Афғонистон ва Толибон Алдов ва жавобгарлик

342
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Афғонистон ва Толибон

Алдов ва жавобгарлик

Устоз Сайфуллоҳ Мустанир

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Афғонистондаги матбуот бўлими раиси

Барча мутакаббир босқинчиларнинг Афғонистонда шармандаларча мағлубиятга учраганини тарихнинг ўзи исботлаган. Ўтган 42 йилнинг ўзида дунёнинг энг катта қудрати (Совет Иттифоқи ҳамда АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари) айни шу заминда мағлубият аламини тотишга мажбур бўлди.

Мисол учун, бундан йигирма йил муқаддам Америка Афғонистоннинг ҳақиқатидан кўз юмиб, унинг тарихини, машаққатли (нотекис) ерларини, қабилавий оддий турмуш тарзини, шунингдек, афғон халқининг жиҳоди ва қурбонликларини назарга илмади. Энг муҳими, ушбу замин аҳлининг ўз эътиқодлари билан фахрланишларини эътиборсиз қолдирди. Буларнинг барча-барчасини билса-да, такаббурлик билан Афғонистонга ҳужум қилиб, босиб олди!

Америка  аслида (Ислом ва мусулмонларга қарши уруш) бўлган «терроризмга қарши кураш», номли ёлғон даъво билан дунёнинг ярмини алдаш учун барча услубларни ишга солди. Демократия, эркинликлар, ривожланган миллат, давлат бино этиш, ободонлаштириш, инсон ҳуқуқлари, хотин-қизлар ҳуқуқи, этник озчилик ҳуқуқи каби сохта шиорлар билан бутун дунёни сафарбар қилди. Шунга ўхшаш баҳоналар билан Афғонистон аҳли учун бегона бўлган ҳукумат тузиб, уларнинг бошларига сиёсий ва ҳарбий етакчиликдан иборат малай озчиликни зўрлаб ўтқазиб қўйди. Агар босқинчи кучларнинг қўллаб-қувватлови бўлмаганда, бу ҳукумат афғон мусулмонлари орасида бир кун ҳам туролмаган бўларди.

Америка ушбу замин учун 2 триллион доллардан зиёд маблағ сарфлади, 2500га яқин аскарини йўқотди ва 20 мингдан зиёди ярадор бўлди. Улардан ўн минглаби бу заминни ўткир психологик травма билан тарк этди. Қолган аскарлари эса, оддий қуролсиз халққа қарши содир этган жиноятлари, шафқатсизликлари ва террорлари сабабли ўзларини айбдор ҳис қилиб, стресс ва руҳий травмага тўла ҳаёт кечиришмоқда.

Америка Афғонистондаги шармандали ҳарбий мағлубиятини англаб етгач, америкалик солиқ тўловчиларга, афғон халқига ва ўзининг малайларига мамлакатдан сўзсиз чиқиб кетиш тўғрисида берган ёлғон ваъдаларини дарҳол унутди.

Бундан ташқари, Америка ўз мақсадларига эришиш учун тинчлик музокаралари ва Толибон билан келишув тузиш орқали ўйинни айни йўналишда олиб борди. У буни йигирма йиллик уруши давомида амалга ошира олмаган эди. Бироқ, уларнинг алдови бу сафар ҳам иш бермади. Чунки демократик ва инсоний қадриятларга мос келмагани учун Америка томонидан «террорчи ташкилот», деб атаб келинган Толибонга халқаро қонунийлик берилди. Толибоннинг баъзи раҳбарлари турли давлатларга сафар қилиб, улар билан алоқа ўрнатишди ҳамда мамлакат ичкарисида ўз таъсири ва назоратларини ўрнатиб, Афғонистон масаласининг асосий тарафларидан бири сифатида майдонга чиқишди… Ва ниҳоят, Америка ўз обрў-эътиборини сақлаб қолиш учун Давҳа шартномасини имзолади.

Америка бу билан кифояланмади, балки алдов ўйинини давом эттириб, бир вақтнинг ўзида ҳам Толибон ҳаракатини, ҳам Қобул ҳукуматини тан олди. У ўзининг қўғирчоқ ҳукуматини Толибонга қарши туриб, унга қарши кураша олади ҳамда жанг майдонида уруш оқимини ўзгартира олади, деб ўйлаган эди. Аммо унинг бу тахмини нотўғри бўлиб чиқди. Америка ўзига тобе бўлган хоин ва коррупциячи ҳукуматнинг Афғонистондаги мусулмон халқ орасида биринчи кундан бошлаб ҳеч қандай илдизга эга бўлмаганини англаб етмади. Шу сабабдан ҳам ҳукумат бир неча ҳафтадан ортиқ тура олмади, қисқа вақт ичида барча вилоятлар ва пойтахт округларини шармандаларча қўлдан бой берди. Ашраф Ғани гарчи ўзининг шахсий манфаати ва саноқли кишилар манфаатидан келиб чиқиб, Толибонга қарши туришга уринган бўлса-да, бироқ, ўз тарафдорларини ўт ичида қолдириб, Афғонистондан шармандаларча қочиб қолиши ортидан сўнгги вақтларда унинг қаршилик ҳаракати заифлашиб кетди. Сўнг Ғарб Қобулнинг қулашини олдини олиш учун ўз элчихоналари ходимларини, малайларини, жосусларини ва ёлланма аскарларини хавфсиз равишда эвакуация қилишни баҳона қилиб, 5000 америкалик аскар ва қўшимча 600 инглиз аскарини юборди. Лекин улар буни уддалай олмадилар.

Айни пайтда, Ғарб Афғонистонга нисбатан ҳар хил, чалкаш позиция эгалламоқда. АҚШ, Британия ва Европа Афғонистон борасида уч хил қарашга эга. Бу борада улар ўзаро келиша олмаяптилар.

تَحْسَبُهُمْ جَميعًا وَقُلُوبُهُمْ شَتَّى

«Уларни бир деб ҳисоблайсиз-у, (аммо) диллари хилма-хилдир» [Ҳашр 14]

Минтақа давлатлари ҳам Афғонистондаги вазиятдан хавотирда. Улар томонлардан қай бирининг мамлакатдаги ишлар тизгинини қўлга олишини кутиб туришибди. Айниқса, руслар Ўрта Осиёдаги ўз томорқалари хавфсизлигига путур етишидан ташвишда. Хитой эса, ўзининг Покистон ва Ўрта Осиёдаги иқтисодий лойиҳаларидан хавотирланмоқда.

Бундан ташқари, АҚШ, Ғарб давлатлари ва БМТ агар Толибон бошқарувни зўрлик билан ўрнатишга уринса, иқтисодий ёрдамни узиб, уни изоляция қилиш билан таҳдид қилишяпти. Шу орқали мамлакатда «Исломий амирлик»ни қайта тиклашига йўл қўймаслик учун унга босим ўтказишмоқда. Лекин, Толибон ўзининг олдига бундан буён хавфли тузоқлар қўйилишини англамоғи даркор. Миллий давлат, шариат қоидаларига риоя қилмаслик, халқаро шартномаларни тан олиш, хотин-қизлар ҳуқуқи каби қадриятлар бир тузоқ бўлиб, уларни қатъий ва очиқ тарзда рад этиш лозим. Толибон бошқа исломий ҳаракатлар тажрибасидан сабоқ олиб, инсон ўйлаб топган ғайриисломий тузумларда қатнашишдан тийилиши, ҳақдан бошқа ҳеч нарсани қабул қилмаслиги лозим. Чунки у Исломни татбиқ қилишда муроса қиладиган бўлса, ўзининг шаръийлигини ва одамлар орасида ишончини йўқотади. Зеро, бундан кейин мусулмонлар қўллаб-қувватламайдиган бўлса, бирорта исломий ҳаракат майдонда қола олмайди. Исломни кичик географияга ва битта халққа чеклаб бўлмайди. Бундай қиладиган бўлсалар, мусулмонларни уруш ва тинчлиги битта бўлган ягона Уммат сифатида бирлаштира олмайдилар.

Толибон шуни англаб етиши лозимки, Америка, Ғарб ва БМТнинг мақсади Толибонни Ислом билан куфр ўртасидаги вақтинчалик ечимни қабул қилишга мажбурлашдир. Бироқ ҳақ билан ботил ўртасидаги нарса ҳам ботилдир. Шунга биноан, Толибон дунёдаги барча мусулмонлар учун пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик давлати соясида Ислом низомини ўрнатиши ва шариатга асосланган дастурни татбиқ қилиши вожиб. Шунингдек, ташқи сиёсати ҳам Исломни даъват ва жиҳод орқали бутун дунёга ёйишга асосланмоғи лозим. Зеро, дунё азизлиги ва охират ютуғига ноил бўлишнинг йўли мана шудир.

Роя газетасининг 2021 йил 25 август чоршанба кунги 353-сонидан

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here