“Мусулмон биродарлар” жамоасининг фаолиятига чек қўйилди

484
0

000

Исломий жамоа бўлишига қарамай, демократик йўлдан юришни танлаган “Мусулмон биродарлар” жамоасининг фаолияти айнан мана шу демократик қонунларга биноан таъқиқланди.

Қоҳира маҳкамаси “Мусулмон биродарлар” жамоаси ва унга қарашли барча тармоқларнинг фаолиятини таъқиқлаш ҳамда бу жамоага оид барча мол-мулкларни, жумладан унинг кўчмас мулкларини ҳам мусодара қилиш ҳақида фармон чиқарди.

Олинган маълумотларга кўра, маҳкама “Мусулмон биродарлар” жамоасининг қўл остидаги мол-мулклари борасида текширув олиб борадиган қўмита ташкил қилиш ҳақида ҳам қарор қабул қилган.

85 йил муқаддам Шайх Ҳасан ал-Банно томонидан Исломий қадриятларни қайта тиклаш мақсадида асос солинган ва Ҳусни Муборак даврида қаттиқ тазйиқларга учраган “Мусулмон биродарлар” жамоаси 2011 йилда амалга ошган инқилобдан сўнг қонуний ташкилот мақомини қўлга киритган эди.

Бироқ ҳеч қанча вақт ўтмай, демократик йўл билан сайланган “Мусулмон биродарлар” жамоасининг вакили Муҳаммад Мурсий ҳам ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан ағдарилгач, жамоа муваққат ҳукумат тарафидан яна тазйиққа учрай бошлади.

Сўнгги бир ойдан бери “Мусулмон биродарлар” жамоаси таъқиб остида, кўзга кўринган етакчиларининг исмини турмадагилар рўйхатидан топасиз. Куни кеча “Мусулмон биродарлар” жамоасининг хатога йўл қўйганлигини тан олиб, Миср халқидан узр сўраган Солиҳ Султон ҳам бугун қамоқда.

“Мусулмон биродарлар” жамоасининг ҳуқуқий комиссияси бу қарорни “ноҳақлик, қонундан ташқари”, эканлигини даъво қилмоқда. Жамоанинг таъкидлашича, бу қарор жандарм давлатининг яна қайтиб келишидан даракдир.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here