Ҳукм юритиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир

179
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳукм юритиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир

Қирғизистонда 2021 йил 28 ноябр куни парламент сайловлари бўлиб ўтади. Бу галги сайловлар аввалгиларидан фарқли равишда аралаш тизимда ўтказиладиган бўлди. Яъни, бунда пропорционал тизим ва мажоритал тизим биргаликда қўлланилади. Пропорцианал тизим доирасида очиқ рўйхат шаклида овоз берилади, яъни партияга овоз беришдан ташқари, рўйхатдаги аниқ номзодга ҳам овоз берилади. Мажоритал тизимга кўра, бир мандатли округдан номзод ўзини-ўзи кўрсатади ёки партия томонидан кўрсатилади. Ташвиқот кампанияси 27 ноябрга қадар давом этади.

Мусулмон киши ҳар бир ишда шаръий ҳукмга амал қилиши лозим. Шу сабабли Қирғизистондаги мусулмонларига парламент сайловлари тўғрисидаги шаръий ҳукмни баён қилиб ўтамиз. Парламент сайловлари тўғрисидаги шаръий ҳукмни билиш учун энг аввало унинг воқеини билиб олиш лозим. Бу эса, парламент ва парламент аъзоларининг ишини ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиш билан бўлади. Шу йўл билан парламент сайловлари тўғрисидаги шаръий ҳукмга етиб оламиз.

Қирғизистон конституциясининг тегишли моддаларини (76, 80, 85 моддаларни) ўрганиб чиқадиган бўлсак, парламентнинг иши қуйидагилардан иборат экани аён бўлади: 1) Қонунчилик. Яъни қонунлар ишлаб чиқиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш. 2) Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва вазирлар маҳкамаси аъзоларига ишонч билдириш. 3) Халқаро шартномаларни ратификация қилиш ёки тўхтатиш. 4) Ҳукуматни назорат қилиш ва ундан ҳисоб сўраш.

Бу ишларга назар ташлайдиган бўлсак, аввалги учта иш шаръан ножоиз экани, аммо тўртинчи иш, яъни ҳукуматни назорат қилиб, ундан ҳисоб сўраш эса – агар шаръий аҳкомларга мувофиқ бўлса – жоиз экани аён бўлади:

1 – Қонунчилик Исломда ёлғиз Аллоҳга хос. Мусулмон киши Аллоҳ Субҳанаҳунинг ўрнига ўзини қонун чиқарувчи қилиб олиши жоиз эмас. Балки шаръий ҳукмга тўлиқ бўйсуниб, уни ҳеч бир муҳокамасиз қабул қилиши вожиб. Шу билан бирга, овоз бериш ва танлаш, деган нарсаларга шаръий аҳкомларни қарам қилиб қўймаслик керак. Аллоҳ Таоло айтади:

﴿وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلاَ مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللهُ وَرَسُولُهُ أَمْرًا أَنْ يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ وَمَنْ يَعْصِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالاً مُبِينًا﴾

«Аллоҳ ва Росули бир ишни ҳукм қилган-буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳни ҳукмини қўйиб) ўз ишларида ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Росулига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озгандан озибди»                                                                                    [Аҳзоб 36]

Парламент ҳозирги ваколатлари билан Ғарб мафкурасига асосланган бўлиб, илмонийликдан ҳамда динни ҳаёт ва давлатдан ажратишдан келиб чиққан. Зеро, капиталистлар ўзлари халқ вакиллари, дея аташган парламент аъзолари орқали қонунчиликни халққа беришади. Бу эса, қонунчиликни Холиқ Субҳанаҳуга хослаган Исломга зиддир.

2 – Ҳукуматга ишонч билдиришга келсак, бу унинг куфр қонунларини татбиқ қилишига ваколат беришни англатади. Зеро, ҳукумат демократик тузумларда Аллоҳнинг шариатига алоқаси бўлмаган, балки инсонлар ўйлаб топган қонун ва дастурларни татбиқ қилади. Шубҳасиз, ҳеч бир шахснинг одамлар устидан куфр қонунларини татбиқ қилиши жоиз эмас. Чунки Аллоҳ шариат аҳкомлари билан ҳукм юритишга амр қилиб, бундай деган:

﴿وَأَنِ احْكُمْ بَيْنَهُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ وَلَا تَتَّبِعْ أَهْوَاءَهُمْ وَاحْذَرْهُمْ أَنْ يَفْتِنُوكَ عَنْ بَعْضِ مَا أَنْزَلَ اللَّهُ إِلَيْكَ فَإِنْ تَوَلَّوْا فَاعْلَمْ أَنَّمَا يُرِيدُ اللَّهُ أَنْ يُصِيبَهُمْ بِبَعْضِ ذُنُوبِهِمْ وَإِنَّ كَثِيرًا مِنَ النَّاسِ لَفَاسِقُونَ * أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللَّهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾

«(Эй Муҳаммад), улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ Сизга нозил қилган ҳукмларнинг айримларидан Сизни буриб фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг! Агар (Сизнинг ҳукмингиздан) юз ўгирсалар, билингки, Аллоҳ уларга айрим гуноҳлари сабабли мусибат етказишни истамоқда. Шубҳасиз, одамлардан кўплари фосиқлардир. Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Иимонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!»                                    [Моида 49-50]

Шунга биноан, шариатдан бошқа қонунлар билан ҳукм юритадиган ҳукуматга ишонч билдириш очиқ-ойдин ҳаромдир.

3 – Халқаро шартнома ва келишувларни ратификация қилиш масаласига келсак, бу шартномалар инсон ўйлаб топган дастур ва қонунларга асосланган. Шу жиҳатдан улар очиқчасига шариатга зиддир. Аксарият ҳолларда ушбу шартнома ва келишувлар кофирларнинг мусулмонлар устидан ҳукмронлик қилишига олиб келади. Бу эса, Аллоҳ Таолонинг ушбу каломига кўра, шаръан мутлақо жоиз эмас:

﴿وَلَنْ يَجْعَلَ اللهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلاً﴾

«Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай»                                      [Нисо 141]

4 – Ҳукуматни шаръий аҳкомларга мувофиқ назорат қилиш ва ундан ҳисоб сўрашга келсак, бу маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш бобидан бўлиб, мусулмонларнинг зиммасидаги вожиб вазифадир. Бунга Китоб ва суннатдан жуда кўп далиллар бор. Жумладан, Термизий ўзининг «Сунан»ида Ҳузайфа ибн Ямондан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар ﷺ бундай деганлар:

«وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَتَأْمُرُنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَلَتَنْهَوُنَّ عَنْ الْمُنْكَرِ أَوْ لَيُوشِكَنَّ اللهُ أَنْ يَبْعَثَ عَلَيْكُمْ عِقَابًا مِنْهُ ثُمَّ تَدْعُونَهُ فَلاَ يُسْتَجَابُ لَكُمْ»

«Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар албатта маъруфга буюриб, мункардан қайтарасизлар, акс ҳолда Аллоҳ сизларнинг устингизга Ўз даргоҳидан бир жазо юборур, кейин дуо қилаверасизлар (лекин) дуоларингиз ижобат қилинмайди». (Абу Исо бу ҳадисни ҳасан, деган). Лекин ҳукуматни инсон ўйлаб топган қонунлар асосида назорат қилиш ва ундан ҳисоб сўраш жоиз эмас.

Юқоридагилардан маълум бўляптики, парламентда жоиз бўлган фақат битта иш бор, у ҳам бўлса ҳукуматдан ҳисоб сўрашдир. Лекин бу нарса шариат аҳкомларига мувофиқ бўлиши лозим. Шунинг учун парламентга ўз номзодини қўйишни истаган киши ўзининг бу амали шариатга зид бўлмаслиги учун бир қанча ишларни амалга оширмоғи даркор. Уларни қуйида қисқача келтириб ўтамиз:

а)   Аллоҳдан ўзгадан олинган қонунчиликка қарши эканини, куфр тузумларини рад этишини, куфрни татбиқ қилувчи ҳукуматга ишонч билдирмаслигини одамларга очиқ айтиши керак. Шунингдек, куфр тузумини ўзгартиришга ва рошид Халифаликда гавдаланувчи Ислом тузумини барпо этишга ҳаракат қилаётганини очиқ кўрсатмоғи даркор. Бунга қўшимча, агар сайловларда ғолиб чиқадиган бўлса, буларнинг барчасига амал қилмоғи лозим.

б)   Китоб ва суннатдан истинбот қилинган дастурни қабул қилмоғи ҳамда парламентни ҳақни гапирадиган ва агар у сайланса, ҳукуматдан Ислом асосида ҳисоб сўрайдиган минбарга айлантирмоғи даркор.

в)   Миллатчилик ва илмонийликка асосланган партиялар каби Исломдан бошқа нарсани қабул қилган ва ўша нарсаларга чақирадиган партияларнинг аъзоси бўлмаслик керак. Агар шахснинг номзоди партиявий рўйхатда илгари сурилган бўлса, ўша рўйхатдагиларнинг дастури китобу суннатдан истинбот қилинган дастур бўлмоғи, мақсади куфр тузумини йўқ қилиб, ўрнига Исломни барпо этиш бўлмоғи даркор. Партиявий рўйхатда номзодини кўрсатиш шаръан жоиз бўлиши учун рўйхатдагилар Ислом программасини қабул қилган ҳамда Халифаликни барпо этиш ва куфр тузумини йўқ қилиш орқали Исломни татбиқ қилишга чақираётган бўлиши керак. Бундан ташқари, Исломга асосланмаган гуруҳлар билан сайловда коалиция сифатида иштирок этиш жоиз эмас.

Бировнинг парламентга кириши учун овоз беришда ҳам албатта юқорида айтилган шартлар топилиши керак. Чунки овоз бериш ваколатнинг бир туридир. Ваколат эса, ҳаром ишда берилмайди, балки жоиз ишда бўлиши лозим. Шунинг учун Аллоҳнинг ўрнига қонун чиқарадиган ёки куфр қонунини жорий қиладиган ёхуд шариатга зид шартнома ва келишувлар тузадиган ё-да ҳукуматдан ғайриисломий асосда ҳисоб сўрайдиган шахсга ёки томонга овоз бериш жоиз эмас.

Баъзи мусулмонлар парламент сайловида қатнашишни оқлаш учун агар парламентга аъзо бўлсалар, масжид ва мадрасалар қуриш, рўмолнинг тақиқланишига қарши кураш каби мусулмонларнинг айрим манфаатларини рўёбга чиқаришга имкон туғилади, деб айтишади. Ёки келажакда мусулмон номзодлар кўпайганда Ислом давлатини барпо қилиш имконияти пайдо бўлади… ва ҳоказо, дейишади. Улар шариатга қарши чиқиш билан мусулмонлар манфаатини амалга ошириш жоиз эмаслигини унутиб қўйганлар. Улар яна шуни ҳам унутишганки, Ислом юртларида бундай гапларни гапирган мусулмонлар илгари ҳам бўлган. Ундай кишилар парламент сайловларида қатнашиб, ҳатто парламентга ҳам аъзо бўлишган. Лекин қилган ишларининг оқибати Ислом ва мусулмонлар учун фалокат бўлган. Бунга Мисрда содир бўлган ишларни мисол қилишнинг ўзи кифоя.

Парламент сайловларида қатнашмаслик исломий даъват аҳлини жамиятдан узиб қўяди, деб айтадиганлар ҳам бор. Бу гап нотўғри! Чунки сайловда қатнашмаслик жамиятдан узилишни англатмайди, аксинча Ислом даъватини кўтариб чиқаётганлар Росулуллоҳ ﷺдан ўрнак олган ҳолда, жамиятга аралашиб, унга таъсир ўтказишлари лозим. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом Макка жамияти билан кучли кураш олиб борганлар. Лекин кофирларнинг бошқарувида иштирок этмаганлар. Балки фақат шариатга чекланиб, Исломдан озгина нарсада ҳам ён бермай, бундай таъкидлаганлар:

«وَاللهِ لَوْ وَضَعُوا الشّمْسَ فِي يَمِينِي، وَالْقَمَرَ فِي يَسَارِي عَلَى أَنْ أَتْرُكَ هَذَا الْأَمْرَ حَتّى يُظْهِرَهُ اللهُ أَوْ أَهْلِكَ فِيهِ مَا تَرَكْتُهُ»

«Аллоҳга қасамки, менинг ушбу ишни тарк этишим учун агар ўнг томонимга қўёшни, чап томонимга ойни қўйсалар ҳам асло тарк қилмайман. Ё Аллоҳ ушбу динни ғолиб қилади ёки шу йўлда ҳалок бўламан». (Сийрати Ибн Ҳишом).

Маълумки, Қирғизистон ҳукумати бирор шахс ёки гуруҳнинг юқорида айтиб ўтилган шаръий шартлар асосида сайловда ўз номзодини қўйишига ҳаргиз рухсат бермайди. Шунинг учун ягона танлов бундай сайловларда қатнашмаслик ва ҳаромдан тийилишдан иборат. Аллоҳ Таоло айтади:

﴿وَأَنَّ هَذَا صِرَاطِي مُسْتَقِيمًا فَاتَّبِعُوهُ وَلَا تَتَّبِعُوا السُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَنْ سَبِيلِهِ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ﴾

«Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди»                                                                                           [Анъом 153]

Ҳизб ут-Таҳрир        Қирғизистон                                                                              

8 робиуссоний 1443ҳ                         13 ноябр 2021м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here