АҚШнинг Россия ва Хитойга нисбатан сиёсати

296
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

АҚШнинг Россия ва Хитойга нисбатан сиёсати

Савол:

Байден бошчилигидаги АҚШнинг янги маъмурияти Хитой ва Россияга ҳужум қилишни бошлади. Бир вақтнинг ўзида, баъзи давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, эски иттифоқларни жонлантирмоқда. Америка бу икки давлатга нисбатан қандай сиёсат олиб бормоқда ва қандай мақсадларни кўзлаган? Бу маъмурият эскисидан фарқ қиладими?

Жавоб:

Келинг, янги маъмуриятнинг хатти-ҳаракатларини кўриб чиқайлик. Шу орқали АҚШ сиёсатининг моҳияти ва мақсадларини билиб оламиз:

  1. Хитойнинг ўсиб бораётган ҳарбий ва иқтисодий қудратига қарши туришда Австралия, Ҳиндистон ва Япония давлатлари муҳим роль ўйнашини ҳисобга олган ҳолда, АҚШ президенти Байден 2021 йил 12 март куни ушбу давлатлар раҳбарлари Скотт Моррисон, Нарендра Моди ва Ёсихидэ Сугалар билан онлайн конференция ўтказди. Конференцияда Байден бундай деди: («Ҳинд ва Тинч океанидаги эркин ва очиқ ҳудуд бизнинг келажагимиз учун жуда муҳимдир. Америка барқарорликка эришиш йўлида сиз билан ҳамда минтақадаги барча шерик ва иттифоқчиларимиз билан бирга ишлаш тарафдоридир». Шарқул Авсат, 2021 йил 13 март). АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин 2021 йил 13 март куни берган баёнотида («Осиёга бир ҳафталик сафар қилиб, Токио, Сеул, Нью-Деҳлида АҚШ иттифоқчилари билан минтақадаги ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилмоқчилигини, Хитойга қарши кучли чеклов камарини пайдо қилиш йўлларини ўрганишини…» маълум қилди. Яъни, Токио ва Сеулда бу икки мамлакатдаги ҳамкасблари билан учрашмоқчилигини билдирди. Бу учрашув Байден гуруҳининг Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмийлари бўлмиш Хитой Коммунистик партиясининг ташқи алоқалар бўйича масъули Ян Цзечи ва Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан Аляскада биринчи бор учрашишидан олдин бўлади». Шарқул Авсат, 2021 йил 14 март). Музокараларда Гонконг, Шинжон (Шарқий Туркистон), Тибет ва Тайвандаги вазият ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши муҳокама қилинади.
  2. АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин 2021 йил 20 март куни («Албатта биз барча иттифоқчи ва шерикларимизни биз томондан санкциялар жорий қилинишидан сақланиш учун Россия техникалари (қуроллари)дан ва уларга эга бўлишдан узоқ туришга чақирамиз», деди. Сўнг қўшимча қилиб, «Ҳиндистон Россиянинг С-400 тизимини ҳозирча сотиб олмади. Шунинг учун санкция жорий қилиш учун бирор бир сабаб йўқ», деди. Ал-Жазира, 2021 йил 20 март). 2018 йилда Ҳиндистон бош вазири Моди Россия президенти Путин билан Россиядан С-400 тизимини 4-5 миллиард долларга сотиб олиш тўғрисида битим имзолаган эди. Ҳиндистон 2019 йилда айни битимнинг дастлабки тўлови сифатида 800 миллион доллар тўлади. Ракеталарнинг биринчи партияси шу йилнинг охирида етказиб берилиши кутилмоқда. Остиннинг Ҳиндистонга ташрифи эса, АҚШнинг Хитой таъсирига қарши туришга ҳаракат қиладиган ҳамда Россия таъсирини чеклашда Америкага ёрдам берадиган давлатлар иттифоқини тузиш уринишлари доирасида бўлди. АҚШнинг мудофаа компаниялари Ҳиндистонга ҳарбий техника етказиб бериш, шу жумладан, 150та ҳарбий самолёт ва вертолётлар сотиб олиш бўйича Ҳиндистон билан миллиардлаб долларлик битимлар имзолади. Бу Ҳиндистонга 250 миллиард доллар атрофида сармоя киритиш мақсадида Ҳиндистон қуролли кучларини модернизация қилиш доирасида амалга оширилди. Шуни айтиб ўтиш керакки, Россия Ҳиндистонга асосий қурол етказиб берувчи давлат бўлишига қарамай, худди Туркия С-400 тизимини сотиб олгани учун санкцияларга йўлиққани каби, Ҳиндистон ҳам санкцияларга йўлиқишдан қўрқади. Моди 2014 йил қудратга келганидан сўнг, АҚШ сиёсатига тобе кимса бўлгани учун АҚШ-Ҳиндистон алоқалари мустаҳкамланди. Америка Ҳиндистонга 2016 йилда «асосий мудофаа шеригимиз», дея баҳо берди ва ўшандан бошлаб Америка Ҳиндистон билан нозик қуролларни етказиб бериш ва ҳарбий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича қатор битимларни имзолаб келмоқда. Америка Россиянинг С-400 тизими ва бошқа қуролларни сотиб олишдан Ҳиндистоннинг бутунлай воз кечишини истайди. Шунда Ҳиндистон ҳарбий соҳада, айниқса, қуролланиш соҳасида Америкага қарам бўлиб қолади. Бу эса, британияпараст Ҳиндистон Конгресс партиясининг сиёсатига бутунлай зид. Зеро, Британия Ҳиндистон устидан ўз ҳукмини ўтказиб келган ўнлаб йиллар давомида уни – Совет Иттифоқи даврида ҳам, ундан кейин ҳам – қурол-яроғни Россиядан сотиб олишга ундаб келган. Бу билан АҚШнинг Ҳиндистондаги ҳарбий соҳани ўз назоратига олишига ва у ерда ўз нуфузини мустаҳкамлашига имкон бермаган. Бироқ Америка Бхарата Жаната партиясидаги ўзининг малайларини ҳокимиятга олиб келишга муваффақ бўлгач, сиёсий ва ҳарбий соҳадаги ишлар тизгинини ўз қўлига олиш ва Британия нуфузига якун ясаш учун Ҳиндистонни қуролланиш ва армия соҳасида ўзига боғлаб олишга ҳаракат қила бошлади.
  3. Бир вақтнинг ўзида, Америка Хитой билан диалог олиб бориб, унга тўғридан-тўғри босим ўтказиб келмоқда. 2021 йил 18 мартда АҚШнинг Аляска штатида АҚШ-Хитой ташқи ишлар вазирликлари даражасида учрашув бўлиб ўтди. Унда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен («Хитойнинг хатти-ҳаракатлари глобал барқарорликни кафолатлайдиган қоидаларга асосланган тартибга таҳдид солмоқда…», деди. У яна бундай қўшимча қилди: «Биз Шинжон (Шарқий Туркистон), Гонконг ва Тайванда Хитой амалга ошираётган ишларга нисбатан чуқур хавотирларимизни ҳамда АҚШга қарши қилинган киберҳужумлар ва иттифоқчиларимизга қарши ўтказилаётган иқтисодий босимларни муҳокама қиламиз… Ушбу хатти-ҳаракатларнинг барчаси глобал барқарорликни кафолатлайдиган қоидаларга асосланган тартибга таҳдид солмоқда». Бунга жавобан Хитой Коммунистик партиясининг ташқи алоқалар бўйича масъули Ян Цзечи бундай деди: «Хитой ўзининг ички ишларига АҚШнинг аралашишига қатъиян қарши… Биз бундай аралашувга қатъий қарши эканлигимизни билдириб, жавоб қайтариш учун кескин чораларни кўрамиз… Қилиниши лозим бўлган нарса совуқ уруш менталитетидан воз кечишдир». Рейтер, 2021 йил 19 март). Бу билан Америка Хитойни дунё олдида обрўсизлантириш ва инсон ҳуқуқларини бузувчи сифатида кўрсатиш учун унга медиа ва психологик босим ўтказмоқчи бўлди. Буларни инсон ҳуқуқларига қайғураётгани учун қилаётгани йўқ, балки Хитойга босим қилишда инсон ҳуқуқларидан кузир карта сифатида фойдаланмоқда. Бироқ бунга муваффақ бўлолмаган кўринади. Чунки хитойликлар ҳам худди шундай жавоб қайтариб, Американи мамлакат ичкариси ва ташқарисида инсон ҳуқуқларини бузишда айблади. Бунга қўшимча, Америка бошқа давлатлар устидан ҳукмронлик қилиб, уларни ўз назоратида ушлаб келади, провокация қилиб, бойликларини талайди.
  4. Байден бошчилигидаги янги маъмурият Трамп маъмурияти бошлаган савдо урушини давом эттирмоқчилигини, аммо буни иттифоқчи ва бошқа давлатлар билан биргаликда амалга оширишини таъкидлади. Блинкен Хитойга қарши санкциялар қўллаш тарафдори бўлгани учун давлат котиби этиб тайинланди. Дарҳақиқат, Блинкен Сенатнинг ташқи алоқалар қўмитаси йиғинида бундай деган эди: («Ҳеч шубҳа йўқки, Хитой биз учун бошқа ҳар қандай давлатлардан кўра каттароқ муаммо ҳисобланади ва бу жуда мураккаб муаммодир. Америка Хитой билан яқинлашишни заифлик принципига эмас, балки куч принципига таянган ҳолда бошламоғи даркор. Иттифоқчилар билан биргаликда иш олиб бориш, халқаро муассасалар билан ҳамкорликда иш юритиш айни шу кучнинг бир қисми ҳисобланади. Ижозатингиз билан шуни айтмоқчиманки, мен президент Трампнинг Хитойга нисбатан кескин позицияни эгаллаб тўғри қилган деб биламан. Унинг бир қатор соҳалардаги ёндашувига унчалик қўшилмасам-да, лекин принципиал жиҳатдан бу тўғри бўлган ва бизнинг ташқи сиёсатимиз учун жуда фойдали бўлган, деб биламан». Анадўлу, 2021 йил 20 январ). Бу шуни кўрсатадики, Хитойга нисбатан АҚШ сиёсатининг асоси ўзгармайди. Маъмурият алмашиши билан фақатгина услублар ўзгаради, холос. Ҳозирда Хитойга нисбатан жиловлаш сиёсати тугаб, минтақа ва хориждаги кенгайишини олдини олиш учун душманона сиёсат бошланди.
  5. Америка Хитойнинг кенгайишидан хавотирланаётганини очиқ айтди. Масалан, президент Байден («Агар тезроқ ҳаракат қилмасак, «хитойликлар» тушлигимизни илиб кетишади. Улар темир йўл соҳасида янги катта ташаббусларга эга… Хитой электр транспортлари технологиясида жадал ривожланмоқда», деди. У «2021 йил 10 феврал чоршанба куни хитойлик ҳамкасби Си Цзиньпин билан ўтказган икки соатлик учрашувида инсон ҳуқуқлари, савдо ва хавфсизлик каби қатор масалалар ҳақида суҳбатлашганини» билдирди. Оқ уй матбуот котибаси Женнифер Псаки «Президентнинг нуқтаи назари бўйича, биз (яъни АҚШ) Хитой билан рақобатбардош давлатмиз. Бу нарса айни курашнинг нақадар чуқурлигидан кўриниб турибди», деди. «The Wall Street Journal», 2021 йил 12 феврал). Байден ўз юртининг хавотирларини яна бир бор таъкидлаб бундай деди: «АҚШ билан Хитой ўртасида кучли рақобат мавжуд. Зеро, Хитой қудрат ва нуфуз жиҳатидан дунёда биринчи давлат бўлишга интилмоқда. Мен Оқ уйда эканман бундай бўлмайди», деди. Сўнг, Хитойга қарши ташланадиган навбатдаги қадамлар борасида келишиб олиш учун йигирма етти нафар мамлакат раҳбарлари билан алоқа ўрнатишга ваъда бериб бундай деди: «Биз Хитойдан ҳисоб сўраймиз ва айниқса, Жанубий Хитой денгизидаги тартиб-қоидаларни ҳурмат қилишни ундан талаб қиламиз». Ал-Жазира, 2021 йил 25 март). Байден маъмурияти март ойи бошида «Миллий хавфсизлик стратегиясининг муваққат стратегик йўналиши» номли ҳужжат нашр қилди. Ҳужжат АҚШ янги маъмуриятининг глобал муаммоларга қарши курашга муваффақ бўлиши учун миллий хавфсизлик агентликларига тақдим этган янги кўрсатмаларини ўз ичига олади. 20 саҳифадан ошмайдиган кичик ҳажмдаги бу ҳужжатда Хитой деган сўз 15 марта такрорланган бўлса, Россия деган сўз атиги 5 марта келган!
  6. Америка Хитойнинг Жанубий Хитой денгизида ҳамон ўз ҳукмронлигини ўрнатолмаганини, лекин бунга ҳаракат қилаётганини кўриб турибди. Шу сабабли, буни олдини олишни ва Хитойни минтақадаги давлатлар воситасида чалғитиб туришни истамоқда. Америка Хитойни минтақада ҳар томонлама қамал қилинган бир катта давлат сифатида қолдиришга уриняпти. Масалан, Жанубий Хитой денгизида Индонезия, Малайзия, Филиппин ва Вьетнам давлатлари бўлиб, Америка уларни Хитойга қарши ҳаракатлантиришга уриняпти. Жанубий Хитой денгизининг шундоққина ёнидаги Тинч океанида Австралия бор. Америка Австралияни Хитойга қарши қўйиш учун у билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Шарқий Хитой денгизида эса, Япония, Тайван ва Жанубий Корея давлатлари жойлашган. Бу давлатлар ҳам АҚШнинг иттифоқчиларидир. Америка Хитойнинг Тайван билан ихтиёрий равишда бирлашиши шарти билан «ягона Хитой» принципини тан олган эди. Аммо Трамп даврида айни эътирофдан қайтди. Ана шунда Хитой Тайванни босиб олиш билан таҳдид қилгач, Трамп «ягона Хитой» принципини яна эътироф этишга мажбур бўлди. Маълумки, бу 1979 йил Хитой билан имзоланган битим бўлиб, унда бирлик (яъни «ягона Хитой» принципи) ўзаро тушуниш, аста секин иқтисодий ва сиёсий яқинлашувлар орқали амалга ошиши шарт қилинган. Бироқ, Америка айни битимга қайтган эса-да, Хитойнинг олдига турли тўсиқлар қўймоқда. У Тайванни қурол-яроғ билан таъминлаб, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаяпти. (Ҳинд ва Тинч океани минтақасидаги АҚШ кучлари қўмондони адмирал Филипп Дэвидсон 2021 йил 10 март куни Хитой олти йил ичида, яъни, 2027 йилга қадар Тайванга ҳужум қилиши мумкин, дея огоҳлантирди. У конгрессда «Хитойликлар Қўшма Штатларнинг халқаро тартибдаги етакчилик ролини эгаллаш борасида ўз лойиҳаларини жадаллаштираётганидан хавотирдаман. Улар бу мақсадга 2050 йилда етиб боришларини айтишар эди. Менинг хавотирим ҳозирга келиб буни жадаллаштиришаётганидир», деди. Ал-Жазира, 2021 йил 11 март). Яъни, Америка Хитойнинг Тайванни аннексия қилишидан хавфсирамоқда. Американинг эътирофи билан Хитой Тайванни ўзининг бир қисми, деб эътибор қилаётган эса-да, лекин Америка буни амалга ошишини пайсалга солиб келмоқда. Афтидан, Хитой ҳам Американинг бирлик (яъни «ягона Хитой» принципи)нинг амалга ошишига тўсқинлик қилиш учун ўйин қилиб, пайсалга солишларидан зада бўлган кўринади. Шунинг учун Хитой томонидан Тайванга жиддий таҳдид мавжудлиги кўриниб турибди. Аслида, Хитой уни куч билан аннексия қилиб олишга қодир. Бироқ, ҳозир у Америка билан савдо алоқасини бузишни истамаётган кўринади. Зотан, бошқа давлатлар билан ҳам савдо алоқаси бузилиши мумкин. Чунки агар Хитой аннексияга қадам ташлагудек бўлса, Америка бутун дунё давлатларини унга қарши гижгижлаши турган гап.
  7. Россия масаласи Хитой масаласидан бир мунча фарқ қилади. Чунки Россия Марказий Осиё, Кавказ ва Шарқий Европанинг бир қисмидан тортиб Украинагача бўлган минтақаларга ҳукмронлик қилади. Бу минтақалар Совет Иттифоқи давридан бери Россиянинг нуфузи остида қолмоқда. Америка айни шу минтақаларда барқарор ўрнашиб олиш ва ўз нуфузини ёйишда Россия билан рақобатлашмоқда. Ҳозирда у ерга кириб боришга муваффақ бўлиб, яна айримларида ўз таъсири ўтказишга ҳаракат қилаётган бўлса-да, бироқ ҳалигача барқарор ўрнаша олмади. Бир вақтнинг ўзида, Америка Россияга сиёсий, иқтисодий, ахборот ва психологик босим ўтказишда давом этмоқда. Шу боис, АҚШ президенти Байденнинг россиялик мухолафатчи Навальнийнинг заҳарланиши тўғрисидаги саволга жавоб бераётиб, Россия президенти Путинни «қотил», деб аташи бежиз эмас. Байден («Россия ўтган йилги АҚШ сайловларига аралашишга урингани учун – гарчи Кремль бу айбловларни тан олмаса-да – бунинг оқибатларини албатта кўради», деди. У «Путин бунинг бадалини тўлайди, дея таъкидлаб, ўтган январ ойида бўлиб ўтган узоқ вақтли телефон сўзлашувида буларга жавоб бериши мумкинлиги тўғрисида Путинни огоҳлантирганини билдирди. «Оқибатлар», деган сўздан нимани қасд қилгани сўралганда «яқинда кўрасизлар», деб жавоб қилди. Американинг «АВС» телеканали, 2021 йил 17 март). Бу билан Байден Россияга янги санкциялар жорий қилмоқчилигига ишора қилмоқда.

Энг ғалатиси шу бўлдики, Путин бунга жуда заиф, ҳатто хорларча жавоб қилди: У жумладан бундай деди: («Москва Вашингтон билан алоқаларни асло узмайди. Аксинча, АҚШ билан Россия манфаатларини ҳисобга олган ҳолда муомала қилади». Россия Телевидениеси (RT), 2021 йил 18 март). Бу эса, Россиянинг заифлигига ҳамда АҚШнинг санкцияларидан, босимларидан ва Украина, Қрим, Европада олиб бораётган ҳужумларидан қўрқаётганига далолат қилади. Маълумки, Россия Думаси раиси Вячеслав Володин Байденнинг ўз президенти Путинга ва мамлакатига қилган ҳужумини («Барча руслар учун ҳақорат», деб атаб, жумладан бундай деди: «Байден бундай баёноти билан мамлакатимиз фуқароларини ҳақорат қилди. Бу ожизликдан келиб чиққан истериядир. Путин бизнинг президентимиз. Унга қилинган ҳужумлар бизнинг мамлакатимизга қилинган ҳужумдир». Русиял Явм, 2021 йил 17 март). Россиянинг бор-йўқ қилган иши Вашингтондаги элчисини маслаҳат учун чақириб олгани бўлди, холос! Сўнг Путин Байден билан конференция ўтказишга чақирди. Аммо Америка буни рад қилиб, унга навбатдаги ҳақоратни йўллади. Россия ташқи ишлар вазирлиги чиқарган баёнотда қўйидаги сўзлар келган: («Афсуски, Владимир Путиннинг 19 ёки 22 март кунлари АҚШ президенти Жо Байден билан видеоконференция ўтказиш таклифига АҚШ томони жавоб қилмади. Россия шу орқали очиқ суҳбат ўтказиб, икки томонлама муносабатларда тўпланиб қолган муаммоларни ҳамда стратегик барқарорлик билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилмоқчи эди». Россиялик дипломатлар яна шуни таъкидлашдики, Вашингтоннинг айби сабабли Россия-АҚШ муносабатларида юзага келган боши берк кўчадан чиқиш йўлини топишда Америка томони имкониятни қўлдан бой берди. ТАСС, 2021 йил 22 март).

  • Шу сабабли Америка Россияга тааллуқли ўзи кўрсатиб берган сиёсатдан Туркиянинг воз кечишини истамоқда. Маълумки, Америка Сурияда Россиядан фойдаланиш учун Туркияни Россияга эргашишга, тўғрироғи, Россияга босим ўтказиш учун унинг ёнида туришга буюрган эди. АҚШ давлат котиби Блинкен 2021 йил 23 март куни туркиялик ҳамкасби Човушўғли билан Анқарада ўтказган учрашувидан сўнг («Анқара билан бўлган келишмовчиликларга қарамай, Америка ва НАТО Туркияни айни алянс таркибида ушлаб туришдан катта манфаатдор. Зеро, Туркия узоқ муддатли ва қимматли иттифоқчимиздир», деди. Рейтер, 2021 йил 23 март). НАТО котиби Йенс Столтенберг эса, НАТОга аъзо давлатларга кўрсатган хизматлари ва Европани ҳимоя қилгани учун Туркияни мақтаб, бундай деди: («Сурия ва Ироқ билан чегарадош бўлган Туркия Европа Иттифоқи таркибига кирмаган бўлса-да, бироқ у ўзининг жанубий шарқий чегараларида НАТОни ҳимоя қилиш борасида жуда муҳим роль ўйнайди». Анадўлу, 2021 йил 6 март). Бундай мақтовдан сўнг Эрдоган хурсанд бўлиб, Твиттердаги саҳифасида «Туркия НАТОнинг иттифоқчиси сифатида, барча мажбуриятларини бажаришда ҳамда глобал тинчлик ва хавфсизликка хизмат қилишда давом этажак», деб айтди. Зеро, Туркия Россиянинг ракеталарга қарши мудофаа тизими С-400 тизимидан воз кечиш учун босим қилаётган Америкага ижобий жавоб қайтаришга ҳозиру нозир. Ваҳоланки, Америка ишнинг бошида Туркияга айни тизимни сотиб олишига рухсат берган эди. Чунки у пайтда Американинг Асад режимини сақлаб қолиш режасига хизмат қилиши учун Россияни Сурияда қолишга қизиқтириш керак эди. Аммо энди Америкага Россиянинг Суриядаги хизмати керак бўлмай қолди. Шунинг учун Трамп давридаги Туркияга босим қилиш сиёсати давом этадиган кўринади. Байден бошчилигидаги АҚШ маъмурияти 2021 йил 5 январда «Туркиядан С-400 тизимидан воз кечишни истаётгани»ни маълум қилди. АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жон Кирби «Бу борадаги позициямиз ўзгаргани йўқ», дея Туркияни бундай тизимдан воз кечишга чақирди. Туркия эса, худди Греция каби фойдаланмасдан омборда сақлаб турмоқчилигини билдириб, ён беришни намойиш қилди. Бу ҳақда Туркия мудофаа вазири Хулуси Акар бундай деди: «Туркия Россиядан сотиб олган С-400 тизимидан фойдаланмасликка тайёр. Чунки бу масалада АҚШ билан юзага келган зиддиятларни камайтиришни ҳамда маълум бир келишувга эришишни истаймиз»… У яна бундай деди: «Грециянинг Крит оролидаги С-300 тизими бўйича ўтказилганидек, бу борада ҳам худди шундай музокаралар ўтказишга тайёрмиз». Туркияда чиқадиган Ҳуррият газетаси, 2021 йил 9 феврал). Маълумки, Кипр айни ракеталарни 1999 йил Россиядан сотиб олган пайтда Туркия қарши чиққан эди. Шунда Греция билан бу ракеталарни Крит оролидаги омборда сақлашга келишув имзоланган. Бу тизим Грециянинг мулкига ўтган бўлса-да, ўшандан бери улардан фойдаланмай келади, фақат 2013 йил машқларда фойдаланди, холос.
  • Кўриниб турибдики, Америка худди Хитойга қарши режалаштиргани каби, Россияга қарши сиёсий, иқтисодий, медиа ва психологик ҳужумни режалаштирган. АҚШ давлат котиби Блинкен Сенатда қилган нутқида («Россия масаласи кун тартибимизнинг энг муҳим масаласи бўлиб турибди», деб айтди. У яна бундай қўшимча қилди: «Биз бир қанча муаммолар ҳақида суҳбатлашдик. Россиянинг бир қатор фронтларда туғдираётган муаммолари ҳам долзарб муаммолардан биридир». Анадўлу, 2021 йил 20 январ). Оқ уй матбуот котибаси Женнифер Псаки бундай деди: («Россиянинг 2020 йилги АҚШ сайловларига аралашмоқчи бўлгани тўғрисидаги узоқ йиллик айбловларни ўз ичига олган АҚШ разведкаси ҳисоботи ўз тасдиқини топгач, Россия ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб беради»… Сўнг Псаки «Байден маъмуриятининг Россияга нисбатан муносабати собиқ Республикачи президент Трампникидан фарқ қилади», деди. У яна «Руслар ўзларининг хатти-ҳаракатлари учун албатта жавоб берадилар», дея қўшимча қилди. Рейтер, 2021 йил 17 март). Бу Россияга қарши психологик уруш бўлиб, Америка бундан бир қатор масалаларда Россияни шантаж қилишни, айниқса, ундан Хитойга қарши фойдаланишни кўзлаяпти. Худди АҚШга ҳамда унинг малайларига қарши қўзғолон қилган Суриянинг мусулмон аҳлига қарши фойдалангани каби. Шу боис, Оқ уй матбуот котибаси Карин Жан-Пьер бундай деди: («АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Путин билан муносиб вақтда учрашади. У асло чекинмай, Россия билан бўладиган муносабатларда очиқ ва равшан позиция эгаллайди». Рейтер, 2021 йил 19 март). Бу шуни англатадики, Америка музокаралар вақтида ўзини куч марказидалигини кўрсатиш учун ҳужумкор тактикани қўллайди. Бошқаларнинг заиф позицияда туриб музокара олиб боришларини, ўзининг манфаатларини амалга ошириш учун уларнинг зиммасига хоҳлаган нарсасини ёки улар қодир бўлган нарсани юклашни истайди. Бундай услубларни Трамп ҳам қўллади. Аммо у қўполлик, таҳдид ва зўравонлик йўли билан қўллади. Бироқ айни пайтда, АҚШнинг истак ва талабларини бошқа томонларга зўрлаб тиқиштириш учун дипломатик алоқалар ҳам олиб борди, масалан, Шимоли Корея ва Хитой билан бўлгани каби. Айни пайтда Байден ўзининг маъмурияти заиф эмас кучли эканига доир ичкаридаги позициясини кучайтиришни хоҳлаяпти.
  • Америка сиёсатларидан яна бири шуки, АҚШ Россия ва Хитой ўртасидаги яқинликни бузишга ҳаракат қилмоқда… Шунинг учун Россияга яқинлашиб, уни Хитойга қарши гижгижламоқда. Ҳозир ҳам мана шу сиёсат бўйича кетаётгани, аммо Россияни хорлаб-таҳқирлагандан кейин давом эттирмоқчилиги кўриниб турибди. Шу боис, Америка Россияга қарши ҳужум сиёсатини қўллаб, шу орқали унга босим ўтказмоқда ва уни Хитойга қарши биргаликда ҳаракат қилишга мажбур қилмоқда. Маълумки, Россия Америкадан ўзига яқин тутишини, халқаро ишларни бошқаришда шерик қилишини умид қиляпти. Аммо Америка шу билангина рози бўлмайди, балки ўз сиёсатига Россиянинг бўйсунишини, Хитойга қарши Россиядан фойдаланишни, худди Сурияда фойдалангани каби бошқа масалаларда ҳам уни ишга солишни истайди. Америка Россия билан уни дунё ишлари ёки бирор минтақа ишлари бўлишиладиган катта бир давлат дея ҳисоблаб муомала қилгиси келмаяпти. Шунинг учун Сурия масаласида Россияни ўзининг сиёсати доирасидан чиқмайдиган Туркия даражасига тушириб қўйди. Америка ҳамон ғурурланиб, кеккайиб, такаббурланиш оғушида юрибди. Ваҳоланки, унинг халқаро рейтинги пастлаб кетганлиги, ичдан емирилиб, жарликка қулаш босқичида турганлиги маълум.
  • Россия Америкага қарши позициясини мустаҳкамлаш учун ўзини Хитой билан кучайтириб олишга ҳаракат қилмоқда. Американинг Хитойга қарши ундан фойдаланмоқчи бўлаётганини Россия англаётган бўлиши керак. Шу боис, ҳалигача унинг тузоғига илингани йўқ. Дарҳақиқат, Россия ташқи ишлар вазирлиги чиқарган баёнотда бундай дейилади: («Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг 2021 йил 23 март куни хитойлик ҳамкасби Ван И билан учрашмоқчилиги, алоқаларни энг юқори даражада ташкил этиш борасида ҳамда икки давлат ўртасидаги стратегик келишув тўғрисида музокаралар олиб бормоқчилиги таъкидланди. Бу икки давлат кўплаб халқаро муаммоларни ҳал этишда яқин ёки бир хил позицияни эгаллаб келади. Ҳар икки давлат ҳам ташқи сиёсий ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштиришга қарор қилишди». Новости, 2021 йил 22 март). Лавровнинг Хитой сафари чоғида Россия ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган баёнотда «Россия ва Хитой яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик шартномасини яна беш йилга узайтиргани» билдирилди. Хитой ташқи ишлар вазири эса, бундай деди: («Сўнгги йигирма йил давомида ушбу икки томонлама шартнома Россия-Хитой муносабатларининг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асосни яратиб, ўзаро муносабатларни ривожлантиришга ҳисса қўшиб келди». Новости, 2021 йил 23 март). Бироқ, бу нарса уларнинг ўртасида бир иттифоқ тузиш ҳамда Америкага қарши курашда халқаро муштарак ҳаракатларни амалга ошириш даражасига етиб бормади. Йигирма йилдан бери давом этиб келаётган бу эски шартнома АҚШга қарши амалий муштарак ҳаракатни келтириб чиқармади. Чунки ҳар иккала давлат ҳам ўзини ўзи ҳимоя қилишга ҳамда АҚШ билан тил топишиб, унга яқин бўлишга ҳаракат қилиб келди. Россия Хитойга суяниб қоладиган даражада яқинлашишни истамаётгани кўриниб турибди. Чунки бу нарса АҚШ ёнидаги иккинчи йирик давлатга айланишга ҳаракат қилаётгани учун унинг халқаро мартабасини йўққа чиқаради. Зеро, Россия АҚШга қарши курашишни эмас, балки унга шерик бўлишни хоҳлайди. Чунки у Америка билан муносабатларини кескинлаштиришни, Американинг Украина, Қрим, Ўрта Осиё ва Кавказ…да унга муаммолар туғдиришини истамайди.
  • Америка ўз иттифоқчиларини яна атрофига йиғиб, Россия ва Хитойга очиқдан-очиқ қарши турибди. Бир вақтнинг ўзида, иттифоқчилари устидан қайта ҳукмронлик ўрнатишни ҳам истамоқда. Бунга мисол, АҚШ давлат котиби Блинкен НАТО қароргоҳига қилган зиёрати чоғида НАТО бош котиби Столтенберг билан учрашганидан сўнг бундай деди: («Мен Қўшма Штатларнинг қатъий қўллаб-қувватловини билдириш учун келдим. Қўшма Штатлар шериклик алоқаларини қайта тиклашни истайди. Биз биринчи навбатда НАТОдаги шерикларимиз билан бўлган иттифоқни қайта тиклашни истаймиз». У яна бундай деди: «НАТО дунёнинг турли бурчакларидаги таҳдидларга қарши бурилиш нуқтасида турибди. Америка ҳануз Афғонистондаги имкониятларини кўриб чиқмоқда ва бу борада алянсдаги иттифоқчилари билан маслаҳатлашмоқчи». Франс 24, 2021 йил 23 март). Америка битта тош билан икки қушни урмоқчи бўляпти. Ҳам НАТОдаги иттифоқчилари устидан ўз ҳукмронлигини қайта ўрнатмоқчи, ҳам Европа билан биргаликда Россия ва Хитойга қарши курашмоқчи. Мана, Россия газини Европа ва Германияга Болтиқ денгизи остидан элтиб берувчи «Шимолий оқим-2»дан воз кечиши учун Германияга босим ўтказмоқда. Ўтган йилнинг охирида, 2020 йил декабрда Америка айни лойиҳада иштирок этувчи компанияларга қарши санкциялар киритиб, ғоят мутакаббирлик билан улардан қувур ётқизишни тўхтатишни талаб қилди. Айни лойиҳани молиялаштирган Германия фондига жарима солишни истамоқда. Бунга Германия вазирлар маҳкамаси бундай жавоб қилди: («Германия ва Европа компанияларига қарши бир томонлама санкциялар қўйилаётган экан, Германия ҳукумати фондга ҳам санкция қўйилишини инкор эта олмайди. Берлин «Шимолий оқим-2» газ қувурига қарши АҚШ томонидан санкциялар қўлланишига норозилик билдириб, буни Европа суверенитетини бузиш, деб ҳисоблайди». Спутник, 2021 йил 1 март). АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Эдвард Прайс бундай баёнот берди: («Брюсселда бўлиб ўтган НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашуви чоғида АҚШ давлат котиби Блинкен германиялик ҳамкасби Хайко Маас билан учрашди. Блинкен Россиянинг жамоавий хавфсизликка путур етказиш ҳаракатларига қарши туриш учун Қўшма Штатлар ўзининг иттифоқчи ва шериклари билан биргаликда ҳаракат қилиш мажбуриятига содиқ эканини, шунингдек, «Шимолий оқим-2»га қаршилигини алоҳида урғулади». DPA, 2021 йил 24 март). Америка Трамп даврида қўллаган ва Байден даврида ҳам қўллашни давом эттираётган сиёсат мана шу. Зеро, у Россияга иқтисодий жиҳатдан зарба беришни ҳамда унинг Европа билан бўлган алоқаларини таранглаштиришни истамоқда. Германияни АҚШнинг паст сифатли газини қиммат нархда сотиб олишга мажбурламоқчи бўляпти!
  • Хуллас калом, булар дунёда ўзини энг катта деб ҳисоблайдиган давлатлардир. Улар ўзларининг туғёнлари билан бутун оламни қамраб олиб, юрт ва фуқароларга турли хил макр-ҳийлаларини ишлатишмоқда. Ушбу каломни айтган қудрати чексиз Аллоҳ нақадар ҳақдир:

أَفَأَمِنَ الَّذِينَ مَكَرُوا السَّيِّئَاتِ أَنْ يَخْسِفَ اللَّهُ بِهِمُ الْأَرْضَ أَوْ يَأْتِيَهُمُ الْعَذَابُ مِنْ حَيْثُ لَا يَشْعُرُونَ * أَوْ يَأْخُذَهُمْ فِي تَقَلُّبِهِمْ فَمَا هُمْ بِمُعْجِزِينَ

«Энг ёмон макру ҳийлаларни қилган кимсалар ўзларини ер ютишидан ёки (уларга) сезмаган-кутмаган тарафларидан (Аллоҳнинг) азоби келиб қолишидан хотиржам бўлдиларми?!» [Наҳл 45]

17 шаъбон 1442ҳ

30 март 2021м

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here