Абу Қосим ва Abdullah Abdulrahmanнинг эркак ва аёлларнинг интернет орқали боғланишларига оид саволларига жавоб

669
0

00

Ҳизбут Таҳрир амири олим, шайх Ато ибн Халил Абу Роштанинг Фейсбук саҳифасидаги зиёратчиларнинг берган саволларига жавобларидан

Саволлар:

Abdullah Abdulrahmanдан:

Интернетда бўладиган сўзлашувлар билан боғлиқ ўтиришларнинг бирида интернет олами фаразий олам, шунинг учун унда ёзган киши гапига жазо олмайди ҳамда эркаклар билан аёллар ўртасида бўлган сўзлашувнинг – қандай сўз бўлса ҳам – зарари йўқ, чунки бу аралашиш эмас… деган гаплар бўлди, шу тўғрими? Шуни ёритиб берсангиз, сизга Аллоҳ барака ато этсин!

Абу Қосимдан:

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

«Фейсбук ёки электрон почтада икки жинснинг беҳуда гап сотиб ўтириши ҳукмига оид савол»

Бу масалага кўпинча ҳозирги ёшлар, хусусан балоғатга етганлар рўбарў келишади. Шунинг учун бу масалани шарҳлаш лозим бўлиб қолди. Токи, ёшларимиз гуноҳкор бўлиб қолишмасин, токи, биз маъсият бўлган, эҳтимолки катта маъсият бўлган ишдан жамиятимизни сақлаб қолайлик.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Иккалангизнинг саволларингиз бир-бирига ўхшаш. Биз илгари шундай саволга жавоб бергандик. Сизларга шу жавобни қайтараман:

Баъзи одамлар ишларни фалсафалаштириб ташлайди-да, бири: фейсбук орқали боғланиш аралашишм? – деган саволни беради. Гўё аралашишнинг ўзигина ҳаром-у, аралашиш бўлмаса ҳаром эмасдай! Иккинчиси эса интернетни фаразий оламми деган саволга диққатни жалб қилади, гўё у зеҳнда кечадиган хаёлнинг ўзи бўлиб, хоҳлаганича хаёл қилса бўлаверадигандай!! Баъзилар фейсбук орқали боғланишга нисбатан шаръий ҳукмга таъсир қилувчи айрим ишлар тўғрисида билимсизлик қилади ёки бу иш модомики аралашув эмас эканми, демак бўлаверади ва ҳоказо деб, билимсизлик ё хиралик туфайли нарсаларни аралаштириб юборишади…

Масала бундай эмас. Балки бир шахсдан бошқа бир шахсга мактуб орқали қилинган хитоб – агар мактубни ёзган одам ҳам, уни олган одам ҳам исботланса – у шахсдан бу шахсга бевосита қилинган хитоб ҳукмига ўтади. Бу ерда мактубнинг қўлда ёзилган бўлиши билан техника орқали ёзилган бўлишининг фарқи йўқ. Шунингдек, мактубнинг биров орқали юборилган бўлиши билан интернет, фейсбук ёки бошқа бирор восита орқали юборилган бўлишининг ҳам фарқи йўқ. Балки муҳими, мактуб ёзган одамдан ва олган одамдан исботланиши шарт, чунки ҳукм манотини (шаръий ҳукм мос келадиган воқени) ўрганиш шу жиҳатдан битта.

Шунинг учун мактубга нисбатан ҳукм битта, инсон унинг учун ҳисоб қилинади, чунки мактуб унинг амалларидан биридир. Росулуллоҳ с.а.в. бундай дедилар:

«إِنَّ اللهَ تَجَاوَزَ عَنْ أُمَّتِي مَا حَدَّثَتْ بِهِ أَنْفُسَهَا، مَا لَمْ تَعْمَلْ أَوْ تَتَكَلَّمْ»

«Аллоҳ Умматимнинг кўнглидан ўтган нарсаларни – агар амалда қилмаган ё гапирмаган бўлса – кечиради» (Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилдилар, лафз Бухорийники).

Шунингдек, Росулуллоҳ  с.а.в. нинг Исломни етказиш учун подшоҳлар ва ҳокимларга мактуб ёзиб жўнатганлари ҳақида саҳиҳ ривоятлар бор. Бу эса мактуб орқали етказиш бевосита хитоб қилиш каби шаръий ҳукм эканини исботлайди.

Имом Бухорий ривоят қилади: Ибн Аббос бундай деди: Менга Абу Суфён ибн Ҳарбнинг хабар беришича, у Росулуллоҳ A билан Қурайш кофирлари ўртасида келишув бўлиб турган вақтда Шомга тижоратга борган Қурайш кишилари билан бирга эди. Шунда Шомнинг бир жойида бизнинг олдимизга Рум подшоҳининг элчиси келди… Сўнг подшоҳ Росулуллоҳ Aнинг мактубини олдирди, мактубда бундай дейилганди:

«Бисмилларҳир Роҳманир Роҳим, Аллоҳнинг бандаси ва росули Муҳаммаддан Рум подшоҳи Ҳирақлга. Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин! Аммо баъд: Албатта мен сени Исломга даъват этаман, Исломни қабул қил, саломат бўласан. Аллоҳ бунинг учун сенга икки баробар ажр ва савоб беради. Агар юз ўгирсанг, арисийлар гуноҳи сенинг бўйнингга бўлади: «Эй аҳли китоб, бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келинг: ёлғиз Аллоҳга ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-биримизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик. Агар улар (яъни аҳли китоблар) ушбу даъватдан юз ўгиришса, у ҳолда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар – ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз!»   [Оли Имрон 64]

Шунга биноан, мазкур саволингизга жавоб қуйидагича бўлади:

1 –  Ўзаро ёзишма хоҳ оддий почта орқали бўлсин, хоҳ нет ё фейсбук ёки твиттер ёки бошқа воситалар орқали бўлсин, унинг ҳукми битта, яъни у ўзаро кўришиб гаплашишдан фарқ қилмайди. Бу фаразли олам, буниси реал олам, дейилмайди, балки бундай дейиш илмсизлик ва гуноҳга боттиришдир. Масалан, бир номаҳрам аёлга кўришиб турган ҳолда ҳаром сўз айтсангиз, шаръан унга жазо оласиз. Ўзаро ёзишма ҳам худди шундай: қачон ёзишма содир этилгани исботланса, унинг жазоси ҳақида баҳс қилинади, юқорида айтилган гапни кўришиб турган ҳолда айтишингиз ҳукми ҳам худди шундай.

Шундай қилиб, номаҳрам аёл билан шариатда рухсат берилган заруратсиз бир-бирини кўриб туриб гаплашиш дуруст бўлмагани каби, ўзаро ёзишма ҳам худди шундай. Демак бу мавзуда бир-бирини кўриб турган ҳолда нима дуруст бўлса, ёзишмада ҳам дуруст, бир-бирини кўриб турган ҳолда нима дуруст бўлмаса, ёзишмада ҳам дуруст эмас.

2 –  Номаҳрам эркак-аёлнинг шариатда рухсат берилган заруратсиз аралашиши ҳаром. Лекин нафақат аралашишгина ҳаром. Масалан, сиз узоқда турган бир номаҳрам аёлни ёмон гап билан чақиришингиз ҳаром, ҳатто у аёл сизга яқин жойда бўлмаса ҳам. Агар бозорда бирор аёлга нарса сотаётиб унга лаззат билан қарасангиз, бу ҳам ҳаром, гарчи бозорда савдо учун аралашиш мубоҳ бўлса ҳам. Агар бирор оммавий транспортда номаҳрам аёлга – ҳатто у ёнингизда ўтирмаган бўлса ҳам – фаҳш сўз айтсангиз, бу ҳам ҳаром…

Шунга ўхшаш агар сиз ёзишмада бирор гап ёзсангиз – худди кўришиб туриб гаплашганингздек – унга жавобгар бўласиз…

3 –  Биз ҳар бир муслим ва муслимани, хусусан, чор атрофимиз ҳаёсизликка тўлиб тошган, бундан қочиб қутулишнинг иложи бўлмаётган, фақат Аллоҳ Субҳанаҳу томондагина паноҳ бўлган бир пайтда, ушбу даъватни етказган ва ётказаётган покдомон, соф йигит-қизларимизни шариат аҳкомларига қаттиқ риоя қилишга, нафақат ҳаромдан узоқлашиб, балки айрим мубоҳлар яқинида ҳаромларнинг мавжуд бўлишидан қўрқиб, айрим мубоҳлардан ҳам узоқлашишга даъват қиламиз. Зеро, саҳобаи киромлар ҳаромга кириб қолишдан қўрқиб бир неча мубоҳ амаллар кўчасидан узоқ юрганлар.

4 –  Шунингдек, ҳар бир муслим ва муслимани, айниқса, даъватни етказувчи йигит-қизларимизни ушбу янги воситалардан Исломни таъсирли йўл билан ёйишда самарали, бир вақтнинг ўзида, ҳикмат ва онг билан фойдаланишга, нафақат ҳар бир ахлат кулдан, балки ҳатто бу кулнинг чанг-ғуборидан ҳам узоқ юришга даъват қиламиз.

Аллоҳ Субҳанаҳудан тоза, пок ҳолда қолишимизни, шу орқали дунё ва охиратда зафар қучишимизни сўраб дуо қиламан. Мўминларга хушхабар беринг.

Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта                                               

22 зул-ҳижжа 1434ҳ            27 октябр 2013м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here