Ҳукумат валюта савдоси ва пул ўтказмалари назоратини кучайтирмоқда

316
0

000

25 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда “Тижорат банкларида жиноий йўллар билан топилган даромадларни қонунийлаштириш ва терроризмни молиялаш бўйича ички назорат қоидаси” кучга кирди. Қоида Марказий банк бошқаруви ва Бош прокуратура қошидаги солиқ, валюта ва жиноий даромадларни қонунийлаштиришга қарши кураш департаменти қарорлари билан янгиланди.

Жумладан, бир марталик операциялар қоидалари ўзгарган бўлиб, бундай вақтда банк мижозни текшириши зарур бўлади. Эндиликда ҳорижий валютани энг кам иш ҳақини юз баробарига (аввал 1000 баробар) тенг ёки ошиқча бўлган миқдорда сотмоқчи ёки энг кам иш ҳақини 25 баробари (аввал 100 баробар) миқдоридаги нақд валютани алмаштириш ёки майдаламоқчи бўлган шахслар текширувдан ўтказилади.

Айни вақтда Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 91 минг 530 сўмни ташкил этади. Демак кимда ким расмий курс бўйича 3269 доллар (қора бозор курсида 4179 $) сотмоқчи ёки 817 доллар (1044$) алмаштирмоқчи бўлса текширилади.

Халқаро пул ўтказмаларига нисбатан эса эндиликда, тижорат банкларига мижознинг маълумотларисиз ҳорижий валютада пул жўнатиши ёки қабул қилиши таъқиқланади. Тижорат банклари манзили аниқ бўлмаган банклар ва халқаро пул ўтказмалари тузилмаларидан мижоз ҳақида энг кам миқдордаги маълумотни талаб қилишга мажбурлар. Агар жўнатма энг кам иш ҳақини 25 баробарига етмаган миқдордаги маблағни ташкил этадиган бўлса, жўнатувчининг исми, фамилияси, отасининг исми ва ҳисоб рақами ҳақида хабар беришлари зарур бўлади. Агарда жўнатилган маблағ энг кам иш ҳақини 25 баробарига тенг ёки ундан ортиқ миқдорда бўлса, жўнатувчининг паспорт ёки шахсини тасдиқловчи хужжатнинг серияси ва рақами, яшаш манзили ёки туғилган йили қўшиб кўрсатилиши шарт.

Ўзбекистонда йирик миқдорда пул жўнатиш ёки қабул қилиб олиш, “шубҳалилар” жумласига тушиб қолишга олиб келади. Бу қоидага кўра, энг кам иш ҳақини 500 баробари (аввал 1000 баробар бўлган) миқдорида ҳорижий валютада пул ўтказиш, сотиш ёки сотиб олиш “шубҳали” хисобланади.

Шунингдек, оффшор ҳудудларда доимий яшовчи ёки рўйхатдан ўтган шахслар билан тузилган битим натижасида Ўзбекистондан жўнатилган ёки шундай шахслардан Ўзбекистонга бир йўла ёки 30 кун мобайнида кўп марта келган маблағлар ҳам энг кам иш ҳақини 500 баробаридан ортиқ бўлса “шубҳалилар” туркумига тушиб қолишига олиб келишлиги мумкин.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here