшор банклар орқали, бошқалар номи остида яна бошқа бирорта чет элдаги банкларга жойлаштирилади.
Каримов ҳокимиятга келганидан буён ўзи содир этган барча жиноятларида бошқа бировларни “қурбон қилиши” Ўзбекистонда одатий ишга айланиб қолган. Бу сафар ҳам Каримов ўзининг анъанасига содиқ қолган ҳолда учинчи бир тарафни “бахридан” ўтади. Натижада ўзи ҳам, қизлари ҳам, бошқа қариндош-уруғлари ҳам “сувдан қуруқ чиқишади”.
Абдураҳмон Одилов
2014 йил 21 феврал
Maqolaga gap yuq buni agar Video kilip qilinsa ajoyib bulardi
bu iflos zolim karimov o’lmadi biz qutilmadik yana halqni aldab hiyla qilyabdikanda bu iflosni oyila poylasi to’da po’dasi bilan gumdon qilish kerak