Ё қочиб қутиласан ёки ўлиб

610
0

загруженное

Бу йил пахта мавсуми Ўзбекистон фермерларига ҳам, аҳолисига ҳам ҳар йилгидан анча оғир келди. Халқ бойлиги сифатида кўриладиган “оқ олтин“ оддий аҳоли учун бойлик эмас, мусибат бўлиб қолмоқда. Бу маҳсулотдан республика ҳар йили 1 миллиард доллар атрофида даромад олади. Аммо бу даромад фермер учун эмас. Фермернинг иши фақат пахтани етиштириш, холос. Ҳосилни эса ҳукуматнинг ўзи аҳолини мажбурлаш орқали йиғиштириб олади ва пуллайди. Шу боис ҳар йили кўплаб фермер хўжаликлари инқирозга учрайди. Имкон топган фермерлар пул билан қутулади, топмаганлари эса жавобгарликка тортилади.

Бироз даромад қилиш ниятида ер олиб фермерлик қилишга бел боғлаган фермерлар тазйиқлардан безиб, иложсизлик ва тушкунликдан Ўзбекистондан қочиб кетмоқда. Тўрткўллик уч фермер пахта планини бажаришга кўзи етмаганликлари туфайли қамалиб кетишидан қўрқиб, мамлакатни ташлаб Россия ва Қозоғистонга қочишга мажбур бўлди.

Қочишнинг иложини қила олмаган баъзи фермерлар ўз жонига қасд қилиб, қутилиш йўлига ўтиб олган ҳоллари кузатилмоқда. 18 октябрь куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Ёнбошқалъа массивида яшовчи 38 ёшли фермер Сафарбой Каримовнинг жасади ўз пахта даласидаги дарахтга осилган ҳолда топилди. Манбаларга кўра, фермер пахта режасини бажара олмаётгани учун мутасаддилар томонидан ҳақорат қилиниб, турма билан қўрқитилган. Шундан сўнгра фермер Сафарбой қамалиб кетишдан қўрқиб ўз жонига қасд қилган.

Жорий йилнинг апрел ойида Тошкент вилояти Янгийўл туман ҳокимлигида ўтказилган мажлис чоғида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб, юрак хуружидан жон берган эди.

Ўзбекистон ҳукумати таҳдид ва тазйиқлар остида йиғиштириб олаётган пахта ҳосилинининг бир қисмини аллақачон сотишга улгурган.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here