БМТ: Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпи очарчилик ёқасида

538
0

БМТ: Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпи очарчилик ёқасида

 Хабар: Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпи (39 млн кишидан 22,8 млн нафари) ноябрдан мартга қадар “инқирозли” ёки “фавқулодда” озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келади. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Жаҳон озиқ-овқат дастури экспертлари ана шундай хулосага келди.

 Қурғоқчилик, қуролли низо, COVID-19 пандемияси ва иқтисодий инқироз афғонистонликлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатган.

 Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, Афғонистонда очарчилик ёқасида турган аҳоли сони шу йилнинг апрелидагига нисбатан 37 фоизга ошган.

 Йил охиригача тўйиб овқатланмасликдан 3,2 млн нафар беш ёшдан кичик болалар азият чекиши мумкин, агар зудлик билан зарур ёрдам кўрсатилмаса, уларнинг 1 млн нафарга яқини вафот этиши мумкин.

 “Биз ваъдалар билан одамларнинг қорнини тўйдира олмаймиз: ваъдалар ҳақиқий пулга айланиши керак ва халқаро ҳамжамият бу инқирозни биргаликда ҳал этиши лозим”, – деди Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Дэвид Бизли.

 Афғонистон аҳолисига ёрдам бериш учун ойига 220 млн долларга яқин маблағ талаб қилинади. Қайд этилишича, Жаҳон озиқ-овқат дастури 2021 йил бошидан буён 10,3 млн нафарга яқин афғонистонликларга ёрдам кўрсатган.

 Изоҳ: АҚШ 20 йил давомида Афғонистонда олиб борган босқинчилик урушида бирор натижага эриша олмай шармандали мағлубиятга учраганидан сўнг, ўз мағлубиятини яшириш илинжида Толибонни сиёсий музокаралар столига тортишга муваффақ бўлди. Олиб борилган музокаралар натижасида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетадиган бўлди. Аммо, АҚШ бир эшикдан чиқиб кетган бўлсада орқа эшикдан қайтиб кириб, Толибонни ўз измига солиш истагидан қайтганича йўқ. АҚШ қайтиб кирган орқа эшик бу – халқаро молиявий ташкилотлар бўлиб, АҚШ ҳарбий йўл билан таслим қила олмаган ҳаракатни улар қўли билан бўйсундирмоқчи.

 17 август куни АҚШ Афғонистон Марказий банкининг АҚШдаги барча активларини музлатиб қўйди ва бу орқали ҳокимият тепасига келган Толибон ҳукуматини миллиардлаб доллар маблағдан маҳрум қилди. Афғонистон Марказий банкининг ялпи захираси апрел ойида 9,4 миллиард долларни ташкил қилган. Ушбу заҳиранинг асосий қисми Нью-Йорк федерал захира банкида ва АҚШнинг бошқа молиявий институтларида сақланган.

 АҚШ ортидан, унинг иқтисодий қуроли бўлган Халқаро валюта фонди 18-августда Афғонистонга ёрдам кўрсатишни тўхтатди. Август ойи бошдаги қарорга асосан, фонд пандемия туфайли Афғонистонга 460 миллион доллар ажратишга қарор қилган эди. Бундан ташқари, валюта фонди 370 миллион долларлик кредит дастурини ҳам тўхтатиб қўйди.

 Бу орада Европа Иттифоқи ҳам Афғонистонга аввал белгиланган ёрдам маблағларини тўхтатиб туришини эълон қилди.

 Ундан кейин Жаҳон банки Афғонистонга молиявий ёрдам кўрсатиш тўхтатилганини маълум қилди. Банк халқаро ҳамжамият ва ҳамкорлар билан мамлакатдаги вазият бўйича маслаҳатлашиб иш олиб бормоқчилигини маълум қилди. Жаҳон банки Афғонистонда 20та лойиҳа устида иш олиб бараётган эди.

 Ўтган йилнинг ноябр ойида хорижий давлатлар Афғонистонга 4 йил давомида 12 миллиард долларлик инсонпарварлик ёрдами ажратишни режалаштирган эди…

 Дунёдаги барча очарчилик ва қашшоқликнинг сабабчиси бўлган мустамлакачи давлатлар ва уларнинг қўлидаги қурол бўлган молиявий ташкилотлар ривожланаётган ёки нуфузини ўтказмоқчи бўлаётган давлатларни сунъий тарзда очарчилик ва иқтисодий инқироз ҳолатига олиб келади, сўнгра БМТ орқали бу давлатларни қашшоқлик ва очарчилик кутиб турганини башорат қилиб, уларни бу фалокатдан қутқармоқчи бўлишади. 

  Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here