ДХХ: 2020 йилда 4 та террорчилик актининг олди олинди

238
0

ДХХ: 2020 йилда 4 та террорчилик актининг олди олинди

 Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати 5 апрель — ДХХ куни муносабати билан эълон қилган расмий баёнотида 2020 йилда амалга оширилган қатор тадбирлар тўғрисида маълумот берди.

 Расман билдирилишича, 2020 йилда ДХХ томонидан 4 та террор актининг олди олинган. “Улардан 2 таси Ўзбекистонда ва 2 таси МДҲ мамлакатларида содир этилиши режалаштирилган эди”,дейилади баёнотда.

 Маълум қилинишича, экстремистик ва террористик ташкилотларнинг 67 та яширин гуруҳлари фаолиятига чек қўйилди.

 “Экстремизм ва терроризмга алоқадорликда айбланиб, хорижда яшириниб юрган 98 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатимизга олиб келинди ҳамда жавобгарликка тортилди”,дейилади билдирувда.

 Изоҳ: Каримов бошқаруви даврида кенг ҳуқуқ ва имконият берилган, ҳар бир нарсада “миллий хавфсизликка тажоввуз кўра олган” МХХ 27 йил мобайнида турли айблов ва бўҳтонлар билан ўн минглаб мусулмонларни қамоққа ташлади, минглаб мусулмонлар тергов ҳибсхоналарида ёки қамоқхоналарда ғойириинсоний қийноқлар ортида вафот этди. Ҳукумат йўлга юришни истамаган, буни ўз эътиқодига зид деб билган уламолар жисмонан йўқ қилинди, мамлакатдан қочиб чиқиб кетганлари ортидан эса ёлланма қотиллар жўнатилди, айрим уламолар улар қўлида ҳалок бўлган бўлса, айримлари тирик қолган бўлсада майиб бўлиб қолди.

 Каримовдан кейин ҳокимият тепасига келган Мирзиёев МХХни “ҳатто столбани ҳам олиб бориб қамарди” деб, уни “ислоҳ қилиб” ДХХ қилиб қайта номлаган бўлсада бу тизимнинг ишлаш услуби ҳамон ўзгаргани йўқ. Тизим хали ҳам ўзини Ўзбекистоннинг асл хўжайинидек тутади. Ўзбекистонда президент алмашди, бироқ, режим ўзгармади. Ҳозирга қадар режим қамоқхоналарида  минглаб мусулмонлар ноҳақ ушлаб турилипти, ҳозир ҳам турли тўқима айб ва бўҳтонлар билан мусулмонлар қамоққа олинмоқда ва узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилмоқда. Ҳозир ҳам ўзбек куч органлари оддий халқ устидан кўнгилларига келган ишни қилиб келишмоқда. Ҳозиргача айбсиз мусулмонлар “айбига иқрор бўлмагани” ёки “жиноятни бўйинига олмагани” сабабли куч органлари томонидан уриб ўлдирилмоқда.       

 Куни кеча, ижтимоий тармоқларда 31-март куни Фарғона вилояти Қува туманида тиббий ниқоб тақмасдан кўчада юргани учун 20 ёшли Аҳрор Анваровнинг ўз маҳалласида ички ишлар ходимлари билан тортишиб қолиб, ИИБ биносига олиб кириб кетилгани ва у ердан йигитнинг ўлиги чиққани ҳақида хабар тарқалди. ИИБ тарқатган расмий баёнотда бу йигит ИИБдан чиқиб кетганидан сўнг теккис йўлда қоқилиб йиқилиши натижасида вафот этгани айтилди. 20 ёшли йигитда касалликларнинг бутун бошли “гулдастаси” борлиги билдирилди.

 Орадан бир кун ўтиб, интернетда жорий йилнинг 1 апрел куни 41 ёшли А.Б. Юнусобод тумани ИИО ФМБ 3-сонли ИИБга келтирилганидан сўнг олган тан жароҳатлари туфайли вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Одатдагидек, Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, 1 апрел куни соат 21:00ларда муқаддам тўрт маротаба судланган А.Б. ва яна икки нафар фуқаро, муқаддам судланганлар, 1979 йилда туғилган Д.Л. ва 1970 йилда туғилган А.Л. билан сўров олиб боришлик учун Юнусобод тумани 3-сонли ИИБга келтирилган. Ўртача ҳисобда 45 дақиқа давом этган сўровдан сўнг учала шахс қўйиб юборилган. 2 апрел куни эрталаб соат 4:00-4:30ларда 30-уйнинг олдида А.Б.нинг мурдаси топилган. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган ва бу шахс ҳам турли хил касалликлар борлиги аниқланган…

 ДХХ куни муносабати билан эълон қилинган расмий баёнот эса халқни қўрқувда ушлаб туриш ва куч органлари, хусусан, ДХХни Ўзбекистондаги ҳар соҳага, ҳатто инсонлар шахсий ҳаётигача бўлган аралашувини оқлаш учун берилган ҳисоботдан бошқа нарса эмас. Ўзбекистонда токи тузум алмашиб, мусулмон аҳоли эътиқод қилувчи Ислом ҳукмларини ҳаётга келмас экан куч органлари томоиндан мусулмонлар ҳаёти, даҳлсизлиги, шарафи ва номусилари оёқости қилиниши давом этаверади.

 Абдураҳмон Одилов 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here