Ҳарбийлар “Мусулмон Биродарлар” билан тил топиша оладими?

343
0

920960_3

Бутун инсоният кўз ўнгида мусулмонлар аёвсиз қирғин қилинаётганига қарамай, Саудия Арабистони Қироли Абдуллоҳ ўз мамлакати Миср ҳукуматини – унинг таъбири билан айтганда – “террорчи ва душманлар”га қарши қўллаб қувватлашини айтган. Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари ва Иордания ҳам Миср ҳарбийларини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Бундан руҳланган Миср ҳукумати бўлиб ўтган ҳодисаларда ўзини оқлаш кампаниясини бошлаб юборди. Муваққат Бош вазир Ҳазим ал-Библавийнинг айтишича, ҳукуматнинг мақсади зўравонликка чек қўйиш, ҳалойиқни тартибсизликка ундаётган томонларни бостиришдир. “Ҳукумат қуролли ҳужумларга қурол билан жавоб беради” – дейди у.

Ҳазим ал-Библавий қирғинларда “Мусулмон Биродарлар”ни айблар экан, “Қўли қонга беланганлар билан ҳеч қандай ярашув бўлмайди. Мамлакат ва халққа қарши қурол кўтарганлар билан ҳеч қачон ярашув бўлмайди. Қонунни бузганлар билан ҳеч қачон ярашув бўлмайди, – дея баёнот берди.

Таҳлилчиларга кўра, Ҳарбийларнинг “Мусулмон Биродарлар” билан тил топишиши амри маҳол.

“Ҳарбийлар нуқтаи назаридан қараганда, “Мусулмон биродарлар” улар учун душман, ва рақибдир. Уларга кўра, “Мусулмон биродарлар” учун мамлакат сиёсий тизимида ўрин йўқ”, – дейди Яқин Шарқ сиёсати бўйича таҳлилчи Роберт Сатлофф.

“Яқин яқингача Суриядаги уруш барчанинг эътиборида эди. Мисрда вазият шу даражага етади деб ким ҳам ўйлабди. Мисрни қандай келажак кутмоқда? Суриядаги фуқаро уруши охир-оқибат нима билан тугайди? Мана шу икки йирик омил минтақадаги кайфиятни ва АҚШ манфаатларини белгиловчи омиллардир”, – дея қўшимча қилади у.

“Армиянинг вазифаси – вазият тамоман издан чиқиб, Суриядаги каби фуқаро урушига айланмасидан олдин “Мусулмон Биродарлар”ни мағлуб этишдир”, – деб воқеани шарҳлайди Сатлофф.

Бироқ таҳлилчиларга кўра, ҳукуматнинг бу қарори амалга ошадиган бўлса, оқибатлари бутун минтақа учун жуда хатарли бўлиши мумкин.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here