Электр энергияси учун чеклов киритилди

101
0

Электр энергияси учун чеклов киритилди

 Хабар: Қирғизистон Миллий энергохолдинги мамлакат вилоятларида электр энергияси учун чеклов киритилгани тўғрисида 23 ноябрда маълум қилди. Расман билдирилишича, бунга Токтагул сув омборидаги сув ҳажмининг ўта озайиб кетгани сабаб бўлган.

 “Апрель-октябрь ойлари оралиғида электр энергиясига талаб 530 миллион кВт соатга ёки 10,4 фоизга кўпайган. Электр энергиясидан фойдаланиш бўйича белгиланган меъёрларга амал қилмаслик оқибатида Токтагул сув омборидаги сув ҳажми электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин бўлмайдиган даражага етиб қолди”,-дейилади баёнотда.

Қирғизистон ҳукумати энергетик инқирозни бартараф этиш учун Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Россиядан электр энергияси сотиб олиш режасини ишлаб чиққан.

 Изоҳ: Садир Жапаров президентликка номзод сифатида халқ билан бўлиб ўтган учрашувларида электр энергияси нархини арзонлатиш ва 2021 йилнинг баҳор ойларида бекор қилишни ва 700 кВт соатли чекловни олиб ташлашни ваъда қилган эди. Аммо ваъда қилинган баҳор ойига келганида Жапаров қирғиз энергетикасининг қарзи 129 миллиард сомга етганини маълум қилиб, янги тариф жорий этишни таклиф қилди. Жапаров янги тарифда тоғли ва олис ҳудудлар учун свет нархини 1 сом 04 тийин қилиб белгилаш, “яшаш шароити яхши бўлган” оилалар учун эса нархни 1 сом 48 тийин қилиб белгилаш ва 1000 кВт соатлик чеклов қўйилиши, ошиқча сарфлангани учун 2 сом 29 тийин нарх белгилашни таклиф қилди. Бу эса нархларни арзонлатиш ўрнига, аксинча кўтарилишини англатар эди. Бироқ бу таклиф амалга ошмади. Шундай бўлсада қирғиз ҳукумати 15 октябрдан электр энергияси учун янги тарифларни жорий қилди. Бу ҳозирча фақат саноат корхоналарига таъсир қилади.

  Энергия ва саноат вазирлиги маълумотларига кўра, аҳоли учун тариф 1 кВт соат учун 77 тийин бўлиб қолади. 700 кВт соат дан ортиқ, электр энергияси нархи 2 сом 16 тийинлигича қолди. Шу билан бирга, тоғли ва олис ҳудудларда яшовчи аҳоли учун чегара бекор қилинди. Улар учун тариф 1 кВт соат учун 77 тийин бўлди.

 Насос станциялари учун тариф 1 кВт соат учун 1,09 сомни ташкил этади (солиқларсиз); Турар жой бўлмаган истеъмолчилар учун тариф 2,52 сом соатни ташкил этади (солиқларсиз); Кончилик корхоналари (криптовалюта), олтин қазиб олиш саноати корхоналари (олтинни қайта тиклаш фабрикалари), алкоголли ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар 5,04 сом (солиқларсиз) тўлайдилар; Қуйиш, эритиш цехлари учун тариф 3,78 сом ташкил этади (солиқларсиз); Цемент маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари учун 3,28 сомни ташкил этадиган бўлди.

 Ҳаво ҳароратини кескин совуб кетиши ҳукумат қишга тайёргарлик кўрмаганини фош этиб қўйди. Ҳукумат Токтагул сув омборида сув камлигини баҳона қилиб, бир фазали истеъмолчилар учун суткасига 5 кВт соатлик, уч фазали истеъмолчилар учун 10 кВт соатлик чеклов жорий этди. Аммо ҳукумат шу билан чекланиб қолмади. 19 ноябр куни Боткен вилояти Қадамжой тумани аҳолисининг электр иситиш мосламалари муҳрлаб кетилгани тўғрисида хабарлар тарқади. Бошқа вилоятларда электросет ходимлари уйма уй юриб аҳолини электрдан тежамкорлик билан фойдаланишга, свет ўрнига кўмир ва газдан фойланишга ўтишга чақириб, агар сарф кўпайиб кетадиган бўлса юқори кучланишни кўтара оладиган “автоматлар” паст қувватлиги билан алмаштирилиши ва муҳрлаб кетилиши борасида огоҳлантриб чиқишмоқда. Маълумки, 2014-йили “Қирғизгаз” Россиянинг “Газпром”ига 1 доллар эвазига сотиб юборилган. Ҳукумат газ нархига аралаша олмайди. “Газпром” эса аҳолига газнинг ҳар минг куб метрини 220 доллардан сотади. Табиийки, бундай нарх аҳоли учун оғирлик қилади ва ҳар ким ҳам уйни истишда газдан фойдалана олмайди. Свет танқислиги, электросет ходимлари огоҳлантируви ва газ нархи қимматлиги сабабли кўмирга бўлган талаб ошиб кетди. Натижада кўмирнинг нархи ҳам кўтарилиб, баъзи вилоятларда тоннаси 10 минг сомдан ҳам ошиб кетди…

 Жапаров бу муаммони ҳал қилиш учун аҳолига арзон нархда, тоннаси уч минг сом бўлган кўмир етказиб бериш йўлга қўйилганини маълум қилди. Аммо, арзон кўмир учун узун навбатлар вужудга келмоқда. Чунки, бир туман учун ажратиладиган 50 ёки 100 тонна кўмир ҳеч нарса бўлмаслиги кундек равшан. Ҳукумат эса шу йўл билан одамларни парламент сайловлари ўтгунча алдаб туришни режа қилгандек кўринади. Сайлов тинч ўтиб, ҳукумат ўз курсини мустаҳкамлаб олганидан кейин эса арзон кўмир ҳам, свет ҳам бўлмаслигининг эҳтимоли кўпроқ. Оддий қилиб айтганда, “ўзинг учун ўл етим”.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here