Номуслари топталган, фарзандлари ваҳшийларча ўлдирилган ва ҳар он, ҳар лаҳза ўлим даҳшати билан кун кечираётган Суриялик муслималар дунёнинг кар-соқов оммавий ахборот воситаларига ўз нолаларини эшиттиришга ҳаракат қилишмоқда.
Инсонлар ҳар кун ваҳшийларча қатл этилаётган бу диёрда ҳаёт кечираётган мусулмонлар бошига тушган даҳшатлар қаршисида қулоқларини тўсиб олган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга “Бизни инсон ўрнида кўрмасангиз, ҳеч бўлмаса ҳайвон ўрнида кўринг”, дея нидо қилмоқда.
Асадга тобе кучлар тарафидан ўраб олинган Шом-Байт Шаҳим қишлоғида яшаётган бир аёл Ётубе порталига жойлаштирилган видеомуражаат орқали бутун дунёга нидо қилади.
“Бу ерда касалликка чалинган болалар, қарилар ва аёллар оғир изтироб чекаяпти. Бундан қутилишнинг чораси йўқлиги сабабли улар кўз ўнгимизда жон таслим қилишмоқда.
Олти ойдан буён ейдиган нарса топа олмай сарсонмиз. Бу ерда ҳатто ёш болалар учун ҳам ейдиган нарса йўқ. Бизларга фақатгина инсоний йўл очинг. Биз бу ердан дунё давлатлари раҳбарларига нидо қиламиз. Модомийки бизларни инсон ўрнида кўрмас экансиз, ҳеч бўлмаса, ҳайвон ўрнида кўринг ва бизларга ҳайвончалик аҳамият қаратинг”, дейилади видеомурожаатда.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлардан умидини узган Суриялик муслималар жаҳондаги ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотларга юзланиб шундай мурожаат қилади:
“Бир қанча ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар борки, биз у ташкилотларга нидо қиламиз. Умид қиламизки, улар бизга ёрдам қўлини чўзар.
Сиёсатдонлар “биз золимларни қораляпмиз”, демоқда. Бу бекорчи гаплардан бизга нима фойда?! Бу гаплар бизга қандай ёрдам бериши мумкин?!
Шуни англаб етдикки, инсонлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар бизларни кўрмаяпти. У ҳолда, ҳеч бўлмаса, бизларга ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ёрдам берар.
Сабр қиляпмиз, аммо қачонгача?! Сизлардан озиқ овқат ёки ичимлик сўрамаймиз, фақатгина қарилар, аёллар ва ёш болалар ўтадиган бир йўл очиб беринг, бошқа нарса истамаймиз. Биз охирги нафасимизгача сабр қиламиз. Бу ерда энг кўп қийналаётганлар ёш болалардир. Улар касалликдан жон таслим қилишмоқда, биз ҳеч нарса қила олмаяпмиз”.