Турк ҳукуматини ларзага солаётган сиёсий ва молиявий коррупция шармандалиги

410
0

images

Саволга жавоб

Турк ҳукуматини ларзага солаётган
сиёсий ва молиявий коррупция шармандалиги

Савол:

Эрдоган 2013 йил 25 декабрда янги ҳукумат тузилишини эълон қилди ва унда ўн вазирни ўзгартирди. Бу уч вазир истеъфога чиққанидан кейин бўлди. Уларнинг орасида Эрдоганни ҳам истеъфога чиқишга чақирган экология вазири ҳам бор. Бу турк ҳукуматини ўн кунга яқин ларзага солиб келган сиёсий ва молиявий коррупция жанжалидан кейин рўй берди. Бундан олдин 2013 йил 20 декабрда ҳукумат ва унинг партиясига яқин 49 шахсдан 24 шахс қамоққа олинган эди. Улар 2013 йил 17 декабрда коррупцияда айбланиб терговга ўтказилишган эди… Шундан кейин бош вазир уларнинг фош бўлишига сабаб бўлган ва қамоққа олинишларига олиб келганларга қарши қаттиқ ҳужум қилди, ўнлаб кишиларни хавфсизлик департаментларидан четлаштириб, уларни Фатҳуллоҳ Гюлен жамоатининг эркатойлари деб атади ва бу жамоатга қарши бутун ғазабини тўкиб солди… Эрдоган Туркиядаги Америка элчиси номига ҳам танқид йўллади. Эрдоган билан Фатҳуллоҳ Гюлен жамоати ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам алоқасини душманлик алоқасига айлантириб юборган нима янгилик юз берди? Илтимос шуни имкон қадар батафсил ёритиб берсангиз, чунки Эрдоганнинг ана шу жамоатга нисбатан тутган ишларидан кейин бизга ишлар чалкашиб кетди. Қолаверса Эрдоганнинг Америка элчисига нисбатан айтган гаплари нимага далолат қилади? Зеро Эрдоганнинг Америка билан алоқаси уни Американинг Туркиядаги одами деса бўладиган даражада қизғиндир.

Жавоб:

Муқаддималар (олдин бўлиб ўтган ишлар) ва натижаларни кўриб чиқилса бу саволга жавоб қуйидагича эканлиги аён бўлади:

1 –  Бу терговлар ва қамоққа олинишларни эълон қилиниши ҳукумат, унинг партияси ва бош вазири Эрдоганнинг ғазабини қўзғади. Чунки булар ҳукумат ва унинг ҳукмрон партиясига эркатой бўлган шахсларга қарши йўналтирилган. Уларнинг орасида ҳукуматдаги вазирларнинг тўрт ўғиллари, Истанбулдаги Фотиҳ минтақаси муниципалитети раиси, халқ банкининг директори бор… Уларнинг орасида шу партияга яқин бўлган бизнесменлар ҳам бор. Бу жанжал Туркия уч ойдан кейин, яъни 2014 йил 30 мартда бўладиган маҳаллий сайловлар арафасида турган бир пайтда рўй бермоқда. Эрдоган шу сайловлардан бир неча ой кейин, 2014 йил 26 августда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига ўз номзодини қўйиш учун шу сайловлар орқали ўз рейтингини мустаҳкамлаб олишни умид қилаётган эди. Президентликка овоз бериш бевосита халқ томонидан бўлади. Бугунгача бошқача бўлиб келаётган эди. Чунки жумҳурият президенти парламент томонидан сайланар эди. Шунинг учун ҳам Эрдоганнинг қарши муносабат билдириши жуда ғазабли бўлди. Шунинг учун у хавфсизлик идорасининг Фатҳуллоҳ Гюлен жамоатига тобе мудирларини ўзгартирди ва «Миллият» газетасида 2013 йил 18 декабрда ёзилганидек бу жамоатнинг суддаги одамларига бундай деб таҳдид қилди: «Лекин суд соҳасида ишловчилар ҳуқуқ ва қонунларни ҳурмат қилишлари лозим, улар бир муайян томон кўрсатмалари билан ҳаракат қилмасликлари керак… Суд соҳасида ишловчи ҳеч кимнинг одатий бўлмаган нарсалар борасида ижроий ҳокимиятга босим ўтказишга, буйруқ ва кўрсатмалар беришга ҳаққи йўқ… Сизлар судга агар одамларга қайсидир турдаги босимни пайдо қилиш учун кўрсатма берган бўлсангиз, у ҳолда биз қилишимиз керак бўлган нарсани қиламиз ва уни аллақачон қилдик ҳам». Эрдоган: «Биз уни аллақачон қилдик ҳам» деган сўзи билан хавфсизлик идорасининг бир неча мудирлари вазифасидан бўшатилганига ишора қилди… Эрдоган ўзининг Гюлен жамоатига нисбатан тутган позициясига хайрихоҳлик пайдо қилиш учун бу ерда хориждан туриб бошқарилаётган бир фитна бор деган мазмунда бундай деди: «Охирги кунларда бўлиб ўтган ҳодисаларнинг чўзилиб кетган халқаро кўлами бор, чунки улар хорижга тобе бўлган ичкаридаги ижрочилар томонидан амалга оширилган амалиётдан иборатдир». Унинг бу сўзлари ўша газетанинг ўзида келди… Қолаверса Эрдоган 2013 йил 20 декабрда жамоатчилик қўллаб-қувватловини ўз томонига оғдириш учун Самсунда тўхтаб ўтиши чоғида бундай деди: «Элчи баъзи тил бириктирув ишлари доирасига кириб аралашиб юрибди, шунинг учун мен у ўз вазифасини қилиши тўғрисида унга нидо йўллаб бундай дейман: эй элчи, агар ўз вазифангиз доирасидан чиқиб кетадиган бўлсангиз, у ҳолда ҳукуматимиз ўз салоҳият доирасидаги барча ишларни қилади…». (Миллият 2013 йил 21 декабр). Эрдоган бу сўзлари билан Америка элчисига ишора қиляпти. У буни «Стар», «Янги шафақ», «Оқшом» каби айрим турк газеталари Американинг Анқарадаги элчиси Риккардоненинг 2013 йил 17 декабрда Европа Иттифоқининг айрим вакиллари билан учрашгани хақида тарқатган хабарга изоҳ бериб айтди… Ана шу хабарда Америка элчисининг ҳодисаларга аралашганига ишоралар бор… Шундай қилиб Эрдоган Гюлен жамоатига нисбатан айтган гапларида ғазаб отига, Америка элчисига нисбатан эса огоҳлантириш чўққисига минди.

2 –  Гюлен жамоати ҳақида айтадиган бўлсак, маълумки бу жамоат Эрдоган ва унинг партиясини у 2002 йилда ҳокимиятни ўз қўлига олганидан бошлаб қўллаб-қувватлаб келди… Ҳукумат бу жамоатнинг кўпгина муассасаларига киришига ҳамда бир неча йирик махсус дарслар марказларига бошчилик қилишига йўл берди. Ана шу марказлар бу жамоатга талабалар тўлайдиган пулларни йиғиб берадиган бўлди. Айни вақтда бу марказлар ана шу талабалардан кўпчилигини шу жамоат билан бирга ишлашга тайёрлайдиган ҳам бўлди… Буларнинг барчаси яширин эмас, очиқ-ошкор олиб борилди. Чунки Эрдоган бундан бирон хатар келиб чиқишидан қўрқмас эди. Айниқса бу жамоат воқеси эшон ва унинг муридларига ўхшаш бўлгани, яъни бу жамоат ўз программасига эга бўлган ва шу программасини амалга ошириш учун ҳокимиятга келиш тўғрисида рақобатлашадиган бир сиёсий ташкилот эмаслиги учун Эрдоган бундан бирон хатар туғилишидан қўрқмас эди… Шунинг учун Эрдоган уларга катта аҳамият бермас эди. Айниқса бу жамоат ҳам худди Эрдоган каби Америка чангали бўлгани учун – гарчи бу малайлар услублари ва роллари турлича бўлса ҳам – Эрдоган уларга катта аҳамият бермас эди… Бу иккаласи муассасалар устидан ҳукмронлик ўрнатиш ва инглизларга малай миллатчилар структурасини синдиришга ҳисса қўшди. Мақсад Американинг муассасаларга шу жамоат ёрдамида суқилиб кириб олишига имкон яратиш эди. Американинг Эрдоган ва унинг партияси ёрдамида армия ва сиёсий доирага суқилиб кириб олишига ҳам имкон яратиш эди… Шундай қилиб бу партия ва жамоат Американинг Туркиядаги чангали бўлиб қолди. Иккаласининг биргаликда алоқаси битта томонга ёрдам, дўстлик ва малайлик алоқаси бўлиб қолди… Бундан ташқари Америка Эрдоган бошқарувининг бошланишида Туркияда ўзининг одамларидан иборат бир кучли бирлашган уюшма бўлишини истаган эди. Чунки инглизлар кучларининг ўша пайтда ҳали суд ва армияда таъсирли кучи сақланиб қолган бўлиб, Америка бу куч билан ҳисоблашишга мажбур эди… Буларнинг барчаси Американи Эрдоган ва унинг партияси билан Фатҳуллоҳ Гюлен жамоати ўртасидаги алоқа ҳеч қандай кескинликларсиз соф бўлишини зўр бериб исташига олиб келди. Бу вазият 2010 йилнинг бошигача давом этди. Бу вақтга келиб бир қанча ҳодисалар юз бериб Эрдоган билан Фатҳуллоҳ Гюлен ўртасида ихтилоф уруғлари экилди. Бу келишмовчиликларнинг биринчиси Фатҳуллоҳ Гюленнинг 2010 йил 31 май тонгида яҳуд давлати Мармара кемасига ҳужум қилганлиги ҳодисаси борасида юборган мактуби бўлди. Гюлен ўзининг мактубида бундай деб ёзган эди: «Бу кеманинг Исроил регионал сувларига кириши катта хато бўлди, Тель-Авивдан изн олиш зарур эди». Гюлен кема позициясини хато санаб яҳуд давлати хатти-ҳаракатини ёқлаб яҳудийлар кемадаги айрим кишиларни ўлдиришга ҳақли эди деган бўлса, Эрдоган кема ва ундаги йўловчилар томонида турди. Эрдоган Фатҳуллоҳ Гюленнинг мактубини шахсан ўзига йўлланган мактуб деб ҳисоблади. Шунга қарамай иккала томон юз берган нарсани енгиб ўтиб уларнинг ўртасидаги алоқа яна яхшиланди. Шунинг учун Фатҳуллоҳ 2010 йил 12 сентябрда Эрдоган конституцияга ўзгартириш киритишлар бўйича ўтказишга чақирган референдумни қўллаб-қувватлади. Бунда Фатҳуллоҳ Гюленнинг референдумда «ҳа» деб жавоб берганларнинг «палласи» оғир келишида таъсири бўлди. Чунки Гюлен ўзининг Америкадаги қароргоҳидан туриб шу референдум ўтказилишидан бир неча ҳафта олдин турк халқини конституцияга ўзгартиришларни маъқуллаб овоз беришга чақириб: «Бу ўзгартириш киритишлар – гарчи чекли бўлса-да – лекин уларнинг узоқ кўлами бор ва улар бамисоли янада кўпроқ эркинликлар ва демократияни амалга ошириш сари ҳаракатланиш нуқтаси ўрнидадир», деди. Оқибатда Эрдоган бу референдумда ғолиб чиқди. Чунки конституцияга ўзгартириш киритишларни ёқлаб овоз берганлар 58 %ни ташкил қилди. Шундан кейин ҳукмрон партия қароргоҳи олдида кўп сонли халқ йиғилган тантаналар ўтказилди…

Ана шу ёқлаб овоз беришдан кейин муассасаларда катта ўзгариш рўй бериб бўшатилган миллатчилар вазифаларини шу жамоат одамлари эгаллади. Судьялар ва давлат прокурорлари олий кенгаши структурасида ҳам ўзгариш бўлди, янги вазифалар пайдо бўлди. Буларнинг барчаси жамоат фойдасига бўлди. Бу эса бу жамоатни ана шу таъсирли муассасаларда кучли нуфузга эга қилиб қўйди. Оқибатда бу жамоат бир неча муҳим судлар ҳамда судьялар ва давлат прокурорлари олий кенгашига тобе махсус судлар устидан ҳукмрон бўлиб олди.

3 –  Шундан кейин 2011 йил бошланиши билан иккаласининг ўртасидаги ишлар чигал тус олди. Чунки Эрдоган бу жамоатнинг хавфсизлик идорасига ва судга суқилиб кириб олиб ўзига танглик туғдирадиган бўлиб қолганини ва ўз ҳукмини ўтказишга урина бошлаганини сезди… Иш энди илгаригидек бу жамоатнинг Эрдоганни қўллаб-қувватлашидан иборат бўлмай қолди. Шу вақтдан бошлаб Эрдоган билан Гюлен жамоати бир-бирига қарши қуйидагича иш қиладиган ва қарши муносабат билдирадиган бўлиб қолди:

а)   Эрдоган 2011 йил бошидан бошлаб бу жамоат таъсирини қисқартиришга ҳаракат қилишга киришиб, бу жамоатга мансуб одамларни 2011 йилдаги сайловларда парламент аъзолигига номзодлар рўйхатидан тушириб қолдирди, сўнгра бу жамоатнинг баъзи аъзоларини хавфсизлик идораси ва баъзи судлардаги мансаблардан бўшата бошлади…

б)   Шундан кейин бу жамоатнинг ахборот воситалари Эрдоганга қарши ҳужум бошлади. Ахборот воситалари бу билангина кифояланмади, балки миллий махсус хизмат идораси бошлиғи Ҳакан Фиданнинг Ўжалон партияси Курдистон Ишчилар партияси раҳбарияти билан 2009-2010 йилларда олиб борган курдлар масаласи ечимига оид сўзлашувлар ҳақида 2011 йил сентябрда тарқатилган видеотасмада келган нарсани зўр бериб тарқатишга киришди. Ана шу сўзлашувлар ўша вақтда эълон қилинишдан олдин муҳитни ҳозирлаш учун яширин ўтказилган эди. Натижада бу жамоат ана шу видеотасмани тарқатишга алоқадорликда айбланди. Бу жамоатга хайрихоҳ бош прокуратура бошлиғи 2012 йил 7 февралда махсус хизмат бошлиғи Фидан билан тергов ўтказишни талаб қилди…

в)   Эрдоган бу масалани ўзига нисбатан бир тақдирий масала деб ҳисоблади. Чунки бу масала бош вазирга алоқадор бўлиб, давлатнинг ўз хавфсизлик хизмати орқали Курдистон Ишчилар партияси билан бўлган боғланишларига тааллуқли сирларни фош қилиб қўяр эди. Шунинг учун Эрдоган хавфсизлик хизмати бошлиғини ҳар қандай қонуний таъқибдан қаттиқ ҳимоя қилди. Буни парламент томонидан шунга тааллуқли: «махсус хизмат соҳасида ишлайдиганлар ва бош вазир томонидан махсус ишларни бажариш вазифаси юкланган шахслар билан тергов ўтказиш мумкин эмас, у фақат бош вазирнинг рухсати билангина мумкин» деган қонунни чиқартириш орқали амалга оширди. Шундан кейин Эрдоган Анқара, Истанбул ва Измирдаги хавфсизлик идораларида тозалаш амалиётини ҳам ўтказди. Бу тозалашлар таълим тизими ва суд тизимида ҳам ўтказилиб, Гюлен жамоатининг одамлари вазифаларидан олиб ташланди…

г)   Шундан кейин бу жамоатга кучли таъсир қилган қадам ташланди. У хусусий дарс бериш марказларини бекор қилиб уларни давлат дарс программаси ўқитиладиган махсус мактабларга ёки ўрта мактабларга айлантириш борасидаги Эрдоган режаси эди. Бу марказлардан мингга яқин марказ шу жамоатга тобе бўлиб, бу марказлар ҳукумат мактабларида олган паст билим даражаларини кучайтириб университетларга кириш учун шу марказларга қатнайдиган талабаларнинг ота-оналаридан баланд нархдаги тўловларни оларди. Жамоат бу марказлар ортидан қуйидаги икки асосий мақсадни кўзлаган эди: пул топиш ва ана шу талабаларни жамоат томонига оғдириш. Шунинг учун Эрдоган ҳукумати таълим тизимида ўзгаришлар ўтказиб бу марказларни давлат программалари бўйича ўқитиладиган ва давлат назорати остида бўладиган махсус мактабларга айлантириш ҳамда университетларга кириш тартибини ўзгартириш режасини тузди. Бунда иккинчи босқич мактабини тугаллагандан кейин университетларга кириш учун тайёрлов йиллик курсини бекор қилинадиган бўлди. Иккинчи босқич мактаблари кўпгина ота-оналарнинг ўз фарзандларини – улар университетларга кира олишлари ва ўзлари истаган факультетда ўқишларига имкон берадиган олий дипломларни қўлга киритишлари учун – ана шу марказларга юборишга мажбур бўлишларига сабаб бўлаётган эди. Бу марказлар бекор қилинадиган ёки ёпиб қўйиладиган бўлса бу жамоат пул топиш ва шахсларни ўзига оғдириш соҳасида зарар кўради. Шу сабабли Эрдоган ўзининг шу марказларни бекор қилиб уларни давлат программаси ўқитиладиган махсус мактабларга айлантириш тўғрисидаги режасини эълон қилган пайтда бу жамоат телбаланди. Шунинг учун бу жамоат Эрдоганнинг 2014 йил 30 мартда ўтказиладиган маҳаллий сайловларда ғолиб чиқишига таъсир ўтказиш учун Эрдоган ва унинг партиясига қарши иш қилиш тўғрисида фикр юритишни бошлаган кўринади.

д)   Шундан кейин коррупция жанжали ва қамоққа олишлар юзага келиб, Эрдоган ҳукумати аъзолари, унинг партиясидаги кишилар, унга яқин кишилар қамоққа олинди. Бунда айбдор қилиб Фатҳуллоҳ Гюлен жамоати кўрсатилди. Чунки Гюлен жамоати акс муносабати ўша кишиларни айбдор қилиб кўрсатган эди. Шунинг учун бу жамоат қамоққа олишлар ва терговлардан ўзининг ўта хурсанд бўлганини изҳор қилди, ўзининг ахборот воситаларида бу қамоққа олишлар ва терговларга зўр бериб тарғиб қилди, Эрдоган устидан ичи қоралик билан кулди… Лекин Эрдоганнинг хавфсизлик департаментида истеъфога чиқариш ва бошқа вазифага ўтказишдан иборат тезлик билан кўрган ўзгартириш чоралари – бунда Эрдоган шу жамоатга тобе бўлган бир неча хавфсизлик мудирларини истеъфога чиқарди – жамоат хурсандлигини қайғу ва хафаликка айлантирди. Шунинг учун жамоат бу ўзгартиришларга тўсиқ қўйишга ёки ташвиш туғдиришга, бу ўзгартиришлар ноқонуний ёки уларни ижро қилиб бўлмайди деб уқтиришга уриниб кўрди. Жамоатни қўллаб-қувватловчи ахборот воситалари ҳукуматнинг хавфсизлик мудирларини 2013 йил августдан бошлаб шу бугунгача ўзгартириш ҳақидаги қарорини жумҳурият президенти рад қилиб унга розилик бермаган деган хабарни тарқатди. Шундан кейин жумҳурият президенти канцелярияси 2013 йил 20 декабрда дарҳол жумҳурият президенти Абдуллоҳ Гул томонидан Гюлен жамоати тарқатган хабар ёлғон деб чиқарилган баёнотни тарқатди. Шундай қилиб бу жамоатнинг Абдуллоҳ Гул билан Эрдоган ўртасида бўлиниш ва келишмовчилик бор деб кўрсатишга уриниши барбод бўлди! Шундан кейин жамоат Эрдогандан ғазабланиб портлади. Чунки у бу ўзгартиришлар ўзининг юрагига зарба бўлиб тушганини ҳис қилди. Шунинг учун жамоат раиси Фатҳуллоҳ Гюлен ўзининг Америкадаги Пенсильвания штатидаги қароргоҳидан туриб ўзининг ёзиб олинган ғазабли нутқини тарқатди. Унинг жамоатига тобе ахборот воситалари унинг бу сўзларини 2013 йил 21 декабрда нашр қилди. Унинг нутқида қуйидаги дуо ҳам бор: «… Ё Аллоҳ, ўғриларнинг йўлини бўшатиб қўйган, бу ўғриларни таъқиб қилган кишиларни эса қамоққа ташлаган кимсаларни ерга юттириб юбор, жиноятчилардан кўз юмиб, бу жиноятчиларни таъқиб қилган кишиларни хунук қилиб кўрсатган кимсаларни ерга юттириб юбор, уларнинг уйларини ёндириб юбор, масканларини вайрон қил, иттифоқларини тарқоқ қилиб ташла, илдизларини қурит, фалокат, зиёнларини ўзларининг ўртасида қилиб қўй, уларнинг устидан бизни ғолиб қил…». Унинг жамоатига йўлланган зарба янчиб ташловчи ёки ҳалокатли бўлмаса-да, лекин қақшатқич бўлгани кўриниб турибди.

4 –  Шундай қилиб 2010 йилдан бошлаб ишлар Эрдоган билан Фатҳуллоҳ Гюлен ўртасида ўзгариб кетди. Бу ишлар кейинги уч йил ичида то шу бугунгача янада кескинлашди… Бу жамоат ва унинг Пенсильванияда яшаётган раиси Америкага кўрсатган хизматлар: Аллоҳ динига қарши чиқишга журъат, Халифалик низомига душманлик, бу жамоатнинг охирги нафасигача Америка манфаатларини қўллаб-қувватлаши… буларнинг барчаси Гюленни – у ўзининг Эрдоган билан ким ўзарга мусобақалашиб ва ундан-да ошириб Америкага қилган хизматлари туфайли – Америка розилигига эришди, шунинг учун Америка уни Эрдоган ўрнига малай қилиб олади ва Эрдоганга қарши туришда уни қўллайди деган хаёлга олиб келган кўринади. Шунинг учун Гюлен Эрдоганга тазйиқ ўтказа бошлаган эди. Жамоатнинг Америкага қилган ва Гюленни Америка уни Эрдоган ўрнини эгаллайдиган яна бир малай сифатида қўллайди ва Эрдогандан воз кечади деган ўйга олиб келган хизматларидан баъзилари қуйидагилар:

а)   Гюленнинг «мўътадил ислом»га ёки тўғрироқ айтганда илмонийлик ва демократия фикрлари билан аралаш-қуралаш бўлиб кетган «ўзгартирилган ислом»га фаол даъватлари. У бу фикрларни зўр бериб ҳимоя қилади, одамларни шу фикрларга йўналтиради, бунда жамоатнинг ахборот воситаларидан фойдаланади.

б)   Бу жамоат динлар ўртасидаги диалог, айниқса яҳудий ва насронийлар билан диалог мавзусида фаол ҳаракат олиб боради, барчани мўминлар деб ҳисоблаб уларни мусулмонлар билан тенглаштиради, улар учун ва нусайрийлар учун масжидлар ёнида ибодатхоналар қуришга чақиради.

в)   Бу жамоат Халифаликни ва Исломий давлатни тиклашга чақираётган барча жамоатларга ҳужум қилади, уларни «экстремизм» ва «терроризм»да айблайди, ўзи эгалик қилган ахборот воситалари ёрдамида ўзининг ғаразли ташвиқотларини олиб боради, одамлар ҳақидаги маълумотларни чақимчилик қилиб хавфсизлик ва суд идораларига етказиб туради.

г)   Бу жамоат раҳбари 1999 йилдан бошлаб АҚШни ўзига қароргоҳ қилиб олди, унинг Америка масъуллари ва Америка разведка ходимлари билан учрашувлари кенгайиб бормоқда, у Америкада америкаликлар манфаатлари тегирмонига сув қуядиган позициялар, фикрлар ва қарашлар мазмунидаги маърузаларни қилади. У олдин Американинг Ироқ ва Афғонистонга қилган босқинчилик урушини қораламаган бўлса, ҳозир унинг турли ахборот воситалари Сурияда қўзғолон кўтарган исломий ҳаракатларга ҳужум қилмоқда, уларни террорчи деб атамоқда, уларни хунук кўрсатишга ҳаракат қилмоқда, Американинг бу исломий ҳаракатларга қарши позициясини қўллаб-қувватламоқда.

д)   Гюлен ўзининг яҳуд вужудини қўллаб-қувватловчи позицияси билан танилган, шунинг учун у 2010 йил май ойи охирида Ғазо аҳолисига ёрдам учун Мармара кемаси юборилганини қоралаб чиқди, яҳудийларнинг бу кемага зарба беришга ҳақли эканини айтди, қурбон бўлган турклар оилаларига таъзия билдирмади, уларни шаҳидлар деб ҳисобламади. Ваҳоланки у 1991 йилда Саддамнинг яҳуд вужудига зарба берганини қоралаб чиққан ва ана шу зарба оқибатида ўлган яҳудийларга ачиниб аламлангани ҳақида жар солган эди… Унинг интернетдаги сайти унинг 1998 йилда яҳуд вужудидаги шарқлик яҳудийлар раввини Элияху Дорон билан учрашгани акс эттирилган суратини нашр қилган.

Юқорида айтилганлар Гюлен жамоатининг Америкага кўрсатган хизматларидан бир томчиси, холос. Бу жамоат ўзининг бу хизматлари билан Америка бу жамоатни Эрдогандан муқаддам қўяди деб ўйлаган эди. Кучлироқ эҳтимол шуки, жамоатнинг бу гумони унинг ўзини ҳалок қилади. Чунки Америка Эрдоганга ўзининг манфаатларини амалга оширишга Гюлен ва унинг муридлари жамоатидан кўра қодирроқ бўлган бир сиёсий партия етакчиси сифатида қарайди! Қолаверса Америка Туркия ичкарисида ўзи эришган нарсага бошқа вақтда ва бошқа жойда эришолмаган. Унинг Туркиядаги нуфузи фақат Эрдоган бошчилигидаги сиёсий партия орқали бўлади. Шунинг учун Америка Эрдоган орқали ўзининг сиёсий лойиҳаларини амалга ошириш учун Эрдоганни қўллаб-қувватламоқда. Айниқса Америка ўзининг курдлар масаласига тааллуқли режасини, ичкари ва ташқаридаги бошқа режаларини, жумладан Сурия масаласи борасидаги режасини шу Эрдоган ёрдамида амалга оширмоқчи. Ҳатто Эрдоганга босимлар кучайиб у, масалан истеъфога чиққан тақдирда ҳам Америка Фатҳуллоҳ Гюленга эмас, Адолат партиясидаги бошқа бир кучли шахсга таяниши эҳтимоли кучлироқдир. Чунки Фатҳуллоҳ Гюлен жамоати воқеси шундан иборатки, у сиёсий бўлмаган ҳаракат бўлиб, доимо сиёсий партиялар соясида бўлиб келган, у ким ғолиб бўлса ўша билан бўлади. Масалан бу ҳаракат ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Турғут Ўзалнинг Она Ватан партияси билан бирга бўлган бўлса, кейинчалик Рафоҳ партиясини қўллаб-қувватлади, 1998 йил Эрбакон бошчилигидаги Рафоҳ партияси қулаганидан сўнг бу ҳаракат Эжевит бошчилигидаги демократик партия билан бирга бўлди, Адолат ва Тараққиёт партияси таъсис этилганидан кейин унинг соясига кириб олди. Шунинг учун бу ҳаракатга ўз манфаатларига эришиш учун ҳукмрон сиёсий партияларни қўллаб-қувватлайдиган бир оппортунист (манфаатпараст) ҳаракат сифатида қаралади. Шунга кўра бу ҳаракатнинг Эрдоган билан сулҳ тузишга ҳаракат қилиши кутилади. Чунки бундай қилмаса зиён кўриши аниқ. Ҳақиқатдан ҳам бу нарса жамоат ва унинг тобелари хатти-ҳаракатларида кўзга ташлана бошлади. Чунки Гюлен Эрдоганга зимдан ҳужум қилишдан чекинди. Ваҳоланки у Эрдоганни бир ойча олдин Фиръавн ва Намруд деб атаган эди. Чунки у ўз тобеларига мурожаат қилган видеотасмада: «Агар Фиръавн ва Намруд сизларга қарши бўлса, демак сизлар ҳақ устидасиз…» деган эди. Гюлен кейинчалик махсус дарс марказлари ўз ҳолича қолдирилиб давлат назорати остига киритилишини таклиф қилиб ён бериш қадамини ташлаган пайтда янада кўпроқ чекинди. Лекин Эрдоган ўзининг қарорида қаттиқ туриб олди. Ҳатто Фатҳуллоҳнинг суд ва хавфсизлик идорасидаги одамлари олдида ҳам Эрдоганга қарши кўп нарса қолмади. Чунки улардан бир нечаси қамоққа олинди, ўз мансабларида қолганлари ҳам бир қарорга келишда иккиланишда давом этишди. Масалан баъзи судлар Эрдоганнинг судлар ишларни хавфсизлик мудирларидан ўз раислари розилигисиз бевосита қабул қилмасликлари лозимлиги тўғрисидаги қарорини маъқуллаган бўлса, судлардан озгинасигина бу қарордан бўйин товлашга уринди. «NTV» телевидениесининг 2013 йил 27 декабрдаги махсус ахборот кўрсатувида қуйидагилар айтилди: «Туркия олий суди ҳукуматнинг полиция зобитлари ўз бошлиқларини терговлардан хабардор қилишлари кераклиги тўғрисидаги қарорини бекор қилди». Шу билан бирга араб тилида кўрсатув олиб борадиган Скай Ньюс 2013 йил 26 декабрда билдиришича, бош прокурор Муаммар Аккаш – у калава учлари турк ҳукуматидаги вазирларгача чўзилиб борган коррупция айбловлари бўйича олиб борилаётган терговларга бошчилик қилмоқда – ўзининг бу иш бўйича «кўп босимларга учраётганини» айтиб, «терговларга тўсиқ қўйилганини» кўрсатиб ўтди.

Эрдоган жамоатнинг суд ва хавфсизлик идорасидаги ёрдамчиларига тинимсиз таҳдид ва дўқ-пўписалар қилди. Масалан у Ўрду вилоятидаги Фатса судига борган чоғида бундай деди: «Мен судларга мурожаат қилмоқчиман! Сизлар ижроий ҳокимиятга: орангиздаги кирликларни тозаланглар, демоқдасиз. Лекин ўзингиз ҳам оппоқ, топ-тоза эмассиз. Бизда бу ҳақда маълумотлар бор». (Ҳуррият, 2013 йил 21 декабр). Шундай қилиб Эрдоганнинг мавқеси Фатҳуллоҳ Гюлен мавқесидан кучлироқдир. Лоақал яқин келажакда шундай. Айниқса Эрдоганнинг армиядаги нуфузи таъсирли бўлиб қолганини ҳисобга олинса унинг мавқеи кучлироқдир. Шунинг учун турк ахборот воситалари бундай деб ёзди: Турк қуролли кучлари бир баёнот чиқариб унда «ўзини ҳар қандай қарашлар ва сиёсий ташкилотлардан йироқ тутишини ва турк миллатига вафодорлик билан хизмат қилишини» билдирди. (UPI ва Ҳаёт сайти 2013 йил 27 декабр).

5 –  Энди Эрдоганнинг ўз сўзларида «Миллият» газетаси 2013 йил 21 декабрда нашр қилганидек Америка элчисига имо-ишора қилганига келсак, бу масала қуйидагичадир:

а)   Мазкур коррупция ишлари бўйича ана шу қамоққа олишлар кампанияси чоғида уч газета: «Стар», «Янги Шафақ», «Оқшом» Анқарадаги Америка элчиси Риккардоненинг 2013 йил 17 декабрда Европа Иттифоқининг айрим вакиллари учрашгани ҳақида хабар тарқатди. Бу хабарда Америка элчисининг ҳодисаларга аралашаётганига имо-ишоралар бор эди. Бу газеталарнинг даъво қилишича, турк ташқи ишлар вазири Довуд Ўғлу Америка ташқи ишлар вазири Жон Керри билан боғланиб, унга ташқи ишлар вазирлигининг ва дипломатик корпуснинг элчи хатти-ҳаракатларидан ташвишга тушаётганини билдирар эмиш…

Ваҳоланки Америка элчиси Риккардоненинг ўзи бу хабарни тарқатган айрим газеталарнинг иддиоларини ёлғонга чиқариб, Американинг коррупция бўйича қамоққа олишларга қандайдир алоқаси борлигини рад қилди. У буни ўзининг твиттердаги саҳифасида бундай деди: «Қўшма Штатларнинг порахўрлик ва ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш ишлари бўйича қамоққа олишларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шунинг учун анави хабарлар ғирт ёлғон ва бўҳтондир. Ҳеч ким асоссиз иддиолар билан турк-америка алоқаларини хатарга дучор қилолмайди, зеро икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик иккала мамлакат учун тақдирий аҳамият касб этади». (Миллият, 2013 йил 21 декабр). Лекин Эрдоган гўё бу газеталардаги хабар худди ваъдалашгандек ва вақтида тарқалгандек бу ишдан фойдаланди. Бу эса айрим таҳлилчиларни: «Бу хабар Эрдоган учун, у бу ҳодисаларнинг калава учи хориждаги давлатларгача чўзилиб боради деб айтишда фойдаланиши учун тайёрлаб берилганлиги эҳтимолдан узоқ эмас, бундан мақсад бу ерда бир хорижий тил бириктирув бор экан деган эътиборда одамлар хайрихоҳлигини қозонишдир!» – деб айтишларига ундади. Масалан Эрдоган жамоатчилик фикрини ўз томонига оғдириш учун қилган айланма сафари чоғида 2013 йил 20 декабрда Самсунда тўхтаб ўтар экан бундай деди: «Элчи айрим тил бириктирув ишлари доирасига кириб аралашиб юрибди, шунинг учун мен у ўз вазифасини қилиши тўғрисида унга нидо йўллаб бундай дейман: эй элчи, агар ўз вазифангиз доирасидан чиқиб кетадиган бўлсангиз, у ҳолда ҳукуматимиз ўз салоҳият доирасидаги барча ишларни қилади…». (Миллият, 2013 йил 21 декабр). Лекин бўлгани шу бўлдики, Довуд Ўғлу Керри билан боғланмади ҳам, Эрдоганнинг ўша сўзлари бир оз вақт бўлса-да жонли ҳолда давом этмади ҳам. Аксинча Адолат ва Тараққиёт партияси бош раиси ўринбосари Ҳусайн Челик бундай деб интервью берди: «Қўшма Штатлар элчиси Риккардоненинг твиттер орқали баёнот бериб ўзи айтган гапларга тааллуқли айрим газеталар тарқатган хабарларни ёлғон деганлиги биз учун эътиборга сазовордир». (Ҳуррият, 2013 йил 21 декабр).

б)   Одатда давлатлар бошқа давлатларнинг аралашувларига норозилик билдирса ташқи ишлар вазирлиги ўша давлатга расмий норозилик нотасини юборади ёки элчини чақиради… Шунингдек одатда қайсидир давлат элчиси ўзи элчи бўлиб турган давлат томонидан ўзи ҳақида тарқатилган хабарни ёлғонга чиқарса у ҳам бу давлатнинг ташқи ишлар вазирлигига нота йўллаб ўша хабарнинг ёлғон эканини билдиради… Лекин бўлгани бор-йўғи шу бўлдики, бош вазир оғзаки баёнот чиқарди, Америка элчиси эса твиттер орқали ўз раддиясини тарқатди! Бу эса Эрдоган билан Америка ўртасидаги «даҳанаки жанглар» нўноқ актёрлар ўйнаётган бир спектаклдан бошқа нарса эмаслигини кўрсатиб турибди! Эрдоганнинг Америка элчисига нисбатан айтган «қаттиқ» гаплари қуруқ бақир-чақир эканлигини кўрсатиб турган нарса шуки, «Миллият» газетаси Эрдоган гапларини нашр қилган куннинг ўзида, яъни 2013 йил 21 декабрда худди шу газетанинг ўзи қуйидаги хабарни ҳам тарқатди: «Эътиборни тортадиган нарса шуки, калава учлари ташқи давлатларгача чўзилиб борган коррупция бўйича таъқиб ишлари давом этаётган бир пайтда Америка молия вазирининг терроризм ва молия разведкаси бўйича ёрдамчиси ва маслаҳатчиси Дэвид Коэн – у «Исроил»га яқинлиги билан танилган – Истанбулга келди, у Туркиядаги банклар директорлари билан учрашиб улар билан молиявий ишларни ва Эронга қарши жазо чораларини муҳокама қилади… Америкалик бу маслаҳатчи ҳукуматдаги ҳеч қайси салоҳият эгалари билан учрашмайди»! Бу эса Эрдоганнинг гаплари худди ўқсиз милтиқ каби маъносиз эканига, ёрилиб дами чиқиб кетадиган пуфак каби эканига далолат қилади. Чунки Америка масъуллари мамлакатга хоҳлаган вақтларида кириб ҳеч қайси турк масъуллари билан учрашмай хоҳлаган кишилари билан учрашиб, муҳокама юритишяпти!!

в)   Эрдоганнинг Америкага қарам экани, Туркияда ва ундан ташқарида Америка лойиҳаларини амалга ошириши маълум. Бу лойиҳалар, айниқса Туркия ичкарисида амалга ошириладиган лойиҳалар ўзини тамомига етказишни талаб қилади. Шунинг учун Эрдоган ҳокимиятдан кетса бу лойиҳалар тўхтаб қолиши мумкин… Америка эса Эрдоганни ўзининг кучли одамларидан бири деб ҳисоблайди. Бу кимсалар ҳокимиятни ўз қўлларига олишганидан бошлаб Американинг Туркияда нуфузга эга бўлишига имкон яратиб беришди. Бундан олдин Туркияда инглизлар нуфузи ҳукмрон эди. Инглизлар ўз нуфузини Мустафо Камол Ислом ва мусулмонларнинг ашаддий душмани бўлган инглизлар талабига биноан Халифаликни бекор қилганидан бошлаб ўтган ўн йилликлар давомида армия орқали ўрнатишган эди. Бу Лозанна конференциясида юз берган эди. Бунинг эвазига инглизлар Мустафо Камолни Туркия жумҳурияти президенти қилиб тайинлашди. Ана шу вақтдан бошлаб инглиз нуфузи Туркиядаги ҳокимият устидан ҳукмрон бўлиб олди. Америка бу нуфузни, айниқса армиядаги нуфузни йўқота олмади. Фақат Эрдоган ҳокимиятни қўлга олганидан кейингина Америка бу инглиз нуфузини йўқотди. Чунки бу пайтга келиб инглиз нуфузи заифлашиб, сиёсий майдонда кўринмай қолган эди. Оқибатда инглизларга малай бўлиб келган сиёсий партиялар – улардан энг кўзга кўрингани халқ партиясидир – ўта заифлашиб қолди. Шундай қилиб Америка нуфузи ҳозир Эрдоганнинг бошқарув йиллари давомида ҳукмрон бўлиб олди. Америка нуфузи жумҳурият президентлигида ҳам, бош вазирликда ҳам кўзга ташланадиган бўлиб қолди. Шунинг учун, демак Эрдоганнинг Америка элчисига нисбатан айтган гаплари амалий воқеси бўлмаган қуруқ бақир-чақирдир, холос. Бундай гапларнинг ҳеч бир таъсири йўқлигини Америка ҳам, уларни айтаётган кимса ҳам яхши тушунади…

6 –  Хулоса:

а)   Туркиядаги ҳозирги кризис устида турганлар Америка малайлари Эрдоган ва Фатҳуллоҳ Гюлен.

б)   Америка инглизларнинг ҳисоблашишга мажбур бўлинадиган куч-қудрати бор пайтда Эрдоган ва Гюленнинг ўзаро низолашмайдиган битта куч бўлиб қолишидан манфаатдор эди. Инглизларнинг кучи заифлашгач Америка Адолат ва Тараққиёт партиясининг Фатҳуллоҳ жамоати билан низолашишига индамайдиган бўлди ва уларнинг Америкага малайлик қилишда ва Америка манфаатларига хизмат қилишда бир-бири билан ким ўзарга рақобатлашишларига йўл қўйиб берди.

в)   Кучлироқ эҳтимол Эрдоганнинг лоақал яқин келажакда ҳокимиятда қолишидир. Чунки у ҳамон ўз рейтингини сақлаб келяпти. Ҳатто унга босим кучайган тақдирда ҳам Америка Адолат партиясидаги бошқа шахсни Гюлендан устун қўяди. Чунки Америка Фатҳуллоҳ жамоати бир эшон ва унинг муридларига ўхшаган нарса эканини, у ҳокимиятда бўлиш у ёқда турсин, ўзини сақлаб қолиш учун бирор ҳукмрон сиёсий партия панасига киришдан бошқа илож тополмаслигини яхши тушунади.

г)   Бу Америка ва унинг одамлари ўлчовида шундай. Аммо Уммат ҳаракат қилаётган нарсага келсак, у Умматнинг инглизлар, америкаликлар нуфузини, уларнинг малайлари ва югурдакларини Аллоҳ изни ила таг-томири билан суғуриб ташлаб, Халифаликни қайта тиклашидир. Зеро Росулуллоҳ A бундай дедилар:

«ثُمَّ تَكُونُ خِلاَفَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ»

«… Сўнг пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади». Бу ҳадисни Аҳмад ва Абу Довуд Таёлисий ривоят қилди. Ўшанда Халифаликка ва унинг учун ҳаракат қилганларга қарши курашган барча кимсалар, инглиз, Америка, рус, француз ва бошқа мустамлакачи кофирлар билан биргаликда ҳаракат қилган барча кимсалар мўминлар қўлида расволик, хору зорликка дучор бўлажак.

«Ўша кунда мўминлар Аллоҳ ғолиб қилгани сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишини ғолиб қилур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир»                                                   [Рум 4-5]

                                                                                                                        24 сафар 1435ҳ

                                                                                                                      27 декабр 2013м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here