Ўзбекистонда судлашув мавсуми бошланмоқда

670
0

images (1)

Нафақат ўзбекзабон, балки дунёнинг деярли барча тилларида чоп этиладиган оммавий ахборот восталари орасида ҳам шов-шувларга сабаб бўлган Гулнора Каримованинг твиттер баёнотлари шу қадар кўп бўлдики, эндиги навбат Гулнора ўз твитларида тилга олган одамлар у билан судлашишига етиб келган кўринади.

 Лола Каримова-Тиллаеванинг расмий вэб саҳифасида эълон қилинган баёнотда “Кўпгина оммавий ахборот воситалари менга ва менинг турмуш ўртоғимга нисбатан Гулнора Каримова томонидан қўйилган айблар юзасидан ўз муносабатимизни билдиришимизни сўраб мурожаат қиляптилар. Бўлиб ўтаётган воқеаларга ҳар қандай муносабат билдиришни истамасакда, юзага келган вазият, яъни Гулнора Каримова томонидан мен ва менинг турмуш ўртоғим Тимур Тиллаевга нисбатан ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида диффамация, бўхтон ва пўписалар тарқатилаётганлиги, бизга ҳуқуқшуносларимиз билан маслаҳат бошлаб, Гулнора Каримовага қарши судга даъво қилиш каби қонуний чораларни қўллаш имкониятини кўриб чиқишдан ўзга чора қолдирмаяпти”, – дейилади.

Бунга қўшимча, инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева ҳам Гулнора Каримовани ўзига нисбатан бўхтон қилгани учун судга бермоқчи. Мамлакатда расман рўйхатга олинган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 4 декабр куни Янис Галанос билан ўтказилган интервьюга таянган ҳолда, унинг қийноққа тутилмагани маълум қилган эди. Бу ташкилотнинг раҳбари Васила Иноятова бўлиб, Мўътабар Тожибоева Гулнорани ўзини у билан адаштириб юборганликда айбламоқда.

 

Ўз ходими ҳуқуқлари поймол қилинганидан дарғазаб бўлган Гулнора 8 декабр куни “Мўътабар – фаришта! Уррра! Ўртоқлар УРРРАааа!))))))”, – дея твит қолдирган эди.

Ўз навбатида “Фергана.ру” сайтини асосчиси ва бош редактори бўлган Даниил Кислов ҳам Гулнора билан бўлиб ўтган даханаки жангдан сўнг уни судга бериш ҳақида шама қилиб ўтди.

Кислов Гулнорага интервью бериш ҳақида сўз очганида Гулнора “Бориб ухла! Интервьюга йўл бўлсин. Хозирча машқ қилиб тур ва микрофонингни текшир”, – деб жавоб қайтарди.

Бунга жавобан Кислов “Мен сени “сен” деб атамадим, дамингни ол. Менда унга нисбатан эътироз йўқ. Аминманки, ҳуқуқ органларида бор…” деб ёзди.

Бундан ташқари Гулнора ўз твиттер саҳифаси орқали “…Тиллаевлар тарафидан ёлланган Кислов каби ёзмачилар… ўзлари кўпиртираётган ўйиннинг қанчалик ахмақона эканлигини хали яхшилаб тушиниб оладилар”, – дея таҳдид қилди.

Булар билан бир вақтда, “Zamondosh” сайти ҳам Гулнорани судга тортишини маълум қилди.

Бунинг сабаби Гулнора Каримова Туркиянинг “Hurriyat” газетасига берган интервьюсида “Полковник Юрий Николаевич Савинков ва унинг ўғли Игорь Савинков¸ Ҳаëт ва Жавдат Шарифҳўжаев ва уларнинг ҳамкори Равшан Жўраевларни  Гулнорага қарши қоралаш кампанияси ташкилотчилари сифатида санаб ўтади. Гулнорани сўзларига кўра, “Zamondosh” МХХ полковниги  Юрий  Савинков тарафидан тузилган. Интервьюда Гулнора Каримова бу қоралаш кампанияси ўз синглисининг учинчи эри Темур Тиллаев тарафидан молиялангани”ни айтган эди.

“Биз сизни судга берамиз”, – деб ёзди “Zamondosh”.

Бунга жавобан Гулнора, агар унинг ўзи судга берса, у билан ҳисоблашгани Тиллаев ва Шарифҳўжаевларни қўшганда ҳам пули етмаслигини билдирди.

Булар билан бир қаторда, Гулнора Каримова ҳам ўзига қарши иш юритганларни судга тортиши ҳақида маълум қилди.

“Қайд қилиш керакки, текширув Интернет уюшмалар ва ижтимоий тармоқлар бўйича турли хил йўналишларда бошланди”, дея твитлади Каримова.

@GulnaraKarimovaга кўра, Твиттер компанияси унга қарши “ишлаётган” айрим аккаунтларни ёпган.

“Сизларга шуни маълум қилмоқчиманки, бу кабилар суд олдида жавоб беради.. Судларга аллақачон ноҳуқуқий ҳаракатлар борасида шикоят аризаси топширилди”, дея ёзди Каримова….

Ислом Каримов ўзининг 24 йилдан ошган бошқаруви мобайнида Ўзбекистонда ҳақиқий “ўрмон қонуни”ни вужудга келтирди. Инсон қадри, ҳақ-ҳуқуқи, шахсий мулки ва хавфсизлиги деб аталган нарсалар Ўзбекистонда ҳеч қандай қийматга эга бўлмади. Кучи бор, пули ёки амали бор ҳар қандай амалдор ўзидан ожизларни хорлаш, топташ, молини тортиб олиш ёки қамоққа ташлаш… учун кўнглига келган ишни қилди ва хозир ҳам шундай давом этмоқда.

Аммо бу “ўрмон қонуни”нинг яна бир тарафи бўлиб, агар тўда ўз бошқарувчисини ожизлигини сезса ёки тўда боши қариб бошқара олмай қолса, йиртқичлар барчаси бир бўлиб, тўда бошига ташланишади ва уни йўқ қилишади. Каримов ҳам хозир худди шундай ҳолатга тушиб қолди. Каримов ўзининг қувват чўққисидан заволга юз тута бошлади. Хатто ўз оила аъзоларини ҳам ҳимоя қилишдан ожиз бўлиб қолди. Буни англаб етган унинг атрофидаги “содиқ” лайчалари ҳокимият учун ўзаро курашни бошлаб юборишди. Хозирча эса Каримов уларга Ўзбекистон халқини қўрқувда ушлаб турувчи “олабўжи” сифатида керак бўляпти холос. Шунинг учун ҳам Каримов Ўзбекистонда ўзи вужудга келтирган ва 24 йилдан ошиқ вақтдан буён татбиқ қилиниб келинаётган “ўрмон қонуни”нинг қурбони бўлиши аниқ бўлиб қолди.

Бундан ташқари халқимизда луқмаи ҳалол деган гап бор. Ота-боболаримиз бировни ҳақига ҳиёнат қилишдан, бировни ҳақини ейишдан худди ўтдан қочгандек қочишган ва ўз фарзандларини луқмаси ҳалол бўлишига қаттиқ аҳамият беришган. Ўзбекистон ҳокимияти тепасида бўлган Каримов эса ўз қизларини 30 миллионлик халқ мулки звазига боқиб катта қилди ҳамда қизларини ҳам шу мулкдан кўнгиллари тусаган ҳолда фойдаланишларига имконият яратиб берди. Бунинг оқибати эса бугунги кунда барчага аён бўлмоқда. Сингил ўз опаси билан ўн икки йилдан бери гаплашмаса, қиз ўз онасини жодугарлик ва пулга сиғинишда айбласа, она ўз қизини йўқ қилишлик билан таҳдид қилса… Халқимизда “Бировни ҳақи тешиб чиқади” деган ибратли гап бор. Агар Каримов ўз ҳокимияти ва ҳаром йўллар билан орттирган бойликлардан жудо бўладиган бўлса, ундан юз ўгирадиганларни биринчилари ҳам айнан ўз оила аъзолари бўлади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here