“Озодлик” радиоси тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 20 январь куни қабул қилган “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, мамлакатга олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолият тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида” қарор билан шу масалага оид икки низомни тасдиқлади.
Низомларнинг биринчиси билан диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, мамлакатга олиб кириш ва тарқатиш тартиби белгиланса, иккинчиси билан диний мазмундаги материалларни давлат диншунослик экспертизасидан ўтказиш тартиби белгилаб қўйилгани хабар қилинди.
Биринчи низомга биноан диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, мамлакатга олиб кириш ва тарқатишга ўша материаллар давлат диншунослик экспертизасидан ўтказилганидан кейингина рухсат берилади.
Айтилишича, диний мазмундаги материалларда (масалан, китобнинг унвонида) унинг тўлиқ номи ва мундарижаси, муаллифи тўғрисида маълумотлар, ношир, материал қачон ва қаерда чоп этилгани, адади ва бошқа маълумотлар давлат тилида берилган бўлиши лозим.
Туркистон: Каримов кўрсатмаси асосида ишлаб чиқилган ва фақатгина Каримов ҳамда унинг атрофидаги бир гуруҳ шахслар манфаатини ҳимоя қилувчи, Каримов томонидан хоҳлаган вақтда ўзгартирилиб ва қўпол равишда бузиб келинаётган Ўзбекистон конституциясининг 61-моддасида “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди” деб ёзиб қўйилган бўлсада, расмий ҳукумат ва махсус кучлар томонидан Ўзбекистондаги ҳар қандай диний бирлашмалар кучли назорат остида ушлаб турилиши ҳамда ҳукумат олиб бораётган сиёсатга мос келмайдиган барча диний бирлашма аъзолари таъқиб ва тазйиққа олинаётгани ва узоқ йиллардан буён қамоқда қолаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Мазкур жорий этилган янги қонун эса шу вақтга қадар амалда бўлган ҳамда диндорларни барча ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилинишини ҳамда диндорларни янада кучлироқ назорат қилинишини қонунийлаштириб беришга хизмат қилади холос. Шу вақтга қадар Ўзбекистондан қандай диний адабиётлар тақиқлангани тўғрисида бирорта ҳам рўйхат оммага ошкор этилмаган. Шу сабабли ҳукумат ҳар қандай диний адабиётни ўзи хоҳлаган вақтда тақиқланган адабиёт сифатида– жойнамоз сақлаш расман таъқиқланмагани ҳолда битта жойнамоз топилгани учун жаримага тортгани каби – баҳолаши мумкин.