Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – араб эди. Араб тили уларнинг она тили эди. Улар араб тилини нозик, атрофлича тушунадиган олимлар эди. Қуръон нозил бўлаётганда улар Росулуллоҳ(с.а.в) билан бирга эдилар, у кишидан ажрамасдилар. Пайғамбаримиз(с.а.в) ҳодисалар ҳақидаги Аллоҳ ҳукмини уларнинг кўз ўнгида баён қилар эди. Улар шариатни атрофлича билувчи уламолар ҳам эдилар. Шунинг учун қачон ўзларига бир воқеа кўндаланг келиб, у ҳақдаги Аллоҳ ҳукмини баён қилиш керак бўлса, нассдан ёки насс маъқулидан[1] ўзлари истинбот қилишган раъйларини баён қилиш билан у ҳақдаги шаръий ҳукмни баён қилар эдилар. Саҳобалар кўпинча далилни баён қилмай фақат ҳукм беришгагина чекланишар эди. Шунинг учун саҳобаларнинг ҳукмлари уларнинг раъйлари шаклида нақл қилинган. Бу эса баъзи одамларни «саҳобалар қазийя (масала, ҳукм) борасида ўз раъйларини билдиришган» деган тушунчага олиб келди. Аслида эса саҳобалар шаръий нусусдан ўзлари тушунганлари бўйича истинбот қилишган шаръий ҳукмни илгари сурганлар. Лекин унинг далилини бирга келтирмаганлар ёки ҳукм иллатини ёки иллат далилини баён қилмаганлар. Бу нарса «бу саҳобанинг раъйидир, шунинг учун инсон модомики ақли Ислом билан суғорилган экан ва у араб тилини билар экан бирон қазийя борасида ўз раъйини илгари суриши жоиз», деган тушунчага олиб келди.
Кейинги асрларда араб тилида бузилиш пайдо бўлиб, араб тили сўз тузилишини ўргатувчи қоидалар билан ўрганиладиган бўлиб қолди. Ровийларга ёлғон суқулиб кирганлиги ва Росулуллоҳ(с.а.в) номидан у киши айтмаган ҳадислар ривоят қилингани боис ҳадис усул билан ўрганиладиган фанга айланди. Шу боис ҳукмларни истинбот қилиш учун араб тилини ва шаръий нусусни билишга эҳтиёж сезиладиган бўлиб қолди. Шундан кейин шаръий ҳукм далил билан, гоҳида эса далил келтиришнинг асоси билан бирга келтириладиган бўлди. Натижада фиқҳ баҳси янгича шакллана бошлади ва бобларга бўлишда ўзига хос тартиб юзага келди. Фиқҳни бобларга бўлишда ва тартиблашда турли услублар қўлланган бўлса-да, ҳукмни баён қилиш билан бирга шаръий ҳукм далилини баён қилиш, ҳукм ихтилофли бўлиб қолган пайтда далил келтириш асосини ҳам баён қилиш зарурати туғилди. Исломий кутубхоналар турли услубларда бобларга бўлинган ва баён қилинган юз минглаб фиқҳий асарлар билан тўлиб-тошди, гуллаб яшнади. Бироқ кофирлар милодий XVIII аср ўрталаридан кейин мусулмонлар юртларини босиб олишгач мусулмонларни исломий илмлар борасида алдаб, адаштиришга киришишди. Мусулмонларга фиқҳни – худди сафсатачи кимса одамларга асални «бу арининг ахлати» деб ёмон кўрсатганидек – хунук кўрсата бошлашди. Кофирлар исломий фиқҳни «қора рўйхат»га тиркашди. Мақсад ундан мусулмонларни юз ўгиртириш эди. Зеро мусулмонлар фиқҳдан юз ўгиришса Ислом ҳукмларини билишдан юз ўгиришган бўлар, натижада Аллоҳ динини билмайдиган нодон кимсаларга айланиб, жаҳолат тузоғига тушишган бўларди. Шундай ҳам бўлди. Шунинг учун ҳам мусулмонларни фиқҳни зўр бериб ўрганишга тарғиб қилиш, уни ўрганишга шавқ, қизиқиш уйғотиш учун исломий фиқҳдан намуналар тақдим қилиш зарур бўлиб қолди. Умумий алоқаларга оид – уларни бугунги кунда сиёсий ҳукмлар ёки дастурий фиқҳ деб аталмоқда – шаръий ҳукмлардан намуналар келтириш одамлар учун жуда фойдали бўлиб қолди. Шахсларнинг бир-бирлари билан бўлган алоқаларига тааллуқли – бу алоқаларни фуқаролик қонуни деб аташмоқда – шаръий ҳукмлардан намуналар келтириш, жазо чораларига тааллуқли шаръий ҳукмлардан намуналар келтириш, баййинот (исбот, ҳужжат)га тааллуқли шаръий ҳукмлардан намуналар келтириш ҳам фойдалидир. Ана шунда фиқҳ ҳақида тамоман аниқ, равшан тасаввур пайдо бўлади. Шояд шунда бу тасаввур исломий фиқҳни асосий, мўътабар фиқҳ китоблари бўйича ўқиб-ўрганишга қизиқиш уйғотса.