Росулуллоҳ (с.а.в)нинг АДИЙ ибн ҲОТАМ (р.а)НИ даъват қилишлари

777
0

00

Табарийнинг «пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи» китобида келишича, ибн Ҳамид бизга шундай ҳадисни ривоят қилади. Уни Салама Муҳаммад ибн Исҳоқдан, у Шайбон ибн Саъд Тоийдан ривоят қилиб, айтади: Адий ибн Ҳотам Тоий менга етиб келишича, шундай дер эди: «Араблардан бирор киши Росулуллоҳ (с.а.в)ни у ҳақида эшитганда менчалик ёмон кўрмас эди. Мен улуғ одам эдим. Насроний эдим, қавмим ичида (ўлжанинг) тўртдан бирига эгалик қилардим. Менинг қўлимда туяларимни боқиб юрадиган араб миллатига мансуб қулим бор эди. Унга: (отанг ўлгур), туяларимдан семиз, ёши катта миниладиганларини тайёрлаб қўй. Уларни менга яқинроқ жойда қамаб тур. Агар Муҳаммаднинг бу шаҳарга бостириб келаётганини эшитсанг менга хабар бер», дедим. У айтганларимни қилди. Сўнгра у бир кун эрталаб келиб «эй Адий, Муҳаммаднинг отлиқлари бостириб келяпти нима қилмоқчи бўлсанг мана энди қилавер», деди. Мен кўп байроқларни кўрдим ва улар ҳақида сўрадим. Бу Муҳаммаднинг қўшини дейишди. У шундай давом эттиради: унга туяларимни олиб кел, дедим. У олиб келди. Оилам ва болаларимни уларга миндирдим ва унга «насоролардан бўлган диндошларимни Шомга етказ», дедим. Ўзим Шом чегараси томон йўл олдим. Ҳотамнинг қизи (опам) шаҳарда қолди. Шомга етиб келиб, ўша ерда яшай бошладим. Муҳаммаднинг отлиқлари менга дуч келмади, аммо Ҳотамнинг қизи (опам) мусибатланганлар қаторида эди. Уни Тойлик асирлар билан Росулуллоҳ (с.а.в)нинг олдиларига олиб келишди. У Зот (с.а.в)га менинг Шомга қочганим хабари етган эди.

У айтади: Ҳотамнинг қизини масжиднинг олдидаги асирлар сақланадиган хонага қўйишди. Росулуллоҳ (с.а.в) унинг ёнидан ўтаётганда туриб – у гапга чечан, сўзамол аёл эди – «эй Росулуллоҳ (с.а.в), отам вафот этди, вакилим ғоиб бўлди, менга яхшилик қилинг, Аллоҳ сизга яхшилик қилсин», деди. Росулуллоҳ (с.а.в) «вакилинг ким», деб сўрадилар. У «Адий ибн Ҳотам», деди. У Зот (с.а.в) «Аллоҳ ва Росулидан қочганми?», дедилар. Ҳотамнинг қизи айтади: Росулуллоҳ (с.а.в) ёнимдан кетдилар. Эртаси куни яна ёнимдан ўтдилар. Мен умидимни узиб қўйган эдим. Орқасида турган киши менга «туриб гапир», дея ишора қилди. Мен туриб «Эй Росулуллоҳ (с.а.в), отам вафот этди, вакилим ғоиб бўлди, менга яхшилик қилинг, Аллоҳ сизга яхшилик қилсин», дедим. У Зот (с.а.в) «шундай қилганим бўлсин. Чиқишга шошилмай тур. Сени юртингга етказиб қўядиган ишончли киши топганимда сенга рухсат бераман», дедилар. Мен «гапиринг» деб ишора қилган киши ҳақида сўраганимда, Али ибн Абу Толиб эди, деб жавоб беришди.

У шундай давом эттиради: Било ёки Қузоа қабиласидан карвон келгунча яшаб турдим. Сўнгра Шомга укамнинг олдига боришни хоҳладим. Росулуллоҳ (с.а.в)га келиб «эй Росулуллоҳ, қавмимдан бир карвон келди. Унинг ичида мени олиб бориб қўядиган ишончли одам бор», дедим. Росулуллоҳ (с.а.в) менга кийим кечак бериб карвонга топширдилар ва нафақа ҳам бердилар. Улар билан чиқиб Шомга етиб олдим.

Адий айтади: Аллоҳга қасамки, мен аҳлим орасида ўтирган эдим тўсатдан тўғри мен томонга келаётган тахтиравондаги аёлга кўзим тушди. Яна шундай дейди: «Ҳотамнинг қизими? Ҳа бу ўша!», деб юбордим. У мени олдимга келиб тўхтаб «қариндошни билмаган золим, оиланг ва болаларингни олиб отангни қизини ва ориятини эса ташлаб кетдинг», дея таъна қила бошлади. Мен «эй опам, фақат яхши хабарлардан гапиринг. Мен учун эса ҳеч қандай узр йўқ. Ҳақиқатдан ҳам сиз айтган нарсаларни қилдим», дедим. У тахтиравондан тушиб олдимда турди. Унга – у гапга чечан, сўзамол аёл эди – бу одам (Росулуллоҳ (с.а.в)) ҳақида нима дейсиз», дедим. У «дарҳол унинг олдига боришинг керак. Агар пайғамбар бўлса эртароқ унга боғланиш фазилатдир, агар подшоҳ бўлса эгилган бўйинни қилич кесмас», деди. Мен «Аллоҳга қасамки бу тўғри фикр» дедим-да чиқиб Мадинага, Росулуллоҳ (с.а.в)нинг олдиларига бордим. У Зот (с.а.в) масжидда эканлар, олдиларига кириб салом бердим. Менга «кимсиз», дедилар. Мен «Адий ибн Ҳотамман», дедим. Росулуллоҳ (с.а.в) ўрниларидан туриб мени уйларига олиб бордилар. У Зот (с.а.в) мени олиб кетаётганларида бир қари аёл дуч келиб тўхтатди. Росулуллоҳ (с.а.в) у аёлнинг эҳтиёжи учун узоқ туриб қолдилар. Мен ўзимга ўзим «Аллоҳга қасамки, бу одам подшоҳ эмас», дедим. Сўнгра бориб Росулуллоҳ (с.а.в)нинг уйига кирдик. Ўсимлик толаси тиқилган тери ёстиқни олиб менга узатиб, «бунга ўтиринг», дедилар. Мен «ўзингиз ўтираверинг», дедим. У Зот (с.а.в) «йўқ сиз ўтиринг», деб ўзлари ерга ўтирдилар. Мен ўзимга ўзим «Аллоҳга қасамки бу иш подшоҳнинг иши эмас», дедим.

Росулуллоҳ (с.а.в) «хўш, Адий ибн Ҳотам, сен раксавийя (насронийлик билан собийлик дини ўртасидаги дин)дан эмасмисан», дедилар. Мен «ҳа», дедим. Росулуллоҳ (с.а.в) «ахир, сен қавмингнинг тўртдан бир ўлжасини ейсан, шундай эмасми?», дедилар. Мен: «Тўғри, шундай», дедим. «Бу сен учун динингда ҳалол бўлмайди», дедилар. Яна ўзимга ўзим «Аллоҳга қасамки, бу одам номаълум нарсаларни ҳам биладиган пайғамбар экан», дедим. Сўнгра Росулуллоҳ (с.а.в) шундай дедилар: «эҳтимол сен кўриб турган бечораҳоллик сени бу динга киришингга монелик қилаётгандир. Аллоҳга қасамки, яқинда мол дунё уларнинг ичига шундай оқиб келадики, уни оладиган одам топилмай қолади. Балки уларни душманлари кўп, дўстлари озлигини кўришинг сени бу динга киришингдан тўсаётгандир. Аллоҳга қасамки, яқинда аёл киши Қодисиядан Байтуллоҳни зиёрат қилиш учун Аллоҳдан бошқадан қўрқмаган ҳолда туяси устида чиққани ҳақида ўз қулоқларинг билан эшитасан. Эҳтимол подшоҳлик ва султонлик бошқаларнинг қўлида эканлигини сени бу динга киришингга монелик қилаётгандир. Аллоҳга қасамки, яқинда Бобил еридаги оқ қасрлар фатҳ қилинганини эшитасан». Шундан сўнг мен Исломни қабул қилдим. Адий ибн Ҳотам айтади: иккитаси ўтди, учинчиси қолди. Аллоҳга қасамки, албатта у ҳам амалга ошади. Бобил еридаги оқ қасрлар фатҳ қилинганини ва туяси устида ҳеч нарсадан қўрқмаган ҳолда Байтуллоҳни ҳаж қилиш учун Қодисиядан чиққан аёлни кўрдим. Аллоҳга қасамки, учинчиси ҳам амалга ошади, яъни мол дунё уларнинг ичига шундай оқиб келадики, уни оладиган одам топилмай қолади

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here