Тожикистонда инқилоб юз бериши мумкинми?

523
0

1

Тожикистонда президентлик сайлови тобора яқинлашиб борар экан амалдаги президент Имомали Раҳмонов Москвага йўл олди. президент Раҳмонов ўзининг Москва сафари ҳақида журналистларга айтишича, асосий масалалардан бири сифатида Тожикистондаги Россия ҳарбий базасининг муддатини узайтириш устида музокаралар олиб борилган.

Аммо кузатувчилар бу борада ўзгача фикрда. Улар Имомали Раҳмонов ноябр ойида ўтиши кутилаётган президентлик сайлови олдидан Кремлнинг дастагини қўлга киритиш мақсадида Москвага борганини айтишмоқда.

Тожикистон мухолифати раҳбари Раҳматуллоҳ Зоировнинг айтишича, Россия Раҳмоновни қўллаб қувватлаш борасида бир қарорга келмаган.

“Путин аввал розилик билдириб кейин яна орқага қайтадиган даражада тажрибасиз эмас. Менга етиб келган маълумотларга кўра Путин “кейин ўйлаб кўрамиз”, деб айтган”, деди Зоиров.

Раҳматулло Зойиров Тожикистон Исломий уйғониш партияси раиси Муҳиддин кабирийнинг президентлар тақдирини учинчи давлатларнинг пойтахтида ҳал қилиш даври ўтиб кетган, деган фикрини рад қилиб, “мен бундай деб ўйламайман, бу даврлар ҳали ўтган эмас. Россия ҳам, Хитой ҳам, бу борада ўз таъсирини ўтказа олади”, деб билдирди.

Мухолифат раҳбарининг айтишича, Тожикистонда Имомали Раҳмонов бошқарувидан норозиликлар кучли ва агар у яна бир марта сайловда ўз номзодини қўйса, бу халқнинг сабр косасини тўлдириб юбориши мумкин.

“Менинг фикримча Тожикистондаги вазият инқилобга жуда яқин. Одамлар Амалдаги президент ўзини номзодиги қўймайди, деб умид қилишмоқда. Агар номзодини қўйиб, сайлов натижаларини бузиб кўрсатадиган бўлса, менимча Тожикистонда инқилоб юз бериши эҳтимоли юқори. Биз инқилоб тарафдори эмасмиз, аммо одамларнинг сабр косаси тўлиб кетса уни тўхтатиш қийин бўлади. Бу каби ҳодисалар юз бергани тақдирда, салбий оқибатларни камайтириш учун уларда иштирок этишга мажбурмиз”, деб айтди Раҳматулло Зойиров Би-би-си билан суҳбатда.

 

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here