“Янги йилга” ўзбекча совға

564
0

загруженное (6)

  2014 йил 1 январдан Ўзбекистонда 1 литр бензин нархи 25 сўмга қимматлади. Бунга автомобил ёнилғисидан фойдаланганлик учун жисмоний шахслардан олинадиган солиқ миқдори 240 сўм ўрнига 265 сўмга қилиб белгилангани сабаб бўлди ва эндиликда Аи-80 маркали бир литр бензиннинг янги нархи 1670 сўм, бир литр Аи-91 бензин 1835 сўм, Аи-95 бензин нархи эса 2020 сўмни ташкил этмоқда. Ўзбекистонда бензин нархи охирги марта 2013 йил 1 январида 40 сўмга қимматлаган эди.

2013 йил 25 декабрдаги «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга биноан Солиқ кодексининг бир неча моддасига ўзгартириш киритилди. 2014 йил 1 январдан эътборан жисмоний шахсларга солинадиган мулк солиғи ҳам оширилди. Турар жой, квартира, дала ховли ва гаражлар умумий қийматини 1,2 фоизи миқдарида солиққа тортилади. 2013 йилда бу меъёр 1,04 фоизни ташкил этар эди. Эндиликда бир йил мабойнида шахсий уйини бир мартадан кўп сотиш тадбиркорликка тенглаштирилиб, олинган даромад солиққа тортилади. Бундан аввал жисмоний шахслар ўзларига қарашли шахсий уй-жойни бир йилда кўпи билан икки марта сотишдан тушган даромад учун солиқ тўламас эдилар.

Буларга қўшимча, 2014 йил 1 январдан юридик шахсларнинг абонентлик номеридан фойдаланганлик учун уяли алоқа операторига тўлови 20 фоизга ошади ва 500 сўм ўрнига 600 сўм бўлади. Бу ҳақдаги тегишли қарор Ўзбекистон раҳбари томонидан тасдиқланган. Охирги марта уяли алоқа хизматининг абонентлик тўлови 2012 йил 1 январда оширилган ва ўша пайтда 400 сўмни ташкил қилган эди. Айни пайтда мамлакатда 19 миллион одам уяли алоқа хизматидан фойдаланаяпти, ёки “мухтарам президент” айтганидек ҳар бир оилага ўртача учтадан қўл телефони тўғри келмоқда.

Ўзбекистон президентини бошқа бир қарори билан, 2014 йилда беш тоифадаги жисмоний шахслар: Иккинчи жаҳон урушида Ленинград қамали пайтида ишлаганлар, касбий фаолияти давомида ногирон бўлган ички ишлар ходимлари, Афғонистон уруши қатнашчилари, ўн нафардан кўп бола туққан аёллар, Чернобиль АЭСи фалокатини бартараф этишда иштирок этган жисмоний шахслар солиқ имтиёзидан маҳрум этилди. 

Президент Каримовнинг 2013 йил 2 декабр кунги қарори асосида, “Республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш” мақсади рўкач қилингани ҳолда 2013 йилнинг 15 декабридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,05 баравар оширилган эди.

Энди мана шу арзимаган миқдорда оширилган иш ҳақини бюджетдан сарфланган ўрнини тўлдириш, аҳоли топаётган даромадни қандай қилиб бўлса ҳам тортиб олиш мақсадида одамлардан олинадиган солиқлар миқдорини оширишга киришилди. Олтин, уран, мис, пахта, газ, нефт ва бошқа умумий бойликларни сотиш ҳисобига келган маблағларни хорижий банклардаги ўз ҳисоб рақамларига жойлаётган Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукуматидаги амалдорлар бўшаб қолган давлат ғазнасини тўлдириш ва халқни ўзини ҳисобига ўз иш ҳақларини оширишига тўғри келмоқда.

Ўзбекистонни оддий халқи эса Каримов “раҳнамолигида” “келажаги буюк давлат” сари “тош келса кемириб, сув келса симириб” олға интилмоқда.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here