Рақамлардан иборат ҳаёт

446
0

images (1)

Мустамлакачи Ғарб давлатлари ёрдами ва қўллови билан исломий Халифалик давлати қулатилгач, ер юзида Аллоҳнинг ҳукумларини татбиқ қилувчи бирорта ҳам давлат қолмади. Бунинг ўрнига инсонларга ва хусусан мусулмонларга инсонлар томонидан ўйлаб топилган ва ишлаб чиқилган дустур ва қонунлар татбиқ қилиб келинмоқда.

Шундай дустур (конуституция)лардан бири бўлган ва фақатгина Каримов ва уни атрофидаги бир ховуч амалдорлар манфаати учунгина ишлайдиган 8 декабр Ўзбекистон конституцияси қабул қилинган кун, Ўзбекистонда “кенг” нишонланмоқда.

Мазкур “байрам” муносабати билан ўтган “тантанали” йиғилишда Ўзбекистоннинг энг катта каззоби бўлган президент узундан-узун нутқ сўзлади. Тили бошқаю дили бошқа бўлган мунофиқ ўз сўзини ҳар доимгидек “Қадрли дўстлар! Аввало, мана шу ҳашаматли ва бетакрор бинода сиз, азизларим билан кўришганимдан хурсанд бўлганимни, ўзимнинг чуқур ҳурматим ва меҳримни билдириш – мен учун катта бахт, десам, қалбимда, юрагимда бўлган гапни айтган бўламан” –дея бошлади.

Аслида эса уни қалби ва юраги Ўзбекистон халқи ва хусусан мусулмонларга нисбатан хасад ва адоватга тўладир ва у ўзбек халқини қанчали кўпроқ хорласа, иқтисодий қийинчиликлар ботқоғига қанчалик кўроқ ботириб, бир бурда нон топиш илинжида чет ўлкаларда сарсон саргардон қилса, уларни бошларини кўтаришларига йўл қўймай, сиёсий босим остида кўпроқ ва узоқроқ ушласа мана шу унинг учун катта бахтдир.

Ўз сўзини давом эттирар экан у, “Фақатгина биз танлаган босқичма-босқич, тадрижий ривожланиш йўли халқимиз кўзлаган эзгу ниятларга эришишга, замонавий демократик талабларга жавоб берадиган давлат, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият бўлган, қонун устуворлигини таъминлайдиган жамият барпо этишга олиб келиши муқаррар. Буни ҳаётимизнинг ўзи бугун исботлаб бермоқда”, – деди.

Ўзи бу демократик тузум асли асосидан ботил бўлсада, бироқ Каримов олиб бараётган мустабид сиёсат натижасида уни янада бузуқлиги намоён бўлмоқда. Чунки Ўзбекистонда инсон манфаатлари ва ҳақ-ҳуқуқлари тўла таъминланиши ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас. Бугунги кунда золим қамоқхоналарида ўн беш-йигирма йиллардан буён ноҳақдан қамоққа ташланиб, қамоқ жазосини ўтаётган минглаб диний ва сиёсий маҳбусларни бўлишлиги ва хатто юзлаб маҳкумларни ўлгунга қадар азобланиши, устиларидан қайнаб турган сув қуйилиши, номусларига тажовуз қилиниши  “инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият бўлган, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда” содир бўлмоқда.

Бу сафарги нутқида ҳам президент аввалгилардан фарқсиз равишда хаёлий ва фақатгина қоғозларда мавжуд бўлган рақамларга алоҳида тўхталиб, “Ўтган 22 йиллик мустақил тараққиётимиз давомида мамлакатимиз эришаётган натижа ва марралар ҳақидаги кўрсаткичлар юртимизда бўлаётган мислсиз ўзгаришлар тўғрисида аниқ тасаввур беради.

Ана шу даврда Ўзбекистон иқтисодиёти 4,1 баробар ўсди. Агарки мамлакатимиз аҳолиси айни шу даврда қарийб 9,7 миллионга кўпайиб, бугунги кунда 30 миллион 500 мингга яқин кишини ташкил этаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, аҳоли жон бошига нисбатан ўсиш 3 баробардан зиёдни ташкил этиши бизнинг нақадар улкан тараққиёт йўлини босиб ўтганимиздан далолат беради.

Жаҳон миқёсида ҳали-бери давом этаётган молиявий-иқтисодий инқирознинг жиддий таъсирига қарамасдан, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиши 2008-2013 йилларда 8 фоиздан ошди, 2014 йилда эса бу кўрсаткич 8,1 фоизни ташкил этади. Бундай ўсиш суръатларини камдан-кам давлатларда кузатиш мумкин”, – деб “аравани қуруқ олиб қочди”.

Каримов қаерда нутқ сўзламасин, ҳар доим жаҳон миқиёсида давом этаётган иқтисодий инқирознинг Ўзбекистонга таъсир қилмаганини гапириб ўтади. Бу давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз Ўзбекистонга таъсир этиши учун завод ва фабрикалар ишлаб турган, Ўзбекистон фуқаролари ўз юртида иш ва ойлик маош билан таъминланган бўлишлари зарур. Шундоқ ҳам Ўзбекистонда завод ва фабрикалар тўхтаб ётган бўлса, миллионлаб фуқаролар Россия ва бошқа давлатларда кўча супуриб, қаро ишларда ишлаб “дангасалик қилиб, Ўзбекистонга доғ туширишаётган” бўлишса, хатто энг даромадли бўлган нефтни қайта ишловчи заводларда ҳам одамлар бир неча ойлаб иш ҳақиларини олишмаётган бўлса, бу инқирозни Ўзбекистонга яна қандай таъсири бўлиши мумкин. Ўзбекистонда аҳоли даромадини ошиши ва турмуш даражасини кўтарилиши айнан мана шу “дангасалар” жўнатаётган маблағлар эвазига бўлмоқда.

Ўз сўзини давом эттирган каззоб, “Бугун бир фикрни ҳеч иккиланмасдан, тўла ишонч билан айтишимиз мумкин: Ўзбекистон тарихан қисқа муддатда иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, асосан пахта хомашёси етказиб беришга мослашган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган қолоқ республикадан тез суръатлар билан ўсиб бораётган замонавий саноат тармоғига эга бўлган, жадал тараққий этаётган мамлакатга айланди. Бунинг яққол тасдиғи – мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти таркибида саноатнинг улуши 1990 йилдаги 14,2 фоиз ўрнига бугунги кунда 24,3 фоизни ташкил этгани, айни пайтда қишлоқ хўжалигининг улуши эса 34 фоиздан 17 фоизга камайганидир”, – деди.

Аслида эса сўнги йилларда давлат сиёсати даражасига кўтарилган пахта териш мавсуми бошланиши билан Ўзбекистонда шифокордан тортиб беморгача, ўқитувчидан тортиб талабагача, эркагу аёл, ёшу қари барча фуқаро пахтакорга айланади. Улар “ўз ихтиёрлари билан” ҳашарга чиқиб, ўз ҳисобларидан озиқ-овқат олиб, йўлкира қилиб ва ётоқ учун уй ижарага олиб, ўлар-қоларига қарамай пахта теришга мажбур қилинадилар. Бу йилги пахта териш мавсуми ҳам аввалги йиллардагидек қурбонликсиз бўлмади. Озодлик радиоси хабар қилганидек Пахта-2013 қурбонлари сони 7 нафарга етди.

Ўзбекистон фуқароларига, айниқса аёлларга нисбатан “ғамхўр” бўлган президент, “Туғруқ ёшидаги 7 миллион аёл ҳамда 7 миллион 300 минг нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилди, 195 минг нафар ёлғиз қариялар, ногирон ва пенсионерларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилди”, -деб ўз нутқини давом эттирди.

Каримов туғруқ ёшидаги аёллар “ёш умрларини бола боқиб ўтказмасинлар” деб, аёлларни алдов ва таҳдид йўллари билан ошкора ва махфий равишда стерилизация (бичиб қўйиш) қилиш ҳақида норасмий кўрсатма берди. Маълум бўлган ҳисоботларга кўра, сўнги уч йил мобайнида 80000дан зиёд ёш аёлларни бачадон йўллари тикиб қўйилган. Бу йўл орқали Ислом ва мусулмонларга нисбатан эътиқодий душман бўлган Каримов, Ислом Уммати кўпайишини олдини олишга ҳаракат қилмоқда.

Мақтанишни ва ўзини мақташларини ҳуш кўрадиган президент, “Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яшаётган ҳар учта оиланинг биттаси шахсий енгил автомобилга эга. Юртимиздаги ҳар 100 та оилага ўртача 80 та холодильник, 146 та телевизор тўғри келмоқда. Бу эса баъзи оилаларда икки-учтадан телевизор борлигини кўрсатади. Шунингдек, аҳолининг кир ювиш машинаси, пилесос, микротўлқинли печлар, шахсий компьютер ва бошқа зарур воситалар билан таъминланиш даражаси ортиб бормоқда.
Республикамизда мобиль алоқа хизматидан фойдаланувчилар сони 19 миллион нафарни ташкил этиб, ҳар бир оилага ўртача 3 та уяли телефон тўғри келмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда интернет абонентлари сони ўтган йилга нисбатан 18,3 фоизга ўсиб, ҳозирги пайтда 7 миллион 100 минг нафарни ташкил этишини” ифтихор билан қўшимча қилди.

Аммо ўтирганлар ичида “хурматли президент учта хонадонга битта шахсий машина тўғри келгани билан, ундан фойдаланиш учун  анқони уруғи даражасига етган бензинни қаердан оламиз, телевизор, кир ювиш машинаси, пилесос ва бошқа нарсалар бўлгани билан улардан фойдаланиш учун свет бўлмаса, булардан нима наф, хатто телефонни қувватлантириш имкони йўқлигидан токчада туриб чанг босиб кетяпти. Интернет абонентлари ошгани билан компьютердан фойдаланиш учун совуқ уйларда қўлларимиз қовушга келмаётган бўлса ҳамда сиз рухсат берган расмий сайтлардан бошқасига кираолмасак бундан нима фойда?” дейдиган бирорта “мард” топилмади.

Президент эса ўзи келтирган хисоботлардан ўзи завқ олиб, 30 миллиондан зиёд халқни ўз ноғорасига ўйнатишга муваффақ бўлаётганидан ғурурланиб, йиғилганларни гулдирос қарсаклари остида минбарни тарк этди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here