Россия: Ўзбек муҳожири ўзини 5 қаватдан ташлаб, ҳалок бўлган

537
0

220c08548cac211cc7db219bb52f46cf_L
Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистонга чиқариб юборилиши кутилаётган муҳожир ўзини бешинчи қаватдан ташлаб, ҳалок бўлган. Россия матбуотига кўра, Санкт Петербургнинг Москва туман суди ҳаками 52 ёшли ўзбекистонлик муҳожирни депортация қилиш ҳақидаги қарорини ўқиб эшиттириши ортидан у маҳкама залидан ташқарига отилган ва бешинчи қават ойнасидан ўзини ташлаган.

Piter-TV тарқатган хабарда ҳакамлар уни тўхтатиб қолишга уринганлари, аммо бунинг имкони бўлмагани айтилади.

Ҳодиса тафсилотлари ва муҳожирни суиқасдга ундаган омиллар номаълумлигича қолмоқда.

Санкт-Петербургадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилотидан Анна Удярова муҳожирларни кўпинча бу қадамга ундайдиган нарса чорасизлик эканини айтади. Унга кўра, ўзбекистонлик муҳожирга қарши иш маъмурий жазога тортиш ҳақидаги маҳкама иши бўлган.

“Меҳнат муҳожирларига нисбатан бу каби ишлар маҳкамаларда кўп кўрилади. Муҳожирлик қонунларини бузганликлари аниқланса,
маҳкама уларнинг беш йил давомида Россияга киришларини тақиқловчи
қарор чиқаради. Жуда кўп одамлар учун бу энг ёмон жазо ҳисобланади.

Чунки улар ягона даромад манбаълари бўлган Россиядаги ишларидан
ажралишади ва оилаларини боқолмай қоладилар”, – дейди санкт петербурглик ҳуқуқ фаоли.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ва марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари кўпинча “Мемориал”га маъмурий жазо ҳақидаги маҳкама қарори устидан шикоят қилишда ёрдам сўраб келадилар. “Гарчи маъмурий қонунчиликнинг айни бандида мамлакатдан чиқариб юбориш эмас, балки жаримага тортиш ҳақидаги жазо ҳам назарда тутилган бўлса-да, Федерал Муҳожирлик Хизмати ва ҳакамлар кўпинча айнан бадарға қилиш шаклидаги жазони қўллашади”, – дейди Анна Удярова.

“Мемориал” вакилининг айтишича, сўнгги ҳодиса қашшоқликда кун кечирадиган Россиядаги муҳожирнинг чорасиз аҳволини кўрсатади. “Уларга на ўзлари мансуб бўлган давлат, бу ўринда Ўзбекистон ва на Россия ҳукумати ёрдам беради. Аксинча улар доимий таъқиб остидалар, уларга қарши мунтазам равишда ноқонуний рейдлар ўтказиб келинади ва ҳужжатлари тўхтовсиз текширилади. Амалда эса бунинг ҳеч қандай ижобий натижаси йўқ муҳожирларнинг Россия жамиятига интеграция бўлишлари учун ҳеч нарса қилинмайди”, – дейди ҳуқуқ фаоли.

Удярова хоним жонига қасд қилган ўзбекистонлик муҳожирнинг ватанида қидирувга берилган бўлиши мумкинлиги эҳтимолини истисно қилади. Унинг айтишича, агар муҳожир қидирувда бўлганида, унга нисбатан депортация эмас, балки экстрадиция жараёни бошлатилган бўлур эди. “Россия ва Ўзбекистон томонлари кўпинча бу жараённи суистеъмол қиладилар ва Россия махсус хизматлари қидирувдаги шахсни яширинча Ўзбекистонга бериб юборади.

Ваҳоланки, Ўзбекистон каби қийноқ қўллайдиган давлатга гумондорни топшириш Россия имзолаган инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо конвенциясига зиддир. Аммо афсуски,бундай ҳолатлар кўп”, -дейди Анна Удярова.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here