Muafa Abu Hauraнинг мусулмонларга Халифаликни тиклаш учун берилган муддатга оид саволига жавоб
Савол:
Жавобингиз учун Аллоҳ мукофотласин…
Баҳс-мунозаралар очиқ бўлиши мумкинми, мусулмонлар унинг мазмунидан фойдаланган бўлишарди ҳамда қуйироқда заиф фикр аниқ бўлгандан сўнг, Ҳизбут Таҳрир ва унинг амирининг ҳақни холислик билан қабул қилишларини билиб олган бўлишарди?
Биз баҳс-мунозара қилмоқчи бўлаётган биринчи фикр Халифалик барпо қилиш учун мусулмонларга берилган муддат ҳақида.
Менга Aang Yulius исмли биродарим қуйидаги мақолани ёзди:
«Ҳизбут Таҳрирнинг мусулмонларга Халифаликни тиклаш учун берилган муддатни таъйин қилишдаги далил қилиб келтирган ривояти саҳиҳми?
Ҳизбут Таҳрирнинг табанний қилинган фикрларидан бири, барча мусулмонлар учун халифа сайлаш фикри. Уларнинг айтишича, мусулмонлар уч кундан ортиқ халифасиз бўлмасликлари керак, агар уч кун ўтсаю, мусулмонлар халифа сайламаган бўлсалар, гуноҳкор бўладилар. Усмоний Халифалик ағдарилгандан то бугунги кунимизгача мусулмонлар елкаларида байъатсиз саксон йилдан ортиқ яшадилар.
Натижада, Халифаликни тиклашга уринишда иштирок этмаган ҳар бир киши гуноҳкор бўлди. Ҳизбут Таҳрир Халифаликни тиклаш учун мусулмонларга берилган муддат уч кун эканига саҳобалар ижмоини далил қилади ва у Умар ибн Хаттоб Р.А.нинг машҳур сўзларининг ривояти. Ривоятда келишича, у пичоқ егандан сўнг ўлим ёқасига бориб қолгач, ўзидан кейин шўро-маслаҳат йўли билан ораларидан бирини халифа қилишлари учун олтита улуғ саҳобани номзод қилади. Уч куннинг охирида уларнинг амрига қай бирлари мухолиф бўлса, у ўлдирилиши кераклигини айтиб, уларга таҳдидли васият қилади. Элликта саҳобани ушбу васиятини татбиқ этишга буюради. Ушбу улуғ саҳобалар бу васиятни биладилар ва бирортаси ҳам уни инкор қилмайдилар, ҳолбуки, у инкор этиладиган васиятдир. Демак бу уларнинг Халифаликни тиклаш муддатини узоғи билан уч кун қилиб белгилаганларига далолат қилади. Бу фикрнинг асли Табарий тарихида келган ушбу ривоятдир:
«… Агар бештаси жамланиб, бир кишига рози бўлсалар-у, биттаси бош тортса, унинг калласини олинг ёки бошига қилич тортинг. Агар тўрттаси келишиб, улардан биттасига рози бўлса, иккитаси бош тортса, ўша иккитасини бошини олинг…». Бу Ҳизбут Таҳрирнинг расмий фикри бўлиб, табанний китобларида шундай ёзилган ва аъзолари уни Ҳизб номидан ё шахсан ўзининг номидан нашр қилган. Бу фикр «Халифалик давлати жиҳози» китобининг Халифа тиклаш учун мусулмонларга берилган муддат номли мавзусида ҳамда «Исломда бошқарув низоми»да Халифа сайлаш тариқати мавзусида ва бошқа ерларда келган.
Муаммо бу ривоятнинг заифлигида, чунки унинг санадида Абу Михнаф бор бўлиб, у шиа, рофизий бўлган, Ибн Маъин уни «ишончли эмас» деб сифатлаган.
Ушбу Табарий ривояти маъносидаги бошқа бир ривоят ҳам бор, бироқ у ҳам санадидаги узилиш сабабли заиф ривоят. Масалан, Ибн Саъд «Табақотул кубро»да шунга ўхшаш ривоят келтирган бўлиб, унда Саммок ибн Ҳарб Заҳлий Бакрий бор, Ҳофизлар уни «тўғри сўз, аммо ўзгарган», деб сифатлаганлар ва у Умар билан учрашган бўлиши мумкин эмас, шунинг учун бу ривоят мунқатиъ ҳисобланади.
Маъно жиҳатидан шуни гувоҳи бўламизки, ушбу Табарий ривоятини ва унга ўхшаш бошқа ривоятларни тасдиқлаш мумкин эмас, чунки улар саҳиҳ ривоятларга зиддир. Қуйидаги нуқталарга назар ташлайлик: Умар Р.А. қандай қилиб улуғ саҳобаларни қатл қилишга буюриши мумкин? Қандай қилиб Умар Р.А. уларнинг Росулуллоҳ С.А.В.нинг сара саҳобалари эканларини била туриб, шундай дейиши мумкин?
Шуларга кўра, бу ривоятнинг заифлиги аниқ кўриниб қолди… Демак, мусулмонларга Халифаликни тиклаш учун берилган уч кун муддатга уни далил қилиш бекор бўлди. Шунингдек, Халифаликни улуғлаб: «Умар халифа сайлашдан бош тортганни қатл қилишга буюрди», деган кишининг сўзи ҳам ноҳақ бўлиб чиқди».
Хўш, сизнинг фикрингиз қандай? Сиздан қониқарли жавоб кутамиз.
Жавоб:
Саволингиз бошида баъзи нарсалар диққатимни тортди, жавобдан олдин ўшаларни айтиб ўтаман:
а) Савол Muafa Abu Haura исмли кишиники, бироқ сиз саволда ишлатган мақола Aang Yulius номида!
б) Сиз: баҳс-мунозаралар очиқ бўлиши мумкинми, мусулмонлар унинг мазмунидан фойдаланган бўлишарди ҳамда қуйироқда заиф фикр аниқ бўлгандан сўнг, Ҳизбут Таҳрир ва унинг амирининг ҳақни холислик билан қабул қилишларини билиб олган бўлишарди, деяпсиз. Қандай қилиб баҳс-мунозара қилишни ва «заиф фикр аниқ бўлгандан сўнг», деган гапни айтишга қарор қилдингиз, бундай дейиш ўрнига, қайсиниси заиф фикр, қайсиниси кучли фикр эканини кўриш учун баҳс-мунозаранинг охиригача кутиб турсангиз бўлмайдими, ахир, заиф фикр деб қарор чиқариш тўғри эмас, модомики, баҳс-мунозара қилмоқчи экансиз, у тугаганидан кейингина қарор қилинг-да. Шундай эмасми?
в) Сиз бизга салом бермадингиз, шунга қарамай, дуо қилдингиз… билмадик, бизга яхшилик тилаб дуо қиляпсизми ё ёмонлик тилабми, чунки сиз «жавобингиз учун Аллоҳ мукофотласин», дебсиз, бизни яхшилик билан мукофотласинми, ёмонлик биланми айтмабсиз! Дуоингизни учта нуқта билан тугатиб, мақсадингизни аниқ билдирмабсиз!
Шуларнинг ҳаммасига қарамай, мен собиқ нуқталарни яхши ниятга йўяман ва Аллоҳнинг тавфиқи ила, дўстингиз мақоласига жавоб бераман:
1 – Эргашиш мақсадида ҳақни баён қилишга ва тўғри йўлни тутувчи Халифалик давлати барпо этишдек буюк фарз орқали исломий ҳаётни қайта бошлаш учун унга биноан фаолият қилишга қаратилган баҳс-мунозарани Ҳизбут Таҳрир ҳам, унинг амири ҳам рад қилмайди. Зеро, мусулмонлар Халифалик маркази бўшаб қолгандан сўнг Халифаликни вужудга келтириш учун уч кундан ортиқ ўтириб қолишлари жоиз эмас, акс ҳолда, фаолият қилишга қодир ҳар бир киши гуноҳкор бўлади ва бунда асло хиралик йўқ…
2 – Мақола соҳиби Табарийнинг Абу Михнаф қатнашган ривоятига тўхталиб уни ишончсиз деди. Кейин ривоятдаги ровийларни зикр қилиб, уларни номаълум ровийлар, деди, кейин яна айрим ровийларни анъана сийғасида ривоят қилган, деди.
Кейин у Ибн Саъднинг «Табақотул кубро»даги ривоятларидан бирини келтириб, унда Саммок ибн Ҳарб бор, деди ва уни «тўғри сўз, аммо ўзгарган», деб сифатлади, у Умар билан учрашмаганини айтди.
3 – Мақола соҳиби муҳим масалага киришган, бироқ унда битта ривоятга суянган. Ҳолбуки бу масала, яъни уч кун муддат берилиши ва мухолифни ўлдирилиши масаласи сир бўлмаган, балки барча саҳобаларнинг кўз ўнгида бўлиб, бу борада бир нечта ривоятлар бор. Кейин мақола соҳибининг – агар у уларни танимаса ва бошқа ундан кўра зеҳни кучлироқ кишилар уларни таниса – бу ровийлар номаълум кишилар деган гапи ҳужжат эмас! Бу ривоятга қарши анъанани ҳужжат қилиш ҳадис истилоҳи илмини билмаслигига далолат қилади, чунки анъана ривоятлар агар санад шартлари уларда етарли бўлса, албатта қабул қилинади.
4 – Ҳадисни қабул қилиш ё рад қилиш учун албатта ҳадис истилоҳи илмларини, усул ва фуруларини яхши тушуниш ва билиш керак. Мен дўстингиз саволига жавоб беришдан олдин шу илмни бир оз айтиб ўтаман, агар дўстингиз айни илм аҳлидан бўлса, албатта:
Шундай ровийлар борки, улар айрим муҳаддислар наздида ишончли саналса, айрим муҳаддислар наздида иншончсиз саналади ёки айрим муҳаддислар уларни ноаниқ десалар, айримлари наздида аниқ саналади. Шундай ҳадислар борки, бир йўл билан саҳиҳ бўлмаса, бошқа йўл билан саҳиҳдир. Шундай йўллар борки, бир йўлда улар саҳиҳ бўлмаса, бошқа йўлда саҳиҳдир. Шундай ҳадислар борки, айрим муҳаддислар наздида улар эътиборга олинмай, рад этилган, бошқа муҳаддислар эса уларни эътиборга олиб, уларни ҳужжат қилганлар. Айрим ҳадислар борки, уларни муҳаддислар рад қилсалар, фуқаҳолар оммаси уларни қабул қилиб, ҳужжат сифатида фойдаланганлар. Ҳадисни саҳиҳ ё ҳасан деб эътибор қилишда одамларни бирор фикрга ёки барча фикрларга мажбурлаш тўғри эмас ва бу ҳадислар воқеига ҳам зид. Ким эътиборли фуқаҳолар ижтиҳодларини ўрганган бўлса, уларнинг бири бир ҳадисни ҳужжат қилган бўлса, иккинчиси уни қабул қилмаганини гувоҳи бўлади. Чунки биринчи фақиҳ у ҳадисни саҳиҳ деб топган, иккинчи фақиҳ эса саҳиҳ деб топмаган. Буни сиз ҳанафийларда ҳам, моликийларда ҳам, шофеийларда ҳам, ҳанбалийларда ҳам, бошқа мазҳабларда ҳам гувоҳи бўласиз. Шунинг учун ҳадисга таъна қилишга ё уни рад қилишдан олдин уни яхшилаб ўрганиш ва фикрлаш керак. Ривоят ва ҳадисларни кузатиб борган киши бу борада муҳаддислар турли фикрда бўлганларини кўради ва бунга мисоллар жуда кўп.
Мисол учун: Абу Довуд Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади, Росулуллоҳ С.А.В. бундай дедилар:
«الْمُسْلِمُونَ تَتَكَافَأُ دِمَاؤُهُمْ. يَسْعَى بِذِمَّتِهِمْ أَدْنَاهُمْ، وَيُجِيرُ عَلَيْهِمْ أَقْصَاهُمْ، وَهُمْ يَدٌ عَلَى مَنْ سِوَاهُمْ يَرُدُّ مُشِدُّهُمْ عَلَى مُضْعِفِهِمْ، وَمُتَسَرِّيهِمْ عَلَى قَاعِدِهِمْ…»
«Мусулмонларнинг қонлари ўзаро тенгдир. Улардан энг қуйи даражадагиси берган омонлик ҳам нуфузлидир, энг узоқдагисининг (кофир билан) тузган битими ҳам нуфузлидир, улар ўзларидан бошқаларга қарши битта қўлдирлар. Уларнинг кучлилари заифларига ёрдам беради, сарияда жангга чиққанлари (яъни бир қўшин душманга қарши жангга чиқиб, улар турган жойнинг яқинига ўрнашса, сўнг қўшиндан бир қисми бўлиниб душманга қарши жанг қилса, улар) қўшиннинг чиқмай қолганлари билан ғаниматни бўлишади…». Бу ҳадис ровийси Амр ибн Шуайб, у отасидан, отаси бобосидан қилган ривоятда заифлик ҳақидаги машҳур гап-сўзлар бор. Шунга қарамай, унинг ҳадисини кўплаб муҳаддислар ҳужжат қилган бўлсалар, бошқалари рад қилганлар.
Яна бир мисол: Дориқутнийда Ҳасандан, у Убодадан, у Анас ибн Моликдан ривоят бор: Набий С.А.В. бундай дедилар:
«مَا وُزِنَ مِثْلٌ بِمِثْلٍ إِذَا كَانَ نَوْعًا وَاحِدًا وَمَا كَيْلَ فَمِثْلُ ذَلِكَ، فَإِذَا اخْتَلَفَ النَّوْعَانِ فَلَا بَأْسَ بِهِ»
«Тортиладиган нарсалар – агар бир турдан бўлса – тенгма-тенг (алмаштирилади), ўлчанадиган нарсалар худди шундай. Энди агар тури ҳар хил бўлса (тенгма-тенг бўлмаса ҳам) зарари йўқ». Бу ҳадиснинг Рабиъ ибн Сабиҳ бор. Ким санадида Рабиъ ибн Сабиҳ бўлган ушбу ҳадисни ё бошқасини далил сифатида ишлатса, шаръий далил билан далил келтирган бўлаверади.
Масалан: Имом Аҳмад ривоят қилади, бизга Ибн Нумайр айтди, бизга Молик ибн Анас айтди, менга Асвад ибн Суфённинг мавлоси Абдуллоҳ ибн Язид айтди, у Абу Айёшдан, у Саъд ибн Абу Ваққосдан ривоят қилади: «Росулуллоҳ С.А.В.дан янги хурмони қуритилган хурмо (тамр)га алмаштириш ҳақида сўралганларида:
«أَلَيْسَ يَنْقُصُ الرُّطَبُ إِذَا يَبِسَ»
«Хурмо қуриганда озаймайдими», дедилар, «озаяди», дейишди, шунда ул зот буни «макруҳ кўрдилар». Буни Абу Довуд қуйидаги лафз билан ривоят қилган: «Бизга Абдуллоҳ ибн Маслама Моликдан, у Абдуллоҳ ибн Язиддан ривоят қилди, унга Зайд Абу Айёшнинг хабар беришича, Саъд ибн Абу Ваққос шундай деди: мен Росулуллоҳ С.А.В.нинг – ул зот қуритилган хурмони янги хурмо эвазига сотиш ҳақида сўралган вақтда – шундай деганларини эшитдим:
«أَيَنْقُصُ الرُّطَبُ إِذَا يَبِسَ»
«Хурмо қуриганда озаядими», «ҳа», дейишди, шунда Росулуллоҳ С.А.В. бундан қайтардилар».
Бу ҳадисни имом Термизий саҳиҳ деган, бир жамоа муҳаддислар иллатли санаганлар, масалан, Таҳовий, Табарий, Ибн Ҳазм ва Абдулҳақ кабилар ҳадис санадида Абу Айёш бор бўлиб, у номаълум киши, деганлар. «Талхис»да шундай дейилган: бунга жавоб шуки Дорқутний: «у (яъни Зайд Абу Айёш) ишончли, собит», деган. Мунзирий айтади: ундан икки ишончли ровий ривоят қилган, Молик эса, заиф санашда ўта қаттиқ бўлганига қарамай, бу ривоятга таянган. Демак, бирор киши бу ҳадисни шаръий далил сифатида келтирса ёки ровийлари орасида Зайд Абу Айёш бўлган бирор ҳадисни далил қилган бўлса, у шаръий далил келтирган бўлади.
Шуларга кўра, ҳукм истинбот қилишда бошқа ривоятларни қўйиб, битта ривоят орқали уни истинбот қилиш ярамайди ҳамда барча жиҳатларни кўриб чиқмасдан фақат битта жиҳат билангина ривоятни тажриҳ ва таъдил қилиш дуруст эмас.
5 – Энди, мазкур мақола соҳиби билмаган ё ўзини билмаган қилиб кўрсатган айрим томонларни баҳс-мунозара қиламан:
У Табарий ривоятини шарҳлашда диққатни Абу Михнафга қаратган-у, бироқ Абу Михнафнинг санаддаги шеригига эътибор бермаган, чунки Табарийнинг ривоятида бундай келади:
«Менга Умар ибн Шабба айтди, бизга Али ибн Муҳаммад Вакиъдан, у Аъмашдан, у Иброҳим ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ансорийдан, у Ибн Абу Арубадан, у Қатодадан у Шаҳр ибн Ҳавшаб ва Абу Михнафдан, у Юсуф ибн Язиддан, у Аббос ибн Саҳл ва Муборак ибн Фазоладан, у Убайдуллоҳ ибн Умар ва Юнус ибн Абу Исҳоқдан, у Амр ибн Маймун Авдийдан ривоят қилди: Умар ибн Хаттоб пичоқлангач… бундай деди…» тугади.
Демак, мақола эгаси Абу Михнафга диққат қаратиб, уни заиф деди, унинг ривоятдаги шериги Шаҳр ибн Ҳавшабни ташлаб кетди, ҳолбуки, Қатода Абу Михнафдан ҳам, Шаҳр ибн Ҳавшабдан ҳам ривоят қилган бўлиб, уларнинг ҳар иккиси Абу Юсуфдан ривоят қилганлар, аммо мақола эгаси фақат Абу Михнафни зикр қилган. Бунга сабаб Шаҳр ибн Ҳавшабни бир жамоа муҳаддислар ишончли санаганлар:
Ижлий (вафоти 261ҳ) ўзининг «Сиқот» китобида: Шаҳр ибн Ҳавшаб – шомлик тобеин бўлиб ишончлидир, дейди.
Ҳайсамий (вафоти 807ҳ) «Мажмауз завоид ва манбаул фавоид» китобида бир неча ўринда бундай дейди:
«Шаҳр ибн Ҳавшаб ишончли дейилган», «Шаҳр ибн Ҳавшаб ҳақида ҳар хил фикрлар бор, бироқ Аҳмад, Ибн Маъин, Абу Зуръа ва Яъқуб ибн Шайба уни ишончли деганлар», «Шаҳр ибн Ҳавшаб ҳақида айрим гап-сўзлар бор ва уни кўпчилик ишончли деган», «Шаҳр ибн Ҳавшаб ҳақида айрим гап-сўзлар бор ва уни бир жамоа ишончли деган».
Ибн Шоҳин (вафоти 385ҳ) ўзининг «Тариху асмоис сиқот» китобида бундай дейди: «Яҳё: Шаҳр ибн Ҳавшаб – собит, деган. Яна бир ривоятда у шомлик бўлиб, ашъарийларнинг энг обрўлиларидан ва у ишончли, дейилган».
Шунинг учун Қатода фақат Абу Михнафнинг ўзидан эмас, балки Абу Михнаф ва Шаҳр ибн Ҳавшабдан ривоят қилди. Бироқ мақола эгаси Шаҳр ибн Ҳавшабга эътибор қаратмаган, чунки уни бир неча муҳаддис ишончли санаган.
Бу Табарий ривоятлари жиҳатидан.
Энди Ибн Саъднинг «Табақот»даги ривоятларидан келтирамиз:
Мақола эгаси «Табақот»даги ривоятлардан бирини, яъни санадида Саммок қатнашганини келтирди ва унинг санади қуйидагича:
«Бизга Абдуллоҳ ибн Бакр Саҳмий хабар берди, бизга Хотим ибн Абу Сағира хабар берди, у Саммокдан ривоят қилди, Умар ибн Хаттоб ўлим ёқасига келгач, бундай деди: «Агар халифа қолдирсам – бу суннат, агар қолдирмасам – бу ҳам суннат, Росулуллоҳ С.А.В. вафот этганларида халифа қолдирмадилар, Абу Бакр вафот этганда халифа қолдирди». Мақола соҳиби Саммокни «тўғри сўз, аммо ўзгарган», деб сифатлади ва у Умар билан учрашган бўлиши мумкин эмас, деди.
Лекин Ибн Ҳиббон (вафоти 354ҳ) ўзининг «Сиқот» китобида Саммок ибн Ҳарб ҳақида қуйидагиларни айтади:
«Саммок ибн Ҳарб Бакрий – Куфа аҳлидан… Ундан Саврий ва Шўъба ривоят қилган. Ҳаммод ибн Салама айтади: мен Саммок ибн Ҳарбнинг: мен Набий С.А.В.нинг саҳобаларидан саксон нафарини кўрдим, деганини эшитганман. У Ҳишом ибн Абдулмалик халифалиги охирларида, Юсуф ибн Умар Ироқ волийси бўлган вақтда вафот этган. Унинг тўлиқ исми Саммок ибн Ҳарб ибн Авс ибн Холид ибн Низор ибн Муовия ибн Омир ибн Заҳлдир».
Ибн Шоҳиннинг «Тарихи асмоис сиқот» китобида қуйидагилар келади:
«Саммок ибн Ҳарб ишончли. Бизга Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Бағавий айтди, бизга Муҳаммад ибн Ғийлон айтди, бизга Мўъмал Ҳаммод ибн Саламадан, у Саммок ибн Ҳарбдан ривоят қилди, Саммок айтди: мен Набий С.А.В.нинг саҳобаларидан саксон нафарини кўрдим».
Бу – Саммок Набий С.А.В.нинг саҳобаларидан саксон нафарини кўрганига далолат қилади. Бу талайгина сон бўлиб, у агар Умарни кўрмаган тақдирда ҳам, Умардан нақл қилган саҳобани кўргани аниқ, саҳобанинг тушиб қолиши эса санаднинг саҳиҳлигига зарар қилмайди.
Шу билан бирга, Ибн Саъд бу масалада Саммок қатнашмаган бошқа ривоятларни ҳам келтирган, жумладан:
– «Бизга Убайдуллоҳ ибн Мусо хабар берди: бизга Исроил ибн Юнус Абу Исҳоқдан, у Амр ибн Маймундан ривоят қилди, мен Умарни пичоқ еган куни кўрдим… Кейин у: менга Али, Усмон, Талҳа, Зубайр, Абдураҳмон ибн Авф ва Саъдни чақиринг, деди… Кейин: менга Суҳайбни чақиринг, деди. Суҳайб чақирилгач, унга деди: одамларга уч кун намозларида имом бўлинг, анави қавм битта уйда ўзлари холи қолсинлар, агар улар бир кишига келишсалар-у бирортаси уларга мухолиф бўлса, уни калласини олинглар…».
«Асадул ғоба»да келишича, Амр ибн Маймун Авдий Набий С.А.В. замонларида Исломга кирган ва юз марта (баъзи ривоятларда етмиш марта) ҳаж қилган, Набий С.А.В.га закотини адо этган… Шунинг учун у Умар ибн Хаттоб пичоқ еган куни шоҳиди бўлган.
– Бизга Муҳаммад ибн Умар хабар берди, менга Муҳаммад ибн Мусо Исҳоқ ибн Абдуллоҳ ибн Абу Талҳадан, у Анас ибн Моликдан ривоят қилди: Умар ибн Хаттоб вафот этишидан бир соат олдин Абу Талҳа Ансорийга одам жўнатиб, унга бундай деди: «Эй Абу Талҳа, қавмингиздан элликта ансорни олиб, анави шуро аҳлининг олдига боринг, улар ораларидан биттасининг уйига тўплансалар керак деб ўйлайман. Сиз дўстларингиз билан ўша уй эшиги олдида туринг ва ҳеч кимни олдиларига киришига қўйманг ва уларни учинчи кунни ораларидан бирини амир қилмай ўтказиб юборишларига қўйманг, Аллоҳ ҳаққи, сиз уларнинг устидаги ўринбосаримсиз».
– Бизга Муҳаммад ибн Умар хабар қилди, менга Мусо ибн Яъқуб Абу Ҳувайрисдан ривоят қилиб айтди: Умар ўз васиятида бундай деди: «Агар вафот этсам, сизга Суҳайб уч кун намозга имомлик қилсин, сўнг ўзаро келишиб, бирингизга байъат беринг…».
Очиқ кўриниб турибдики, Ибн Саъднинг бир неча ривоятлари мавжуд, аммо мақола соҳиби Саммок бор бўлган битта ривоятни топиб, шубҳага маҳкам ёпишиб олган ва бошқа ривоятларни ташлаб кетган. Бу унинг ҳақни излаб топишни эмас, балки ҳақ аҳли ўртасига чалкашлик киритишни исташига далолат қилади, лекин у бунга қаердан ҳам эришсин!
Шунча ривоятлардан ташқари, яна бошқа ривоятлар ҳам бор, уларни Ибн Шабба ўзининг «Тарихи Мадина» китобида келтирган, мен бу ерда ундан учта ривоятни нақл қиламан:
– Бизга Абу Бакр Улаймий айтди, бизга Назр ибн Шубайл айтди, бизга Ибн Муборак айтди, менга Ибн Аффон оиласининг мавлоси айтди: Умар Р.А. Суҳайбни уч кун одамларга намозда имом бўлишга буюрди ва бундай деди: «Учинчи кун келгунча орангиздан, яъни шуро аҳли орасидан бирингизга байъат бермай қўйманг, яна, Аллоҳдан тақво қилинг, орангизни ислоҳ этинг, бўлингманг, низолашманг, Аллоҳга, Росулига ва амирга итоат қилинг».
– Бизга Ҳаббон ибн Бишр айтди, бизга Яҳё ибн Одам айтди, бизга Ибн Идрис Талҳа ибн Яҳё ибн Талҳадан, у Исо ибн Талҳа ва Урва ибн Зубайрдан ривоят қилди, у иккиси айтди: Умар Р.А. пичоқ еган вақтда бундай деди: «Сизга Суҳайб уч кун намозга ўтсин ва Талҳани кутинг, агар шу вақт орасида келса яхши, акс ҳолда, ишингизни кўриб чиқинг, чунки Муҳаммад С.А.В.нинг Уммати уч кундан ортиқ (бошқарувсиз) бўш ташлаб қўйилмайди».
– Бизга Муҳаммад айтди, бизга Мусо ибн Уқба айтди, бизга Нофе айтди, унга Абдуллоҳ ибн Умар Р.А.нинг хабар қилишича, Умар Р.А. ғусл қилинди, кафанланди ва жаноза ўқилди, у шаҳид бўлганди. Умар Р.А. бундай деганди: «Агар вафот этсам, уч кун кутинг ва Суҳайб одамларга намозда имомлик қилиб турсин, тўртинчи кун келгунча устингизга бир амирни тайинламай қўйманг, Абдуллоҳ ибн Умар маслаҳатчи сифатида ҳозир бўлади, унга бошқарувдан ҳеч нарса берилмайди, Талҳа бошқарувдаги шеригингиздир. Агар у шу уч кун ичида (хабар билан) келса, ишингизни унга топширинг, агар у келишидан олдин уч кун ўтиб кетса, ишингизни ўзингиз ҳал қилинг (яъни ўзингиз бир кишини халифа қилиб сайланг)…». Миқдод ибн Асвадга бундай деди: «Агар мени қабримга қўйсангизлар, анави жамоани ораларидан бир кишини танлаш учун бирор уйга тўпланг». Суҳайбга бундай деди: «Одамларга уч кун намозда имом бўлинг. Али, Усмон, Зубайр, Саъд, Абдурраҳмон ибн Авф, Талҳани – агар келса – киритинг, Абдуллоҳ ибн Умарни ҳозирланг, унга бошқарувдан ҳеч нарса берилмайди, сиз уларнинг тепасида туринг, агар бештаси келишиб, бир кишига рози бўлсалар-у, биттаси бош тортса, уни бошини ёринг ёки бошига қилич тортинг, агар тўрттаси иттифоқ қилиб, ораларидан бир кишига рози бўлсалар-у, иккитаси бош тортса, иккаласининг бошини олинг, агар учтаси ораларидан бир кишига, яна учтаси бошқа кишига рози бўлсалар, у ҳолда, Абдуллоҳ ибн Умарни уларга қози қилинг, у қайси гуруҳнинг фойдасига ҳукм қилса ўшалар ораларидан бир кишини танласинлар, агар Абдуллоҳ ибн Умарнинг ҳукмига рози бўлмасалар, ораларида Абдураҳмон ибн Авф бор гуруҳ билан бирга бўлинг ва қолганларни – агар одамлар келишган нарсадан юз ўгиришса – қатл қилинг»…
Кейин, уч кунни муддат қилиш ушбу ривоятларда мухолифни ўлдириш айтилмаган ҳолда қисқа келган. Масалан: «одамларга уч кун намозда имом бўлсин», «учинчи кун келгунча», «орангиздан бирингизга байъат бермагунингизча уч кун ўтиб кетмасин», «Суҳайб сизларга уч кун намозда имом бўлсин», «уларни учинчи кунни ораларидан бирини амир қилмай ўтказиб юборишларига қўйманг», «сизга Суҳайб уч кун намозга имомлик қилсин, сўнг ўзаро келишиб, бирингизга байъат беринг».. каби. Мухолифни қатл қилиш ҳақида муфассал айтилган ривоятлар ҳам бор: «… одамларга уч кун намозларида имом бўлинг… агар улар бир кишига келишсалар-у бирортаси уларга мухолиф бўлса, уни калласини олинглар»… ва ҳоказо.
Яъни уч кун муддат берилгани мухолифга қўлланадиган ижронинг тафсилотисиз қисқа келган, бошқа ривоятларда эса мухолифга ижро, яъни қатл қилиш айтилган. Шундай бўлгач, мазкур мақола соҳиби мухолифни қатл қилиш ҳақидаги ривоятларга диққатни қаратди-ю, мухолиф қатл қилиш айтилмаган аммо уч кун мухлат берилиш айтилган ривоятларни ташлаб кетди? Унинг мақсади ўз фикрини туйғу билан қабул қилдириш учун қатл мавзусига алоҳида урғу бериш бўлган. Ҳолбуки, Умарнинг бутун халққа мухолифни қатл қилиш ҳақида айтган сўзлари уч кун ғоятда аҳамиятли эканига далолат қилади.
Шуларга кўра, афтидан, мақола соҳиби ҳам, унга ўхшаганлар ҳам, унинг шериклари ҳам ҳақиқатни обдон текширишни мақсад қилишмаган, бунинг ўрнига ҳақ аҳлини чалғитишни кўзлашган ва ўзларини шундай буюк фарзни адо этишдан қўрқоқлик қилиб, ўтириб олишганига оқловлар ясашни хоҳлашаётган кўринади. Ваҳоланки, бу фарзни саҳобалар Росулуллоҳ С.А.В.ни дафн қилишдан ҳам муқаддам қўйганлар.
Энди мақола соҳибининг: «Умар Р.А. қандай қилиб улуғ саҳобаларни қатл қилишга буюриши мумкин? Қандай қилиб Умар Р.А. уларнинг Росулуллоҳ С.А.В.нинг сара саҳобалари эканларини била туриб, шундай дейиши мумкин?», деган сўзларига келсак:
Шаръий аҳкомлар ўз далилларидан олинади, нафс-ҳаводан ҳам, фаразлардан ҳам олинмайди.
Шундай қилиб, ким биз келтирган нарсаларни тадаббур қилса, ақл ва онгини ишлатса, инша Аллоҳ ҳаққа йўл топа олади. Кимни ғурури гуноҳга етакласа ва мақоласини ўзи тушунишга саркашлик қилиб ёзса, унга жавоб ҳам фойда бермайди, балки унинг иши Аллоҳ Субҳанаҳуга ҳавола қилинади, У тўғри йўлга етакловчи Улуғ, Олий Зотдир.
Ривоят санадида номаълум ровийлар ҳам бор… Ривоятда мудаллис[1] ровийлар ҳам бўлиб, улар анъана сийғасида[2] ривоят қилишган…
[1] Мудаллис – бир ровий ўзининг одатда ҳадис ривоят қилган устозларининг биридан ҳадис ривоят қилади, лекин айнан бу ҳадисни ундан эшитмаган, балки бошқа бир одамдан эшитган, ривоятда шу ўртадаги одамни тушириб кетади ва ҳадисни устозидан قال – деди, عن – …дан, каби эшитиш эҳтимол тутилган сўзлар билан ривоят қилади, лекин ёлғончи бўлиб қолмаслик учун бу ҳадисни устозидан эшитганини очиқ айтмайди, яъни حدثني – менга ҳадис айтиб берди ёки سمعت – эшитдим демайди.
[2] Анъана сийғаси – عن – …дан деб қилинган ривоят.
Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта