Тунис президентининг парламент фаолиятини тўхтатиб, бош вазирни истеъфога чиқариши!

293
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Тунис президентининг парламент фаолиятини тўхтатиб, бош вазирни истеъфога чиқариши!

Савол:

Ал-Жазира 2021 йил 30 июлда хабар беришича, маслаҳатчи вазифасидан кейин ички ишлар вазирлиги лавозимига тайинланган Ризо Гарсиллави президент Қайс олдида қасамёд келтирди. Тунис президенти Қайс Саид ҳарбий ва хавфсизлик раҳбарлари билан фавқулодда учрашув ўтказиши ортидан, 2021 йил 25 июл якшанба куни кечқурун давлат телевидениесидаги чиқишида парламент ваколатларини музлатиб қўйганини, конституциянинг 80-моддасига асосланиб, бош вазир Ҳишом Машишийни ишдан олганини, депутатларнинг дахлсизлигини бекор қилганини, мудофаа ва адлия вазирларини ишдан бўшатганини, ўзи янги тайинлаган бош вазир ёрдамида ижроий ҳокимият бошқарувини ўз зиммасига олганини билдирди. Хўш, нима учун Тунис президенти бундай қадам ташлади? Бунга нисбатан халқаро реакциялар қандай бўлди? Бу ҳолат Тунисни халқаро кураш қамраб олганини англатадими?

Жавоб:

Бу масалалар борасида энг тўғри фикрни билдириш учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

  1. Тунис президенти Қайс Саид билан ҳукумат ва парламент ўртасидаги инқироз шу йилнинг бошида бошланган. Ҳишом Машиший 2021 йил 16 январда вазирликларда технократлардан иборат 25 нафар вазирнинг 11таси ўзгартирилганини билдирди. Тунис президенти ўзига яқин бўлган баъзи вазирлар ҳам ишдан бўшатилгани учун вазирликдаги ўзгаришларга вето қўйди. Қайс Саиднинг 2021 йил 25 январда қилган баёнотида таъкидлашича, «Бош вазир Ҳишом Машиший амалга оширган вазирликдаги охирги ўзгаришлар конституцияга, хусусан, 92-моддага зид бўлган. Яъни масала ҳукумат структурасини ўзгартиришга тааллуқли бўлса, биринчи навбатда вазирлар кенгашида муҳокама қилиниши керак. Бундан ташқари, бошқа бир қанча қонунбузарликларга йўл қўйилган. (Аммо у бу қонунбузарликларни очиқламади)». У яна бундай таъкидлади: «Конституцияга ўзгартиришни таклиф қилган баъзи шахслар устидан даъво аризалари ёки манфаатлар тўқнашуви борасида суд ишлари мавжуд. Иши кўрилаётган шахс қасамёд келтира олмайди. Қасамёд расмиятчилик эмас, балки муҳим процедурадир». Сўнг «вазирликларда аёлларнинг йўқлиги»га норозилигини кўрсатди… (AFP, 25 январ 2021 йил). Тунис президенти мамлакат иқтисодий инқироз билан курашаётган пайтда шундай қарор қабул қилди. Зеро, мамлакатга қаттиқ таъсир кўрсатган коронавирус пандемияси инқирозни янада кучайтирган эди. Соғлиқни сақлаш тизими қулаш ёқасига келиб қолгани борасида огоҳлантирувлар бор. Шу сабабли сўнгги бир неча кун ичида баъзи мамлакатлардан шошилинч тиббий ёрдамлар олинди. Тунис Статистика Институти маълумотларига кўра, 2020 йилда Тунис иқтисодиёти 8,8 фоизга қисқарган. (Душанба куни Тунис миллий статистика институти тарқатган рақамлар шуни кўрсатдики, мамлакат иқтисодиёти 2020 йилда рекорд даражада 8,8 фоизга пасайган. Асосан туризмга боғлиқ бўлган Тунис иқтисодиёти коронавирус пандемияси туфайли жиддий зарар кўрди. Статистика институтига кўра, ишсизлик даражаси 2020 йилнинг тўртинчи чорагида 17.4 фоизга ўсди. Ўша йилнинг учинчи чорагида эса, 16.2 фоизни ташкил этган эди. Анадолу агентлиги, 2021 йил 15 феврал).
  2. 2021 йил 25 июлда Тунис президенти аппаратининг фейсбукдаги расмий саҳифасида берилган баёнотда бундай дейилган: («Бош вазир ҳамда парламент раиси билан конституциянинг 80-моддаси асосида маслаҳатлашилганидан кейин, президент Қайс Саид 2021 йил 25 июлда мамлакатни, унинг хавфсизлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилиш ҳамда давлат идораларининг нормал ишлашини таъминлаш учун қуйидаги қарорларни қабул қилишни зарур деб ҳисоблади:
    1. Бош вазир Ҳишом Машишийни ишдан бўшатиш;
    1. Парламентнинг иши ва ваколатларини 30 кунга музлатиш;
    1. Парламентдаги барча депутатларнинг дахлсизлигини олиб ташлаш;
    1. Мамлакат президенти томонидан тайинланган бош вазир бошчилигидаги ҳукумат ёрдамида ижроий ҳокимият бошқарувини президентнинг шахсан ўзи зиммасига олади». Баёнотда яна бундай дейилади: «Вазият тақозосига кўра, юзага келган ҳамда сабаблари йўқолиши билан бекор қилинадиган ушбу фавқулодда чораларни тартибга солиш учун яқин соатларда бир фармон чиқарилади… Президент аппарати Тунис халқини тартибсизликлар келтириб чиқараётганларга эргашмасликка чақиради». Dubai CNN, 2021 йил 26 июл). Саид ўзининг қарорлари («Конституцияни тўхтатиб қўймагинини, конституциявий қонунийликдан четга чиқмаганини» таъкидлади. Ал-Жазира 2021 йил 26 июл). Тунис президенти Қайс Саид жума кунги баёнотида ўзини диктаторга айланмаганини айтиб, «Конституция моддаларини жуда яхши билишини, ҳурмат кўрсатишини ва ўрганиб боришини» билдирди. Аввалроқ, Тунис расмий ахборот агентлиги суд «Наҳза»нинг тўрт аъзосини, шу жумладан, Ғаннушийнинг тан соқчиси ва Тунис парламенти депутати Ёсин Аярини парламент олдида зўравонликка уринишда айблаб, тергов бошлагани ҳақида хабар берган эди… France 24, AFP ва Рейтер, 2021 йил 30 июл].
  3. Тунис парламенти спикери Рошид Ғаннуший 2021 йил 26 июлда фейсбукдаги расмий саҳифасида президент у билан маслаҳатлашганини рад этиб, бундай ёзди: «Депутатлар спикери конституциянинг 80-моддасини фаоллаштириш учун президент билан маслаҳатлашганини рад этади… Президент Қайс Саид конституциянинг 80-моддасини фаоллаштириш бўйича маслаҳат қилмаган. Бундан бошқа барча нарсалар ёлғон. Душанба куни эрталаб бир гуруҳ депутатлар билан парламент эшиги олдига келган парламент раисининг ичкарига киришига аскарлар рухсат бермади. Улар парламентни ёпишга буйруқ берилгани ҳақида хабар беришган. Ғаннуший («Мен парламент раисиман. Мен ўзим раҳбарлик қилаётган муассаса олдида турибман. Аскарлар мени парламентга киришга рухсат беришмади», деди ва Кайс Саидни «инқилобга ва конституцияга қарши тўнтариш» қилганликда айблади. Ал-Жазира, 2021 йил 27 июл). Аммо Қайс Саид (Ўзининг сўнгги қарорлари конституцияга қарши тўнтаришга уриниш бўлмаганини, конституция ва мамлакат қонунийлигига қарши тўнтариш қилиш нияти йўқлигини, охирги қарорлари бутунлай қонуний бўлганини, кутилмаганда мамлакатни қамраб олган хавф йўқолиши билан қарорлар ўз кучини йўқотишини айтди. Тунис президентининг фейсбукдаги саҳифаси, 2021 йил 27 июл). Кейинчалик, 2021 йил 30 июлда Ал-Жазира хабар берганидек, маслаҳатчи вазифасидан кейин ички ишлар вазирлигига тайинланган Ризо Гарсиллави президент Қайс Саид олдида қасамёд келтирди.
  4. Тунисдаги фаол кучларнинг реакциясига келсак, бу қуйидагича бўлди:

а)   Америка: Америка Тунисда фаол сиёсий нуфузга эга эмас. Чунки ҳозирги сиёсий синф аслида инглизлар малайидир. Кейинчалик Франция ҳам Тунисга таъсир ўтказишга муваффақ бўлди. Шунинг учун сиёсатчилар Европанинг, яъни Англия ва Франциянинг таъсири остида. Америка ҳарбий ва фуқаролик жамияти ёрдамлари билан Тунисга маълум даражада киришга ҳаракат қилди. Ҳарбий ёрдамга келсак, АҚШ Тунисда ўз таъсирини кучайтириш учун бу тактикадан фойдаланди. Ўнлаб йиллар давомида АҚШ терроризм баҳонаси билан Тунис армиясини қуроллантириб келди. У Тунис армиясини машғулотдан ўтказиб, бирга ҳаракат қилиб келмоқда. Қўшма Штатлар Халқаро Ҳарбий Таълим ва Машғулот (IMET) доирасида ва терроризмга қарши кураш дастури орқали Тунис армиясини молиялаштирди. 2012 йилдан 2016 йилгача Американинг Тунис армиясига қилган ёрдами тахминан 2,7 миллиард долларга етди. Кейинчалик Тунис 2015 йилда НАТОга аъзо бўлмаган иттифоқчи сифатида тан олинди. 2020 йил 1 октябрда АҚШ Мудофаа вазири Марк Эспер Тунис билан ўн йиллик ҳарбий ҳамкорлик шартномасини имзолади. Эспер президент Қайс билан учрашгандан кейин (Биз Тунис портлари ва чегараларини ҳимоя қилиш, терроризмни олдини олиш ва автократик режимларнинг зўравон ҳаракатларини мамлакатингиздан узоқлаштиришга ёрдам бериш учун ҳамкорлигимизни чуқурлаштиришдан мамнунмиз», деди. Africa news, 2020 йил 1 октябр).

Фуқаролик жамияти ёрдамлари тактикасига келсак, АҚШнинг Тунисдаги элчихонаси бу вазифани яхши бошқарувни қўллаб-қувватлаш дастури ва коррупцияга қарши кураш доирасида амалга оширмоқда. АҚШ элчихонаси Тунисдаги коррупцияга қарши курашни 5,6 миллион доллар маблағ молиялаштирмоқда. (Давлат Судлари Миллий Маркази (NCSC) фуқаролик жамиятларига бағишланган рақамли платформани ишлаб чиқиш учун конституциявий органлар, фуқаролик жамияти ва алоқалар вазирлиги билан ўзаро меморандум имзолади. Бу платформа фуқаролик жамияти ташкилотларини масофадан туриб рўйхатдан ўтказишга ҳамда самарадорлик ва жавобгарлик механизмларини кучайтириш мақсадида ташкилотларнинг молиявий ва адабий ҳисоботларини тайёрлашга ёрдам беради… АҚШнинг Тунисдаги элчихонаси, 2020 йил 20 декабр). Бироқ, қачонки мамлакатда сиёсий бўшлиқ мавжуд бўлса, шунингдек, худди Британия каби ёки Европа Иттифоқи, айниқса Англияга етиб олишга ҳаракат қилаётган Франция ва Германия каби бирор бир кўҳна давлатнинг бу мамлакатда нуфузи бўлмаса, ана шундагина бу тактикалар ўша мамлакатда ўз нуфузини ўрнатиш учун бир кириш нуқтаси сифатида ишлатилиши мумкин. Шу сабабли Американинг бу ҳаракатлари ҳозирда Тунисда Британия ёки Европанинг таъсирини бузишни англатмайди. Тунисда армия жуда кичик ва мамлакат сиёсатида иккинчи даражали ролни ўйнай олмайди. Шунинг учун Қўшма Штатлар ўзига содиқ малайларни ёллаш ва Тунисда самарали роль ўйнаш қобилиятини ривожлантириш учун кўпроқ вақтга муҳтож. Бу анча вақт олиши мумкин… Яъни Америка роли Тунисда ҳали фаол эмас. Балки унинг роли демократия ва инсон ҳуқуқларига чақириш баҳонасидаги умумий бир ролдан иборат! Бироқ, Америка Тунисга сизиб кириш уринишларидан воз кечмайди.

б)   Англия: Инқилобдан олдин ишларнинг назорати бутунлай Англия қўлида эди. У ўз малайи Зейнулобидин ва ундан олдин Бурқиба билан мамлакатни парда ортида бошқариб келган. Тунис саҳнида унинг том маънодаги халқаро рақиби йўқ эди. У «исломий» мухолифатни ўзлаштириш ва керак бўлганда бу муҳим картадан фойдаланиш учун Наҳза ҳаракати етакчиси Рошид Ғаннушийни қабул қилиш каби мухолифат партияларига очиқ ҳомийлик қилди… Англия Тунисда ҳеч қандай рақибсиз бемалол изғиб юрарди. 2015 йилда Англиянинг Тунисдаги элчихонаси «Адам Смит» халқаро консалтинг компаниясини Тунис ҳукуматига маслаҳат беришга, юқори мартабали офицерларни ўқитишга, сиёсатни шакллантиришга ва янги қонунларни қабул қилишга чақирди. Худди шундай, Британия ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Миллатлар Ҳамдўстлиги учун миллион фунтлик шартномаларни бошқарувчи ривожланиш пудратчиси «Aktis Strategy Ltd» Тунисга олиб келинди. Бундан ташқари, Британия Ҳабиб Бурқибадан тортиб Ибн Али ва 2012 йилда Нида Тунис партиясини тузган Божи Сабсийгача бўлган сиёсий синфни бошқариб келган. Сабсий Ҳабиб Бурқибанинг сафдошларидан бири ва Ибн Али билан иттифоқдош эди. У инглизлар билан ҳамкорлик қилган барча эски илмоний кучларни бир партияда бирлаштирди. Шундай қилиб, Англия ўз қўли остидаги сиёсий синф ёрдамида мамлакатда ўз таъсирини сақлаб қолди. Зейнулобидин президентликдан кетиши билан Англия ўзининг кучли малайини йўқотди, лекин режимни эмас. Чунки унинг давлат ичида ҳам, ташқарисида ҳам кўп малайлари бор. Шунга қарамай, унинг сиёсий таъсири аввалгисидан анча заифлашган. Ҳатто Ғаннушийнинг Британиядан англияпараст бўлиб қайтиши ҳам бу заифликни бартараф эта олмади. Зеро, Наҳза аъзолари ва етакчилари, айниқса, ўзларининг илмонийлашишлари ортидан, Ғаннушийнинг етакчилик қилиши борасида якдил фикрга келиша олмадилар. Чунки ҳаракат ичида холис кишилар бўлгани каби, Туркияга ва президент Эрдоғанга ишонадиганлар ҳам бор. Буларнинг барчаси Англиянинг ўз малайлари сафларини кучайтиришига тўсиқ бўлди. Аксинча, Америка малайи бўлган Туркия Наҳза партиясига ичкаридан таъсир ўтказишга ва Ғаннуший раҳбариятига ичкаридан таҳдид қилишга йўл очди. Бу муаммони ҳал қилиш мақсадида Наҳза ҳаракати илмонийлар қўллаб-қувватловига эришиш учун ўзининг «исломий»лигини пасайтирди. Шунинг учун «даъватни» «сиёсат»дан ажратди. Инглиз малайи Божи Сабсийни қўллаб-қувватлаш учун кенг парламент фронтини тузиш мақсадида 2014 йили Нида Тунис билан иттифоқчи бўлди. Аммо Сабсий партияси ўз кучини сақлай олмади, аксинча, бўлиниб кетди… Тунис воқеаларига нисбатан Англиянинг муносабатини ўрганадиган бўлсак, бўлиб ўтган ишлар унинг учун кутилмаган тарзда рўй берганини кўрамиз. Британиянинг The Guardian газетаси «The Guardianнинг Тунисдаги тўнтаришга нисбатан кўз-қарашлари: Баҳор қишга айланмоқда» сарлавҳали мақола чоп этди. Бу ҳақда Ал-Жазира веб-сайтининг 2021 йил 27 июлдаги хабарида айтилди. Газета Тунис аксил-инқилобга гувоҳ бўлганини айтиб, («Хавфсизлик кучларининг телеканалларга бостириб кириши яхши белги эмас», деб ёзган. Газетага кўра, «Фуқаролар бефарқ ҳаракат қилиб, нолиберал тушунчаларга мурожаат қилишмоқда. Чунки эркинлик ва демократия сиёсий барқарорлик ва иқтисодий фаровонликни таъминлай олмади. Аксинча, коррупция, инфляция ва ишсизлик ҳукм сурди. Тунисдаги оилаларнинг учдан бир қисми ўтган йили коронавирус пандемияси тарқалгандан кейин озиқ-овқат тугашидан қўрқадиган бўлиб қолган. Ошкор қилинган ҳужжатларга кўра, ҳукумат Халқаро Валюта Фондидан 4 миллиард доллар миқдорида кредит олиш учун музокараларда нондан давлат қўллаб-қувватловини олиб ташлашга тайёр. Бу кредит ўн йил ичидаги тўртинчи кредитдир. Ҳукуматнинг пандемияга қарши курашига нисбатан жамоатчиликнинг ғазаби миллий қарз даражасининг ошиши сабабли янада кучайди. Кредит тўловлари ҳозирда мамлакат соғлиқни сақлаш харажатларидан олти баробар кўпдир»). Яъни, Тунис режими Халқаро Валюта Фонди орқали АҚШнинг босими остида эди. АҚШ бу босимлар орқали ўзининг Тунисдаги мавжуд бўлиб туришини мустаҳкамламоқчи.

Буларнинг барчасидан Тунисдаги Англия нуфузининг ҳақиқатда заифлашгани маълум бўлади. Англия нуфузини заифлаштирган вазиятлар давом этар экан, Франция Тунисга кучли тарзда кириб олиш учун эшик очди. Англия француз таъсирини хавфли эмас деб ўйлади. Чунки у Франция билан ҳар доим, айниқса Америка таъсирига қарши мувофиқлашган ҳолда ҳаракат қиларди. Улар бу масалада иттифоқдош эдилар. Лекин Британиянинг «Брексит»и улар ўртасида катта тафовут пайдо қилди. Уларнинг ҳеч бири бу ёриқни ямашга ҳаракат қилмади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари, хусусан Германия Франциянинг позициясига яқин позицияни эгаллади. Германия Тунисда содир бўлган воқеани Британия оммавий ахборот воситаларида бўлгани каби бир тўнтариш сифатида баҳоламади. (Германия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Адебар душанба куни Тунисда сиёсий тартибсизлар кучайишидан Берлиннинг хавотирда эканини билдириб, мамлакатни конституциявий ҳуқуқий тартибга қайтаришга чақирди. Бироқ, у содир бўлган воқеани «тўнтариш» эмас деб ҳисоблайди… Спутник, 2021 йил 27 июл).

в)   Франция: Франциянинг муносабатига келсак, у кўпроқ диққатга молик:

  • Янги президент Қайс Саид мустамлакачиликка қаттиқ қарши эди. Унинг инқилобий тезисларини тунисликлар яхши қабул қилди. Улар инқилобдан кейинги даврда давлат бошқарувини қайсидир маънода давом эттирган «эски гвардия»ни йўқ қилиш умидида Қайс Саидга овоз беришган эди. Президент Саид 2019 йил ноябрь ойида президент бўлганида, дастлаб Туниснинг мустақил президенти эди. Бироқ, қандайдир халқаро кучга таяниш ғояси унинг менталитети ва зеҳниятига сингиб кетган эди. Шу сабабли, Франциянинг унга қучоқ очганини кўрди. Франция Тунисни яна француззабон тизимининг фаол аъзосига айлантиришни орзу қиларди. Франциянинг Қайс Саидни ҳақиқатда ўз малайига айлантириб олганига далолат қиладиган бир қанча далилларни қуйида келтириб ўтамиз:
  • Тунис парламенти президент Қайс Саиднинг тарафдорлари ва мухолифларидан иборат икки гуруҳга бўлинди. Унинг мухолифлари кўпчиликни ташкил қилар эди. Президент Қайс Саиднинг мухолифлари сафидан жой олган Наҳзанинг иттифоқчиси ва парламентдаги Франциянинг ашаддий душмани бўлган «Карома коалицияси» Франция ва Тунис ўртасидаги муносабатларни бузишга ҳаракат қилди. Масалан, Тунис Франциянинг мустамлакаси бўлгани учун «Франциянинг узр сўраши» ғоясини парламент овозига қўйди. Сабсий ёки Марзуқи президентлиги даврида парламент кун тартибига бундай таклиф киритилмагани шуни кўрсатадики, президент Саидга қарши бўлган блок президентни қийин аҳволга солиб қўйишни, Франция-Тунис муносабатларини қийинлаштиришни ва Франциянинг мустамлакачи душманлигини эслатиб қўйишни кўзлаган. Бироқ, сайлов кампанияси пайтидаги позициясидан фарқли ўлароқ, Тунис президенти Францияга нисбатан ҳимоя позициясини эгаллади. У ўз баёнотида («Ким узр сўраса ўзини айблаган бўлади», деди. Сўнг «Келажакка назар ташлайлик», дея қўшимча қилди… Франция Тунисда жиноятларни худди Жазоирдагидек тўғридан-тўғри мустамлакачилик асосида эмас, балки режимнинг ҳимояси остида содир этган. Тунисликлар мустақиллик учун жуда катта бадал тўлаганлар. Узр талаб қилиш уларнинг ҳуқуқи. Лекин узр сўрашнинг ўзи етарли эмас. Қайс Саид яна «Эҳтимол, баъзи лойиҳалар ёки янги ҳамкорлик узрнинг ўрнига ўтиши мумкин», деди. Сўнг узр сўраш билан оқланиб қолмаслигини, билдириб, «Мен ҳайронман, нега биз 60 йилдан кейин узр сўрашини талаб қиламиз?», деган саволни ўртага ташлади. «ultratunisia.com», 2021 йил 23 июн).
  • (2020 йил июн ойида Қайс Саид Франция билан муносабатларни чуқурлаштириш учун ўз лавозимини эгаллаганидан сўнг биринчи Европа сафарини Франциядан бошлади. Анадолу агентлиги, 2021 йил 4 июн). Тунис президентининг Париж сафаридан олдин ва ташрифи арафасида юқори мартабали француз расмийларининг Тунисга келиши Қайс Саид президент бўлганидан кейин икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг ўзига хослигини кўрсатади. (Шу нуқтаи назардан, президентнинг Францияга таклиф этилиши икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик лойиҳаларининг бошланиши бўлиши мумкин. Хусусан, ушбу ташриф олдидан Франция мудофаа вазири 2020 йил май ойида Тунисга ташриф буюрди. Бундан олдин эса Франция бош штаб бошлиғи келган эди. Икки ташрифнинг мазмуни ҳақида ҳеч қандай изоҳ берилмади. Фақат умумий муаммолар ҳақидаги бир аҳамиятга молик баёнотлар берилди, холос. Ал-Жазира 2021 йил 18 июн).
  • Тунисдаги инқироз чуқурлашиб, Франция қўллаб-қувватловига бўлган эҳтиёж ошгани сайин, Франция юқори мартабали амалдорларини Тунисга юборишда давом этди. (Турли инқирозларни бошдан кечираётган ва коронавирус пандемияси остида эзилган Африка давлати билан муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида, Франция бош вазири Жан Кастекс чоршанба куни кечқурун олти вазир ҳамроҳлигида Тунисга келди. Унинг ташрифи пайшанбагача давом этади. Музокараларда «иқтисодий ҳамкорлик», «қўллаб-қувватлов» ва «соғлиқни сақлаш инқирози» каби мавзулар муҳокама қилинади. Ташриф давомида бир қатор шартномалар ҳам имзоланади. Тунисда тезюрар поездлар тармоғини қуриш бўйича учрашувдан ташқари, тунис ва француз ишбилармонлари томонидан ташкил этиладиган рақамли соҳалар бўйича ҳам учрашув бўлиб ўтади. Франс 24, 2021 йил 2 июн).
  • Тунис президенти Франция мезбонлик қилган ва Парижда бўлиб ўтган Африка иқтисодий саммитида ҳам қатнашди. (Спутник, 2021 йил 22 май). Саммитда Тунисга баъзи коронавирус вакциналаридан ташқари, ҳеч қандай ташқи ёрдам кўрсатиш айтилмади. Бу эса, ташрифдан кўзланган мақсад президент Макрон билан Туниснинг ички вазиятини муҳокама қилиш бўлганини кўрсатади. Зеро, Қайс Саид француз матбуотига Тунисдаги ички вазият ҳақида узоқ гапирди. Бу ташриф Ғаннушийнинг «парламент дипломатияси», деб атаган Қатар зиёратига қасос сифатида қилинган зиёрат бўлиши ҳам мумкин. Бошқача айтганда, иккаласи ҳам хўжайинлари ва малай дўстлари билан кучли бўлишга ҳаракат қилишмоқда.
  • Франция соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш ва иш билан таъминлаш имкониятларини яратиш учун 2022 йилгача Тунисга 1,7 миллиард евро миқдорида ёрдам ва кредитлар ваъда қилди. Франция президенти Макрон Тунис президенти Қайс Саиднинг 2020 йил ўрталарида Парижга қилган ташрифи чоғида Тунисга 350 миллион евро миқдорида қарз берилишини билдирган эди… (Араб Жадид, 2020 йил 2 ноябр).
  • 2021 йил 28 июлда Ал-Жазира Франциянинг аниқ расмий баёнотидан иқтибос келтирди. Унда Франция ташқи ишлар вазири Ле Дриан «Франция Тунисдаги сиёсий вазият билан боғлиқ ўзгаришларни диққат билан кузатмоқда», деди. RT 2021 йил 28 июлда мана бу хабарни тарқатди: (Франция ташқи ишлар вазирлигининг чоршанба кунги баёнотида Ле Дриан бугун Тунислик ҳамкасби Усмон Жаранди билан телефон орқали мулоқот қилгани айтилди. Баёнотга кўра, Ле Дриан «мамлакатдаги сиёсий инқироз шароитида тезлик билан бош вазир тайинлаш ва тунисликларнинг умидларини қондирадиган ҳукумат тузиш муҳимлигини таъкидлаган»).

Хулоса: Тунисда кучаётган халқаро курашнинг барча белгилари шуни кўрсатмоқдаки, у ердаги кураш эски ва катта нуфуз соҳиби Англия билан янги ва беқарор таъсирга эга Франция ўртасида кечмоқда. Гарчи Франция ва унинг малайлари Америка ва унинг малайлари орқали Тунисдаги инглиз малайларига қарши кучаймоқчи бўлаётган бўлса ҳам, Америка ҳали ҳам бу курашда оғир вазнга эга эмас. Франция ўзининг Тунисдаги малайларини Мисрдаги Америка малайлари томон йўналтираётганини ҳам кўриш мумкин. Бироқ, Мисрнинг Тунисдаги таъсири Тунисга бевосита чегарадош бўлган Жазоирдаги инглиз малайларининг таъсирига қараганда анча паст. Шунинг учун ҳам Жазоир президенти Тунис ва Туниснинг Франция билан муносабатларига ишора қилиб бундай деди: «Дарҳақиқат, Теббун Франциянинг Жазоирга жиддий қарашлигини айтиб ўтди. Журналистнинг Франция ҳали ҳам Жазоирни француз провинцияси деб ҳисоблаяптими деган саволига, «йўқ, йўқ» деб тўғрилаб қўйди. Сўнг «Сиз бошқа давлатни назарда тутяпсиз. Зеро, французлар сиз назарда тутган ўша мамлакатга буйруқ беришади. У мамлакат эса, буйруқларни эътирозсиз амалга оширади», деди. Тунис президенти Қайс Саиднинг Францияга ташрифи чоғида «Тунис мустамлака остида бўлмаган, балки ҳимоя остида бўлган», деган сўзларидан сўнг, баъзилар Жазоир президенти ўша сўзлари билан Тунисга ишора қилмоқда, деб ўйлади… https://el-hosary.com, 2021 йил 8 июл).

Ушбу халқаро позицияларнинг барчасидан Франция Англия билан Тунисдаги ҳокимият устида курашаётгани маълум бўлади. Лекин кураш Европанинг ичида кетмоқда. Америка унда қатнашаётгани йўқ. Америка курашда фаол қатнашмагани учун биз Тунисда содир бўлган воқеани терминологик маънодаги халқаро кураш деб айтмаймиз. Балки юқорида айтганимиздек, бу Европа ичидаги, айниқса, бир томондан Франция ва Германия, бошқа томондан Англия ўртасидаги кураш. Шундай қилиб, кураш узоқ давом этмайди, ўзаро мувофиқлашувга қайтилади, катта эҳтимолга кўра, Англиянинг нуфузи Тунисни тарк этмайди. Чунки Англия сиёсий маккор давлат. Франция эса, бундан мосуво… Лекин, биз улар ўртасидаги зиддият кескин бўлишини ва бизнинг қўлларимиз билан Халифалик барпо қилишини қудратли ва кучли Аллоҳдан сўраб қоламиз. Зеро, Халифалик билан Ислом ва мусулмонлар кучли, куфр ва кофирлар хор бўлади.

وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ * بِنَصْرِ اللَّهِ يَنْصُرُ مَنْ يَشَاءُ وَهُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيمُ

«Ўша кунда мўминлар Аллоҳ нусрат бергани сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишига нусрат берур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир» [Рум 4-5]

22 зул-ҳижжа 1442ҳ

1 август 2021м

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here