Мирзакматовни ўзининг аввалги иш ўрнида кутишмоқда

312
0

загруженное

2 ноябр куни парламентнинг собиқ спикери Ахматбек Келдибеков тарафдорлари уни ҳибсга олинишига норозилик билдириб намойиш ўтказишган ва у ерда Мирзакматов тўпланган олдида нутқ сўзлаб, ўз сўзида “Келдибековнинг қамалиши коррупцияга қарши кураш эмас. “Қирғизгаз”ни парламентдаги 65 депутат бир доллар эвазига Россияга сотди. Коррупция деб мана шуни айтадилар. “Қумтор” олтин конини миллийлаштирилишига, уни халқ фойдасига ишлашига тўсқинлик қилишмоқда. Мана шу  коррупция. Ҳукуматга қарши гапирганларни , ҳукуматни танқид қилганларни қамаш эса коррупцияга қарши кураш эмас”, – деган ва яна “Келдибеков қамоққа олинганидан кейин Атамбаев мансуб бўлган КСДП етакчиси Чинибай Турсунбеков ҳам қўлга олинса, коррупцияга қарши кураш ҳақиқатан ҳам холис олиб борилаётганига ишонар эдик”, -деган эди.

Шундан сўнг Бош вазир Жонторо Сатбалдиев Мелис Мирзакматов билан телефон орқали сўзлашиб, уни қонун доирасидан чиқмасликка чақирган эди. Бу суҳбатдан сўнг 5 декабр куни бир кунлик иш сафар билан Бишкекка йўл олган Мирзакматов ўзининг ишдан олинганини матбуот орқали билганини ва бу ҳақида хозирча ҳеч қандай расмий хабар қўлига келиб тушмаганини маълум қилган, Бош вазирнинг матбуот котиби Мелис Эржигитов эса, бу ҳақидаги қарор 5 декабр куни эрталаб Бош вазир томонидан имзоланганини хабар қилган эди.

Мирзакаматовни ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабар Ошда унинг тарафдорларини намойиш ўтказишларига сабаб бўлган ва йиғилганлар олдига чиққан Ош шаҳар мэри вазифасини бажарувчи Алимжон Байгазаков, улар билан Мелис Мирзакматов Бишкекдан қайтиб келган куни учрашишини маълум қилганди.

7 декабр куни ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида Мелис Мирзакматов, бўлажак сайловда иштирок этишини ва ғолиб чиқиб яна қайта Ош мэри бўлишлигини ваъда қилди. У ўз тарафдорларини қонун ва тартибга риоя қилишликка чақирди. Шунингдек, у ўзининг Қирғизистон ва халқининг ватанпарвари эканлигини, аммо шу билан бирга қонунларга  риоя қилишга мажбур бўлган фуқаро ҳам эканлигини, таъкидлаб ўтди.

Собиқ мэр ўз истефоси тўғрисида ҳукумат чиқарган қарорга рози эканлигини ва уни қабул қилишини айтди. У “қирғиз халқи учун сайловларда иштирок этиши ва яна мэр бўлишлигини, чунки халқ уни қўллаб-қувватлашини” белгилаб ўтди.

Ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишидан сўнг Мелис Мирзакматов журналистлар билан учрашди.

Унинг сўзларига кўра, “Улуттар биримдиги” партияси бўлиб ўтадиган сайловларга қонун доирасида тайёргарлик кўради.

У журналистларни ўзини ишдан олиниши кутилмаган бўлдими деган саволига “Мен бўшатишларини кутган эдим, аммо бу зарба барибир кутилмаган бўлди”, – деб жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, Ош шаҳар мэрлиги учун сайловлар 15 кундан сўнг бўлиб ўтади.

Мелис Мирзакматовни расмий ҳукуматни бундай кескин танқид қилиши ва шундан сўнг ҳеч иккиланмай Бишкекка йўл олиши у ва ҳукумат ўртасида келишув бўлганлигидан дарак бермоқда.

Чунки, агар у ўз хавфсизлиги кафолатланган бўлмаганида Бишкекка бормаган ҳамда ўзини асосий таянч нуқтаси бўлган Ошдан чиқмаган бўлар эди.

Бундан ташқари Ошда шаҳар мэрлиги учун бўладиган сайловларда унга рақиб бўлиши мумкин бўлган шахсни ўзи йўқ. Шаҳар мэри вазифасини бажараётган Алимжон Байгазаков эса Мелисни рухсатисиз ҳеч қандай ишни қилаолмайди. “Вести.KG” тарқатган хабарга кўра, Мирзакматовни ўз иш ўрнида кутишмоқда. У ўз ўрнини хозирча янги мэр вазифасини бажарувчи Байгазаков бўшатиб бергани йўқ.

Токи Байгазаков мэр вазифасини бажарар экан, бу Мелис шаҳарни бошқараётганини ва ўз ўрнини бошқага бериш нияти йўқлигини билдиради.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here