МСК Ош мэрлигига сайлов натижаларини тасдиқлади

472
0

images (15)

 Қирғизистон республикаси сайловлар ва референдумлар ўтказиш бўйича Марказий сайлов комиссияси 20 январ куни бўлиб ўтган йиғилишида, Ош шаҳар мэрлиги учун бўлиб ўтган сайловлар натижаларини тасдиқлади.

Сайлов натижалари бўйича битта шикоят келиб тушган, аммо кечикканлиги сабабли, бу шикоят кўриб чиқилмади. Овоз бериш жараёнида қонун бузилиш ҳолатлари рўйхатга олинмаган. Натижада МСК аъзолари 2014 йил 15 январ куни бўлиб ўтган овоз бериш баённомаси ва жанубий пойтахт мэрлигига сайловлар натижаларини тасдиқладилар.

Шундай қилиб Айтмамат Қодирбоев расмий равишда шаҳар бошлиғи лавозимига киришди. МСК аъзолари уни ғалаба билан табриклаб, гувоҳнома топширдилар. Бишкекка келган Ош шаҳрининг янги мэри самолётга кечикаётганини айтиб, журналистлар билан суҳбатлашишга рози бўлмади.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев уч йилдан бери амалга оширолмай келаётган иши, Ош шаҳар мэри Мелис Мирақматовни лавозимидан бўшатиш масаласини ниҳоят 15 январ куни амалга оширишга муваффақ бўлди. Аммо президент ўзининг бу иши билан заифлашиб бораётган мухолифатни оз бўлсада кучайишига сабабчи бўлди.

Айнан ўша куни яъни, 15 январда Иссиқкўл вилояти Саруу қишлоғида бўлиб ўтган ва 500га яқин одам йиғилган мухолифатнинг қурултойида иштирок этган “революциялар бульдозери” деб ном олган Азимбек Бекназаров  “бу митинг учинчи революцияни бошланиши эканлигини, чунки Ош мэрлиги учун  ўтаётган сайловлар “Қирғизистон тарихидаги энг уятли бўлганини”, ҳукумат эса Акаев ва Бакиев йўлидан кетаётгани” маълум қилган эди.

Ошда бўлиб ўтган Мирзақматовнинг тарафдорлари митингида эса, шу вақтга қадар бирорта мухолифат раҳбари йиғишга муваффақ бўлмаган ўн мингдан зиёд одам иштирок этди. Сайлов натижалари эълон қилингач, жунбушга келган одамлар ҳатто шаҳар мэрлигини ишғол қилишга ҳаракат қилди. Аммо Мелис Мирзақматов “Биз бу ерга мэрияни босиб олиш учун йиғилганимиз йўқ. Биз бу ерда ҳақиқат учун турибмиз. Сизлар мени ҳудди Ташиевга ўхшаб фитнага ундаманглар. Мен сизларни бир бўлишликка ва катта курашга тайёрланишга чақираман. Унга қадар фитнага берилманглар, тарқалишингларни илтимос қиламан”, деган ва “бахорда янги куч билан қайтиб келишлик”ка ваъда бериб, ўз тарафдорларини сабр қилишга ундаган эди.

Шаҳар мэрияси биносини босиб олишга ҳаракат қилганларга ва президент портретини ёққан Ош вилояти ички ишлар бошқармасининг собиқ раҳбари полковник Абдулла Капаровга қарши жиноий иш қўзғаб, ҳукумат яна бири хатога йўл қўйди. Бу билан расмий ҳукумат ёниб турган оловга ёғ қуйгандек бўлди.

Азимбек Бекназаров Мирзақматовни мэрлик лавозимига сайланмай қолганидан фойдаланиб тарқоқ ҳолга тушиб қолган мухолифат бошини бирлаштиришга ва бахор ойларига чиқиб ҳукумат учун янги муаммони пайдо қилишга ҳаракат қилиши мумкин. Бунинг учун Бекназаров атрофига ҳукуматдан “жабр кўрган” ва ўзларича ҳақиқатни излаб юрган “аламзада”ларни йиғиб, уларга ўзи бош бўлишни ва қолганларга ҳам ҳукуматдаги турли лавозимларни ваъда қилиб, учинчи инқилобга тайёргарлик кўришни бошлаган бўлиши табиий.

Шундай экан кунлар исиб, одамларни майдонда ушлаб туриш осон бўладиган вазиятда ҳукумат янги ўзгаришларга тайёрланиши керак бўлади.

Абдураҳмон Одилов

21 январ 2014 йил.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here