Муҳожирларга рус тили баҳонасида христиан дини таълим берилмоқда.

374
0

001

Ўтган йили Россияга ишлагани келган меҳнат мухожирлари рус тилидан имтиҳон топширишлари кўзда тутилган қонун қабул қилинган эди.

Мазкур қонунга мувофиқ, Россияда ишлашни истовчи барча хорижликлар рус тилини ўрганишлари ва шу бўйича имтиҳон топширишлари шарт.

Қарор эълон қилингандан сўнг мамлакат олий ўқув юртлари ва халқаро маориф бўлимлари қошида рус тилидан таълим берадиган ва имтиҳон қабул қилувчи икки юзга яқин марказ очилганлиги хабар қилинди.

Шундан сўнг Россия Федерал қонунига ўзгартириш киритилиб, меҳнат муҳожирлари Россияда рухсатномасиз меҳнат фаолияти билан шуғулланишига рухсат берилди.

Бугунга келиб маълум бўлишича, Рус праваслав черкови Россияга ишлаш учун борган меҳнат муҳожирларга рус тили ва маданиятини ўргатиш баҳонасида христиан динини таълим бермоқда.

Патриархи Кирилл ва Федерал Миграция Хизмати раҳбари Константин Ромадановский ўртасида биргаликда ҳаракат қилиш келишуви имзоланиб, муҳожирларни мамлакатга мослашувида ёрдамлашиш, рус тили ва маданиятини ўрганишларига оид масалалар бўйича ҳамкорликда ишлаш дастури ишлаб чиқилган.

Черковлар ҳузурида муҳожирлар учун рус тили курслари ташкил этилиб, марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига рус тили ва маданияти, тарихидан бепул дарслар ўтказилиб келинмоқда.

Четдан қараганда, гўё меҳнат муҳожирлари учун ғамхўрлик қилиш бошлангандек. Аммо баъзи черковларда рус тили дарслари ўрнига христиан дини тарғиб этилмоқда, дея ёзади озодлик сайти.

“Биз муқаддас китоб ўқияпмиз, ўқувчиларимизнинг қизиқишлари баланд. Ўзбеклар билан ўз тилида гаплашиш тез тил топишишимизнинг осон йўли. Дарсларимизда билдикки, ўзбеклар Ислом ҳақида кам билар эканлар, Бу ҳам Худонинг инояти, қанча кам билишса, улар билан гаплашиш шунча осон”, дейди рус тили ўқитувчиси Ольга.

Черковлардаги дарсларга қўшимча, ўзбек тилига таржима қилинган “Ҳаёт китоби” бепул тарқатилмоқда.

Меҳнат муҳожирларига рус тилини ўргатиш пардаси ортида афтидан жуда катта лойиҳалар мўлжалланган. Иеромонах Дмитрий Першиннинг берган маълумотига кўра, Миссионерлик комиссияси томонидан муҳожирлар учун бир неча тилларда қўлланмалар тайёрланган. Барча китоб ва қўлланмалар епархия бюджети ҳисобидан чоп этилиб, бепул тарқатилмоқда.

Россия федерал миграция хизматининг маълумотларига кўра, мамлакатга ҳар йили 13-14 миллиондан ортиқ муҳожирлар келишади.

Уларнинг қариийб 77 фоизи собиқ Иттифоқ республикалари, жумладан, Марказий Осиёдан бораётган фуқаролар эканлиги айтилади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here