Керри Сурия можаросини муҳокама қилмоқда

558
0

1370463655_1

Охирги пайтларда бўзчининг мокисидай Яқин Шарққа тез-тез қатнаб қолган АҚШ давлат котиби Жон Керри чоршанба куни Иорданияда араб давлатлари раҳбарлари билан учрашиб Сурия можароси ва Мисрдаги вазиятни муҳокама қилди.

Шунингдек, Керри Араб давлатлари Лигаси расмийларини Араб-Исроил тинчлик дастури билан таништириб, Мисрдаги бўҳрон ва Сурия мухолифатини қўллаш борасида Вашингтон тутган позицияни уларга тушинтирди.

Йиғилишга Араб лигасининг бош котиби Набил ал-Арабий, Фаластин ташқи ишлар вазири Риёз Моликий, шунингдек Баҳрайн, Иордания, Қувайт, Мағриб, Қатар, Саудия  ва бирлашган Араб амирликларидан ҳукумат масъуллари қатнашди.

Жон Керрининг Яқин Шарққа тез-тез келишининг сабаби Исроил-Фаластин можароси бўлишига қарамай, АҚШ давлат котиби Суриядаги фуқаролар уруши ва Мисрдаги нотинчликларни  асосий мавзулар сифатида муҳокама қилди.

Хабарларга кўра, Керри йиғилишдан аввал Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан суҳбат ўтказган ва суҳбат беш соат давом этган.

Аббос сўзловчиси Набил Рудинанинг айтишича, фаластинликлар тинчлик мулоқотининг қайта бошланишига қарши эмас. “Жаноб Керри муваффақиятга эришади, деб умид қиламиз. Президент Аббос музокаралар учун тайёр ва “Икки давлат” ечимининг тинчлик ва барқарорликка етаклайдидан ҳар қандай қисмини қўллаб-қувватлайди. Америка муҳим ишни бошлаган. Унинг давом этишидан умидвормиз”, – дейди фаластинлик расмий.

АҚШ Тинчлик институти таҳлилчиси Стив Ҳейдеменга кўра, Суриядаги уруш Фаластин-Исроил мулоқотига соя солмоқда, вазият қалтис. “Сурияда вазият тобора издан чиқиб бормоқда. Зўравонлик чегарадан ошиб қўшни ҳудудларга тарқалмоқда. Исроил ҳам, Ҳизбуллоҳ ҳам можарога тобора тортилиб боряпти”, – дейди таҳлилчи Ҳейдемен.

Америка университети профессори Акбар Аҳмеднинг айтишича эса, Сурия муаммоси Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик ўрнатиш заруратини янада оширади. “Чунки Исроил уруш зонасига яқин. Унинг олдида икки йўл бор: чегараларини мустаҳкамлаш ҳамда шу чегаралар ичида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш”, – дейди профессор.

Исроил айни пайтда Сурия чегараси яқинида ҳарбийлари сонини оширмоқда, дейди АҚШнинг Исроилдаги собиқ элчиси Даниел Куртзер. “Ҳозир Сурияда зўравонлик қайсидир даражада назоратга олинган, лекин унинг қўшни ҳудудларга ҳам ёйилиши эҳтимоли жуда катта ва хавфли. Бу қўшниларни беқарорликка бошлаши ёки Исроилни ҳам ҳарбий можаро домига тортиши мумкин”, – дейди Куртзер.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here