Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати: Террорнинг олди олинди

516
0

000

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, Ош ва Бишкек шаҳарларида террор амалиётларини уюштиришни кўзлаган уч киши қўлга олинган.

Миллий хавфсизлик хизмати берган маълумотга кўра “Исломий жиҳод иттифоқи” гуруҳининг аъзолари деб гумон қилинаётган Қирғизистон ва Қозоқистон фуқаролари Суриядаги жангларга қатнашиб, айнан ўша ердан кўрсатма олиб Қирғизистонга келган. Улар ШҲТ саммити ўтказиладиган 13 сентябр кунлари террорчилик ҳаракатлари содир этишни режалаштирганликда айбланмоқда.

Миллий хавфсизлик хизмати тарқатган тасмада террорчиликда гумонланиб қўлга олинганларнинг бири шу пайтга Асад режимига қарши курашиб келганини ва икки шериги борлиги, улардан бири қирғиз, яна бири қозоқ миллатига мансуб эканлигини ва улар билан Бишкек, Ош шаҳарларида қўпорувчилик ҳаракатни амалга ошириш учун юқоридан кўрсатма олганини айтади.

ШҲТ саммити чоғида амалга оширилиши керак бўлган қўпорувчилик ҳаракатининг олди олинганлигини айтган Миллий хавфсизлик хизмати бу ҳаракатлар ортида нималар ётганлиги ҳақида маълумот бермади.

Аммо қирғизистонлик баъзи таҳлилчиларга кўра, бу нарса Миллий хавфсизлик хизмати томонидан тўқиб чиқарилган сохта ҳисоботлардан бири бўлиши мумкин. Жумладан Қирғизистон парламенти депутати Жоомарт Сапарбаев Қирғизистонга Суриядан жўнатилган террорчи гуруҳ ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлганига шубҳа билан қарайди.

“Бу фактни, биринчидан, чуқур текшириш керак. Бу фактни мен тасдиқланмаган маълумот деб биламан. Албатта, террорчилик ҳаракатларидан Қирғизистон ҳам сақланган эмас. Бироқ бу маълумот тўғри эканига шубҳам бор”, деди Жоомарт Сапарбаев.

Қирғизистон парламентининг айрим депутатлари ҳам махсус хизмат тарқатган баёнотга ишонмасликларини, бу иш юзасидан текширув ўтказиш кераклигини айтмоқдалар.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here