Ўзбекистоннинг ташқи қарзи бир йилда 37,4 фоизга ошиб, 33,8 млрд. долларга етди

251
0

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи бир йилда 37,4 фоизга ошиб, 33,8 млрд. долларга етди

 Марказий банкнинг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи ўтган йилга нисбатан 37,4 фоизга ёки 9,2 млрд. долларга ошган ва жорий йил бошида 33,8 млрд. долларни ташкил қилди.

 “2020 йилда давлат ташқи қарзининг соф ўсиши, курслар ва нархлар ўзгаришини инобатга олганда, 5,5 млрд. долларни ташкил қилди. Бу ўсиш асосан янги қарздорликларнинг жалб қилиниши ва давлат қимматли қоғозларининг чиқарилиши билан изоҳланади. Хусусий қарздорлик 3,7 млрд. долларга ошиб, асосан банклар ҳиссасига тўғри келади”, — дейилади банк билдирувида.

 Америкада жойлашган S&P Global Ratings халқаро рейтинг компанияси ўтган йил ёзида Ўзбекистоннинг фискал ва ташқи қарзлари кутилганидан юқори даражада ортиб бораётганини маълум қилган эди. Компания Ўзбекистоннинг кредит рейтинги кутилмасини “барқарор”дан “салбий”га ўзгартирган эди.

 S&P Global Ratings буни Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирус пандемиясига боғлиқ сарф-харажатлар важи асосида ташқи ва фискал қарзларни кўпайтириб юборгани ва қарз олиш суръати, камида, келгуси 12 ой мобайнида ортиб бориши билан изоҳлаганди.

 Изоҳ: Ўзбекистон Марказий банки март ойи бошида эълон қилган маълумотга кўра, жорий йил 1 март ҳолати бўйича, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 1,1 млрд долларга камайиб, 33,2 млрд долларни ташкил қилган. Таққослаш учун, 2021 йил 1 январ ҳолати бўйича республиканинг расмий захира активлари 34,9 млрд долларни, 1 феврал ҳолати бўйича эса 34,3 млрд долларни ташкил этган. Шунингдек, ўтган йилнинг 9 ойи мобайнида ўзбек ҳукумати 5 млрд 800 миллион долларлик олтин сотган. Июл, август, сентябр ойларида Ўзбекистон олтин сотиш бўйича дунёда биринчи давлат бўлган. Сотилган шунча олтинларнинг пули қаёққа кетяпти?

 Бундан ташқари, KITKO аналитик маркази 2020 йилда олтин қазиб олиш бўйича етакчи ўнта кон рўйхатини тузди. Рўйхатга кўра, биринчи поғонани Ўзбекистоннинг Навоий вилоятидаги “Мурунтов” кони эгаллаган. Марказ маълумотларига кўра, ўтган йили “Мурунтов”да тахминан 56,7 тонна олтин қазиб олинган. Шу билан бирга, коннинг ресурс базаси 4 минг тоннадан зиёдни ташкил этади. Бу шундан далолат берадики, яқин келажакда 1969 йилдан бери фаолият юритаётган ўзбек кони дунёдаги энг йирик олтин кони сифатида ўз мавқеини сақлаб қолади.

 Демак, ўзбек ҳукумати бир томондан шунча олтин сотган бўлса, бошқа томондан қарз олиб, қарз ботқоғига ботиб бормоқда. Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 60 миллиард долларни ташкил этади. Бу Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ЯИМнинг 50 фоизидан ошиб кетганини билдиради. Ўзбек расмийлари ва баъзи тахлилчилар Ўзбекистон қарзи хавотирли даражага етмаганини, олинаётган қарзлар мақсадли ишлатилаётганини ва ўзини оқлашини иддао қилишаётган бўлсада, Ўзбекистонда чуқур илдиз отган коррупция ва таниш-билишчилик, сердаромад соҳалар етакчи гуруҳ вакиллари томонидан монополия қилиб олингани уларнинг оптимистик баҳоларини шубҳа остида қолдиради. Масалан, Ўзбекистонда сўнгги икки йилда 1 минг 986 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 2 триллион сўмдан ошган. Шунингдек, Ўзбекистонда 2020 йилда манзилли дастурларни амалга ошириш учун ажратилган 10 триллион сўмнинг 845 миллиард сўми талон-торож қилинган.

 Коррупция, монополия, судхўрлик – капитализм тузуми табиатидаги иллатдир. Токи бу бузуқ тузум татбиқ қилинар экан бир ховуч амалдорлар халқ ҳисобидан тўкис-сочин яшаб, эгаллаб турган лавозимидан фойдаланиб бола-чақаларига етадиган бойлик тўплаш пайида бўлишади. Чунки улар омонат ва масъулият нима эканлигини билишмайди. Амалдорлар халқ ҳисобидан яшаётганлари камлик қилганидек яна ўзларини халқ устидан хўжайин деб ҳисоблашади. Шунча бойлик устида яшаётган оддий халқ эса рўзғор тебратиш, бир бурда ҳалол нон топиш илинжида чет ўлкаларда сарсон-саргардон юришга, энг қора ишларни бажаришга мажбур бўлишади. Бу ҳам етмаганидек, яна давлат орқа олдига қарамай олаётган қарзларнинг фоизлари билан тўлашларига тўғри келади… Бу ботил тузумни улоқтириб ташлаш вақти келмадими?

 Абдураҳмон Одилов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here